Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззах вилоят судлари: сарҳисоб ва истиқбол
02 май 2023 г 610 Комментарии: 0
Жиззахда вилоят судлари тизимида жорий йилнинг 1-чорагида одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бағишлаб матбуот анжумани ўтказилди.
Вилоят суди биносида ташкил этилган анжуманда марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этиб, тадбирни Жиззах вилояти суди раиси Ўткиржон Жумаев бошқариб борди. Анжуманда дастлаб вилоят маъмурий суди раиси Сарварбек Раҳмоновнинг ахбороти тингланди.
2023 йилнинг 1-чораги давомида туманлараро маъмурий суди иш юритувига келиб тушган оммавий ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ ишлардан 152 та (ўтган 2022 йилнинг шу даврида 131 та) ариза бўйича ишлар кўриб чиқилган. Тамомланган ишлардан 79 таси (75 та) ёки 51,9 фоизи қаноатлантирилган, 58 таси (49 та) ёки 38,1 фоизи рад этилган, 8 та (4 та) иш ёки 5,3 фоизи тугатилган, 7 та (3 та) ёки 4,7 фоиз иш кўрмасдан қолдирилганлиги таъкидланди.
– Туманлараро маъмурий суди иш юритувига келиб тушган аризаларнинг 83 таси вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг хатти-ҳаракатлари ва қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан тақдим қилинган бўлса, 23 таси бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ҳудудий бўлимларининг, 19 таси кадастр агентлиги ҳудудий бўлимлари, 13 таси солиқ хизмати идоралари, 8 таси мажбурий ижро бюроси ходимларининг ва 6 таси бошқа давлат ташкилоти мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари ва қарорлари юзасидан тақдим қилинган, – деди вилоят маъмурий суди раиси Сарварбек Раҳмонов. – Йўл қўйилган камчиликлар юзасидан 75 та хусусий ажримлар киритилган бўлиб, шундан 68 та ёки 91фоиз ажримларнинг жавоблари олиниб, хусусий ажримларнинг 7 таси ҳисобот даврининг охирида чиқарилган.
Шунингдек, вилоят маъмурий суди раисининг ахборотида туманлараро маъмурий суди томонидан кўрилган ишлар муҳокама қилинди. 2023 йил 1-чорагида Жиззах вилоят маъмурий суди апелляция инстанцияси томонидан жами 31 та апелляция шикояти юзасидан 27 та суд қарори ўзгаришсиз қолдирилган, 1 та суд қарори бекор қилинган, 3 таси иш юритишдан тугатилган. Шунингдек, Олий суднинг кассация инстанциясида жами 5 та иш кўрилиб, уларнинг 2 таси бекор қилиниб, 3 таси ўзгаришсиз қолдирилган.
Матбуот анжумани давомида вилоят суди раисининг ўринбосарлари Акром Шукуров, Жамол Қаҳҳоров, Раҳматилла Орзиқуловларнинг маърузалари тингланди.
Жиззах вилоят судлари томонидан 2023 йилнинг биринчи чорагида одил судловни амалга ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ягона суд амалиётини шакллантириш борасида муайян ишлар амалга оширилганлиги таъкидлаб ўтилди.
Жиноят судлари томонидан 2023 йилнинг 1-чораги давомида 625 шахсга нисбатан 490 та жиноят ишлари кўриб тамомланган бўлиб, шундан 521 шахсга нисбатан 393 та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган, 103 шахсга нисбатан 96 та иш тугатилган. Жиноят ишларининг кўрилиши ўтган йилга нисбатан 12 тага ёки 2,4 фоизга кўпайган.
Жазо тайинлаб ҳукм чиқарилган ишлардан 42 шахсга нисбатан жарима, 1 шахсга нисбатан мажбурий жамоат иши, 179 шахсга нисбатан ахлоқ тузатиш ишлари, 140 шахсга нисбатан озодликни чеклаш, 133 шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш ва 1 нафар шахсга нисбатан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган. Тугатилган ишлардан 3 шахсга нисбатан 3 та жиноят иши шахсни жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги сабабли, 97 шахсга нисбатан 90 та жиноят иши тарафлар ярашганлиги муносабати билан, 3 шахсга нисбатан 3 та иш судланувчилар вафот этганлиги сабабли тугатилган.
– Вилоят фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан жорий йилнинг 1-чораги давомида 4 минг 562 та иш кўриб чиқилган бўлиб, уларнинг 3 минг 656 тасини фуқаролик ишлари, 2 тасини ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорига доир ишлар ҳамда 904 тасини материал тартибидаги ишлар ташкил этади, – деди вилоят суди раисининг ўринбосарлари Акром Шукуров. – Фуқаролик ишларини кўриб якунлаш бўйича 3 минг 278 та ҳал қилувчи қарори ва 378 та, бу афсуски ўтган йилнингг шу даврига нисбатан 25 тага кўп ажрим чиқарилганини англатади.
2023 йилнинг 1-чорагида апелляция шикоят(протест)лари асосида 151 та фуқаролик ишлари кўриб чиқилган. Бу ишларнинг 125 таси ёки 82,8 фоизи ҳал қилув қарорларига нисбатан ҳамда 26 таси ёки 17,2 фоизи ажримларга нисбатан берилган шикоятлар асосида кўрилган. Апелляция тартибида кўрилган ишларнинг 127 таси ўзгаришсиз қолдирилиб, 10 таси ўзгартирилган ва 3 таси шикоятидан воз кечганлиги сабабли иш юритиш тугатилган, фуқаролик ишлар бўйича судларининг 11 та, яъни 4 та ҳал қилувчи ва 7 та ажрим суд қарорлари ёки жами кўрилган ишларнинг 0,3 фоизи бекор қилинган.
Жиззах вилояти суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати, туманлараро ва туман иқтисодий судлари томонидан 2023 йилнинг 1-чораги мобайнида судларга 4 минг 957 та ариза ва даъво аризалар келиб тушган. Шундан ҳисобот даврининг охирига қадар 4 минг 280 таси ёки 86,34 фоизи кўриб чиқилган. Кўрилган ишлар сони ўтган йилдагига нисбатан 1 минг 949 тага ёки 83,6 фоизга кўпайган.
Ҳисобот даври давомида кўрилган 4 минг 280 та ишнинг асосий қисми жумладан, 1 минг 317 таси коммунал хизмат кўрсатиш шартномаси, 205 таси кредит шартномаси, 114 таси бошқа шартномалардан келиб чиққан низолар, 117 таси тўловга қобилиятсиз деб топишга оид даъво аризаси асосида кўрилган ишларни ташкил этади.
2022 йилнинг биринчи чораги мобайнида кўрилган ишларга нисбатан маҳсулот етказиб бериш шартномасидан келиб чиқадиган низолар 184 тага ёки 3 бараварга камайган бўлса, коммунал хизмат кўрсатиш шартномаси 1 минг 106 тага ёки 6 бараварга кўпайган.
Жиззах вилояти суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати, туманлараро ва туман иқтисодий судларида кўрилган иқтисодий ишлар бўйича ҳар иш кунида ўртача ҳисобда 100 тадан процессуал суд ҳужжатлари чиқарилган. Ҳал этилган ишлар бўйича даъвогарлар фойдасига 422 миллиард 781 миллион сўмдан ортиқ пул маблағлари ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинган.
Судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш, жамиятда қонун ва инсон ҳуқуқларига ҳурмат муносабатини шакллантириш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш, низолар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида судлар фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор этиш, жамоатчиликнинг қизиқишини уйғотган ва долзарб суд жараёнларини кенг ёритишга алоҳида эътибор қаратилаётганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган матбуот анжумани сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилар томонидан аниқ ва батафсил жавоблар олди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!