Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Ғаллаорол туманида истеъдодли рассом Ботир Зокиржоновнинг асарлари намойиш этилди
22 ноябрь 2018 г 2 610 Комментарии: 0
Ғаллаорол туманидаги 44-умумтаълим мактабида Ўзбекистон Бадиий академияси ижодкор ёшлар уюшмасининг аъзоси, истеъдодли рассом Ботир Зокиржоновнинг кўчма кўргазмаси бўлди.
Вилоят халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан уюштирилган кўргазмада ижодкорнинг "Зомин манзаралари”, "Сангзор”, "Бир кунлик умр”, "Олтин куз” серияларида яратилган 50 дан ортиқ асарлари намойиш этилди.
Тадбирда ўқитувчи ва ўқувчилар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. Кўргазмани Ғаллаорол тумани халқ таълими бўлимининг маънавият бўйича шуъба мудири Ғулом Қоржовов кириш сўзи билан очди. Сўз олган меҳнат фахрийси Эргаш Ўринов кўргазмани ташкил этишдан кўзланган мақсад ҳамда рассом Ботир Зокиржоновнинг ижодий фаолияти тўғрисида гапирди.
1991 йилда Жиззах санъат билим юртининг тасвирий санъат бўлимини битирган Ботир Зокиржонов Санкт-Петербург шаҳрида ўзининг билим ва малакасини оширди. Унинг Россия Федерацияси рассомлар уюшмасининг аъзоси Демон Пак билан бўлган ижодий мулоқотлари, буюк рассом устахонасида олган сабоқлари тасвирий санъатнинг сир-синоатларини чуқур эгаллашида муҳим аҳамият касб этди. Шу тариқа унинг озод ва обод юрт жамолини мадҳ этувчи асарлари дунёга келди.
Рассомнинг 2012 йилда билан Москва шаҳрида ўтказилган халқаро кўргазмада 35 та сара асарлари намойиш этилди. 2013 йилда Беларусь Республикаси пойтахти Минскда бўлган халқаро кўргазмада Ботир Зокиржонов ўзининг 60 та асари билан иштирок этди.
Табиат шайдоси Б.Зокиржонов доимо изланишда. У айни пайтда Жиззах давлат педагогика институтининг ижодий устахонасида фаолият кўрсатиш билан бирга ёшларга рассомлик санъати сирларини ўргатиб келмоқда. Бугун ўз асарлари билан санъат ихлосмандларини мамнун этаётган Жиззах шаҳридаги 19-умумтаълим мактаби ўқувчиси Севинч Худойназарова, 11-мактаб ўқувчиси Аброр Аҳмаджонов, енгил саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Гулруҳ Ҳошимовалар Ботир Зокиржоновни устоз деб биладилар.
—Кўргазмани томоша қилар эканман, беихтиёр рассомнинг ўзига хос иш услубини, табиатнинг киши билмас ҳилқатларини теран кўз билан сеза олишини ҳис этдим, —дейди 44-умумталим мактабининг ўқитувчиси Нигора Сулаймонова. —Рассомнинг "Бир кунлик умр” асари менда катта таассурот қолдирди. Ижодкор мазкур асарига чуқур фалсафий ғояни сингдира олган. Унда дунёга келиб атиги бир кун ҳаёт кечирадиган капалакнинг қисқа умри давомида табиат гўзалликларидан лаззатланишини, уни келгуси авлодга етказиш ва ўзидан насл қолдиришга улгуришини моҳирлик билан тасвирлаган.
Бугун Ботир Зокиржонов қайноқ ижод устида. У мўйқалами билан она заминнинг такрорланмас лаҳзаларини ранго-ранг бўёқларда тасвирлаш ишқи билан яшамоқда.
Бекпўлат ТОҒАЕВ
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!