Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззах бозорларида сотилаётган қатор ностандарт иситиш печлари савдодан олиб қўйилмоқда
14 ноябрь 2018 г 3 689 Комментарии: 0
Юртимизда куз фаслининг сўнгги ойида ҳароратнинг кескин пасайиши кузатилди. Бу эса жойларда иситиш тармоқларига бўлган эҳтиёжнинг ошишига сабаб бўлди.
Хабарингиз бор мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида ностандарт иситиш тармоқларидан фойдаланилиши натижасида ис газидан заҳарланган фуқароларнинг ўлими билан боғлиқ ходисаларнинг ортиши кузатилмоқда. Бунга аксарият маҳаллаларда табиий газ ва электр энергиясидаги узилишлар ва уйларни иситишда кўмир ва бошқа қўлбола печлардан фойдаланилаётганлиги кўрсатиб ўтилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги "Аҳоли хонадонларида иситиш тизими ва ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш чора-тадбирлари” тўғрисидаги қарорининг 5-бандига асосан қўлбола ясалган ностандарт иситиш мосламаларини ишлаб чиқариш ҳамда уларни бозорлар ва турли савдо шахобчаларида сотилишини олдини олиш бўйича солиқ органлари томонидан қатъий чоралар кўрилмоқда.
Ҳозирда Жиззах вилоят ДСБнинг солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш бўлими мутахассислари иштирокида ишчи гуруҳлар тузилиб, аҳоли ўртасида профилактик тушунтириш ишлари кучайтирилган. Бироқ, олиб борилаётган тадбирларга қарамасдан улар орасида сохта тадбиркорликни ўзига касб қилиб, аҳоли саломатлигига хавф солаётган қўлбола иситиш мосламалари ясаб, сотаётганлар ҳам учрамоқда.
Жорий йилнинг 5 ноябрь куни Жиззах шаҳар ДСИ ходимлари томонидан "Марказий деҳқон бозори” автотураргоҳида фуқаро Зоҳид Жабборов давлат рўйхатидан ўтмасдан ҳеч қандай хужжатларсиз қўлбола иситиш печларини сотаётганлиги аниқланди. Назорат тадбирида унга нисбатан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, талабга жавоб бермайдиган, тахминий баҳоси 398,0 минг сўмлик 4 дона иситиш печи ва 12 дона тунука мўрилар ашёвий далил сифатида олинди.
Шунингдек, 12 ноябрь куни сохта тадбиркорлар Холмат Эгамов ва Анвар Тўраевлар ҳам шундай фаолият билан шуғулланаётганлиги маълум бўлди. Улар Жиззах шаҳридаги "Эски шаҳар деҳқон бозори”да давлат рўйхатидан ўтмасдан ҳеч қандай ҳужжатларсиз қўлбола иситиш мосламаларини сотаётган эканлар. Ўрганишда уларга тегишли тахминий баҳоси 300,0 минг сўмлик 2 дона қўлбола газ печкаси аҳоли саломатлигига хавф туғдириши мумкинлиги боис сотувига чек қўйилди. Назорат тадбирлари вилоятнинг барча туманларида ўтказилган бўлсада, барчасида шу каби қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди.
Фориш туманида 2018 йил 6 ноябрь куни фуқаро Шаҳбоз Сулаймонов ҳеч қандай ҳужжатсиз, қўлбола ностандарт иситиш мосламаларини бозор ҳудудида сотиш билан шуғулланаётгани аниқланиб, белгиланган тартибда далолатнома расмийлаштирилди. Унга тегишли 150,0 минг сўмлик қўлбола печи савдодан олиб қўйилди.
Шунингдек, Ғаллаорол туманида фуқаро Хусанова Мунира Абдурашидовна ҳам давлат рўйхатидан ўтмасдан шундай фаолият билан шуғулланаётганлиги аниқланди. Натижада, қоидабузарга белгиланган тартибда чора кўрилди. Унга тегишли қўлбола иситиш печи далилий ашё сифатида савдодан олиб қўйилди.
Гулчеҳра Урдушева - Жиззах вилоят ДСБ
жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий
ахборот шўъбаси бош инспектори
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!