Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззах вилоятида ўтказилаётган Халқаро конференцияда лалмикор деҳқончиликни ривожлантириш масалалари диққат марказида
22 май 2023 г 475 Комментарии: 0
Жорий йилнинг 19 май куни Жиззах вилоятида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институтининг 110 йиллигига бағишланган “Лалмикор деҳқончиликнинг аҳамияти, илмий асослари ва уни ривожлантиришнинг инновацион агротехнологиялари” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази (ISCAD) ва Қурғоқчил минтақаларда қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари халқаро маркази (ICARDA) билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар вакиллари, Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги инновация ва хизматлар миллий маркази AKIS мутахассислари, агрокластерлари раҳбарлари, олимлар, тадқиқотчилар, маҳаллий ва хорижий таълим муассасалари профессорлари иштирок этдилар.
Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институти илмий фаолиятини 1913 йилда бошлаган. Илмий муассасада дастлаб лалми ерларда, кейинчалик суғориладиган ерларда бошоқли, дуккакли дон ва бошқа экинлар селекция-уруғчилиги ва агротехникаси ўрганилиб, ғаллачилик илмига пойдевор қўйилган.
Институт 110 йиллик фаолияти давомида 20 га яқин қишлоқ хўжалик экинларининг
246 та серҳосил навлари яратилди. Ҳозирги вақтда суғориладиган ва лалмикор майдонлар учун мос бўлган эртапишар, серҳосил, юқори сифатли навларни яратиш, буғдой-шудгор алмашлаб экиш тизими, ресурс-тежовчи агротехнологияларни такомиллаштириш, тупроқ унумдорлигини ошириш, уни шамол ва сув эрозияларидан сақлаш ҳамда 14 турдаги қишлоқ хўжалик экинларининг селекцияси ва уруғчилиги бўйича илмий ва амалий, инновация ишларини давом эттирмоқда.
Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институти “Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури” лойиҳасини амалга оширишда ФАОнинг ҳамкори ҳисобланади. Лойиҳа ФАО томонидан Глобал Экологик Жамғармаси кўмагида Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида биз буғдой кўп етиштириладиган ҳудудларда ердан фойдаланишнинг самарали технологияларини ва экологик ёндашувларини жорий қилишда лалмикор деҳқончиликни ривожлантириш муҳим ўрин тутишини “Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури” лойиҳасининг миллий координатори Азиз Нурбеков ўз маърузасида таъкидлаб ўтди.
Конференцияда Буюк Британия, Испания, Қозоғистон, Миср, Хитой, Эрон ва Эфиопиялик халқаро даражадаги олимлар, шунингдек, маҳаллий мутахассислар лалмикор деҳқончиликни ривожлантириш, буғдой етиштириш ва ресурслардан самарали фойдаланиш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Анжуман якунида иштирокчилар Жиззах вилоятидаги Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институтининг тажриба майдонларида олиб борилаётган ишлар билан танишдилар.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!