» » Базальт маҳсулотларини ишлаб чиқариш – “яшил” иқтисодиётни ривожлантиришда истиқболли йўналиш

Базальт маҳсулотларини ишлаб чиқариш – “яшил” иқтисодиётни ривожлантиришда истиқболли йўналиш

13 сентябрь 2023 г 410 Комментарии: 0

Базальт қурилиш соҳасида кенг ишлатиладиган маҳсулотлардан биридир. У асосан бино ва иншоотларда иссиқликни тутиб туришда қўлланилади.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, базальт ўтга чидамли бўлиб, у +1114 ° С гача бўлган ҳароратга дош бера олади. Айниқса, ушбу маҳсулот катта шаҳарлар ва мегаполисларни барпо этишда янада қўл келади. Сабаби, у  овоз ўтказмаслик хусусияти билан ғоят қимматлидир.

Хўш, бугунги кунда мамлакатимизда ушбу экологик базальтдан фойдаланиш имкониятлари қай даражада? Ушбу саволга жавоб олиш мақсадида Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти  бош илмий ходими Мирҳамид Тўраевга юзландик.

– “Тош юнги” деб ҳам аталадиган базальт қурилиш соҳасида иссиқлик изоляцияси сифатида деворлар, томлар, шифтларда қўлланилади. Эътиборлиси, ушбу маҳсулот биологик ва кимёвий таъсирларга бардошли, сув ва намланишга ўта чидамли бўлиб, унинг яроқлилик муддати 40-50 йилдир.

Энди саволингизга келсак,  бизнинг илмий муассаса олимлари ҳеч бир соҳани эътибордан четда қолдирмайди, аксинча, барча тизим таҳлил манбаимиз ҳисобланади. Шу талаблар асосида МҲТИ мутахассислари Ўзбекистонда экологик базальтдан фойдаланиш имкониятларини ҳам ўрганган.

Таъкидлаш керакки, “яшил” иқтисодиётнинг ривожланиши билан энергия тежовчи технологиялар, маҳсулотлар ва материалларга бўлган эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда.

Жаҳон тажрибасига кўра, уй-жой сектори етказиб бериладиган иссиқлик энергиясининг 40 фоизгача қисмини истеъмол қилади. 1960-1990 йиллар оралиғида қурилган биноларда иситиш учун фойдаланиладиган иссиқлик энергиясининг 30 фоизгача қисми йўқолади.

“Экоқурилиш”да бино ва иншоотлар термоизоляциясида экологик материаллардан фойдаланишга асосланган инновацион “яшил” технологиялар кенг жорий этилмоқда.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган ва базальтдан тайёрланган энергия тежамкор ва ўтга чидамли “яшил” толали материаллар, тўқималар, арматура ва бошқа маҳсулотлар ушбу инновацион тенденцияга мос келади. Ўз навбатида, базальт экологик тоза ва иссиқликка бардошли, ўзидан заҳарли моддаларни чиқармайди, ташқи салбий таъсирларга чидамлидир.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги 10 та конда базальт жинсларининг аниқланган захираси 44 миллион тоннани ташкил этади. Унинг 52 фоизи Жиззах вилоятида жойлашган. Шунингдек, Наманган, Навоий, Самарқанд вилоятларида ҳам базальт конлари мавжуд.

Мамлакатимиздаги 6 та корхонада базальтдан 60 минг тоннадан ортиқ экологик маҳсулот, жумладан, боғловчи полимерлар билан тўйинтирилган базальт иплардан диаметри 4 мм.дан 32 мм.гача бўлган қурилиш арматуралари ишлаб чиқарилмоқда.

Юртимизда 31 мингта кўп қаватли уйларни ёнмайдиган экологик базальт плиталар билан қоплаб чиқишга қаратилган дастур амалга оширилмоқда. “Яшил” реновацияда базальт изоляциясидан фойдаланиш энергия йўқолиши ва иссиқхона газлари эмиссиясини сезиларли даражада камайтиради.

Хулоса шуки, базальт хомашёсига ички бозор ва жаҳон бозорида талаб жуда ҳам юқори. Бунда  хомашё қазиб олиш ва материал ишлаб чиқаришнинг экологик тозалиги ҳисобга олинса, базальт асосидаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришнинг ҳажми ва турини кенгайтириш “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш учун истиқболли йўналишлардан биридир.  

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!