» » Пенсия бўйича мурожаатлар қайси судларга тааллуқлиги ҳақида

Пенсия бўйича мурожаатлар қайси судларга тааллуқлиги ҳақида

17 ноябрь 2018 г 3 658 Комментарии: 0

2018 йил 1 апрелдан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси амалга киритилиши муносабати билан пенсия таъминотидан келиб чиқадиган ишларнинг қайси судларга тааллуқли эканлиги масаласида бирмунча муаммолар келиб чиқди.

Хусусан, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармалари туман (шаҳар) бўлимлари томонидан фуқароларга пенсия тайинланиши рад этилганида ёки кам миқдорда пенсия тайинланганида қайси судларга мурожаат этиш масаласида тушунмовчиликлар юзага келди.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 27-моддасига кўра, давлат бошқарув органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бошқа органларнинг ва улардаги мансабдор шахсларнинг қонунҳужжатларига мувофиқ келмайдиганҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари,ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш маъмурий судларда кўрилади. Фуқаролик ишлари бўйича судларда эса пенсия таъминоти бўйича пенсия жамғармалари билан фуқаро ўртасида низо бўлмаган тақдирда ишлаганлик фактини белгилаш ҳақидаги ишлар кўрилади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 81-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунининг 42-моддасига кўра, меҳнат дафтарчаси иш стажини тасдиқлайдиган асосий ҳужжат ҳисобланади. Меҳнат дафтарчаси ёки унда тегишли ёзувлар бўлмаган тақдирда иш стажини тасдиқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Пенсия ва нафақалар тайинлаш комиссиясининг меҳнат дафтарчаларида ёзув бўла туриб, иш стажини инобатга олмаслик ҳақидаги қарори устидан шикоят қилиш Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 27-моддасига асосан маъмурий судларга тегишлидир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сонли Қарори билан тасдиқланган "Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 56-моддасида иш стажи тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлмаган тақдирда, меҳнат фаолияти даврлари суднинг қарори билан белгиланади, дейилган. Шунга кўра, фуқаронинг меҳнат дафтарчаси бўлмаса ёки йўқолган меҳнат дафтарчаси бўйича дубликат олишнинг имкони бўлмаганида, унинг ишлаганлигини тасдиқлайдиган архив ҳужжатлари (ишга қабул қилиш ҳақидаги буйруқ, иш ҳақини тайинлаш ҳақидаги китоблар, иш ҳақлари тўғрисида маълумотнома ва бошқалар), шунингдек, гувоҳлар кўрсатувлари орқали ишлаганлик факти фуқаролик ишлари бўйича судларда белгиланади.

2018 йил 1 апрелдан ишлаганлик фактини белгилаш ҳақидаги ишларни судларда кўриш бирмунча кўпайди. Фуқаролик ишлари бўйича Зарбдор туманлараро судида жорий йилнинг 9 ойи давомида 53 та шу тоифадаги ишлар кўрилган. Кўрилган ишларнинг 48 таси бўйича аризалар қаноатлантирилган. 3 таси бўйича аризачилар судга келмаганлиги учун аризалар кўрилмасдан қолдирилган. 2 та ариза маъмурий судларга тегишли бўлганлиги учун тугатилган. Судларда юзага келаётган муаммоларнинг энг асосийси фуқароларнинг пенсия таъминоти масаласида қайси судга мурожаат қилишни яхши билмаслигидир.

Фуқаролар шуни яхши билишлари лозимки, фуқаро билан давлат бошқарув органи бўлган пенсия жамғармаси ўртасида низо бўлганида, бу масала маъмурий судларга, пенсия жамғармасининг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги)дан келиб чиқмайдиган низосиз масалалар фуқаролик судларига тааллуқлидир. Фуқаролар фуқаролик ишлари бўйича судларга меҳнат дафтарчаси бўлмаган ва меҳнат дафтарчасини тиклаш имконияти бўлмаганҳоллардагина ишлаганлик фактини белгилаш ҳақида ариза беришга ҳақли эканликларини билишлари шарт.

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 295-моддасидаги юридик фактларни белгилашга қўйилган талаблар шуни тақозо қилади.

Эркин УМУРЗАҚОВ,

Фуқаролик ишлари бўйича

Зарбдор туманлараро судининг раиси.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!