» » Шижоатли аёл, аҳил оила бекаси

Шижоатли аёл, аҳил оила бекаси

13 октябрь 2023 г 311 Комментарии: 0

15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни

Аёл – оқила, гўзаллик тимсоли, оила фариштаси. Бу каби сифатларни яна кўплаб келтириш мумкин. Улар қаторига жасоратли, ишбилармон, тадбиркор деган сифатларни ҳам бемалол қўшсак бўлади. Кейинги йилларда ўзбек аёлига бу каби сифатларни кўп қўлламоқдамиз. Чунки юртимизда ҳар соҳада аёлларнинг фаоллиги сезилмоқда.    

                         

Ана шундай шижоатли аёллардан бири Жиззах вилоятининг олис, чекка ҳудуди Фориш туманидаги Янги қишлоқда истиқомат қилади. Туманда Зарифа Абдуғаниевани кўпчилик яхши танийди. У бир неча йилдирки, “Юксак қоялар” корхонасига раҳбарлик қилиб келмоқда.

2020 йилда Фориш тумани ҳокимининг қарори билан ижара шартномаси асосида илгари яйлов бўлган 400 гектар майдонни ўзлаштириб, полиз ва сабзавот экинлари экди. Турмуш ўртоғи маслаҳати билан артизан қудуқ қазиб, сув чиқарди. Мунтазам помидор, ловия, лавлаги, қалампир каби сабзавот, қовун, тарвуз, ошқовоқ сингари полиз экинларидан мўл ҳосил олмоқда. Корхона ва унга қарашли қишлоқ хўжалиги ерларида 10 га яқин доимий, 60 та мавсумий иш ўрни яратди.  

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 24 апрелдаги “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий  ҳимоя  қилиш  ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони тадбиркорга қанот бағишлади. “Агробанк” Фориш туман филиалидан 400 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, 350 миллион сўм атрофида даромадли бўлди.

Туманда чорвачилик учун шароит етарли. Шуларни инобатга олган тадбиркор чорвачиликни ҳам йўлга қўйишни режа қилган. Ҳар ишда билим ва тажриба керак, албатта. Буни яхши тушунган Зарифа Абдуғаниева тинимсиз изланишда.  

–Бугунги кун тадбиркори керакли билимга эга бўлмаса, қийинчилик, муаммога дуч келганда ечим тополмаслиги аниқ. Шуларни ўйлаб, ишлаб чиқаришдан узилмаган ҳолда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг 2-курс сиртқи бўлимида таҳсил оляпман, – дейди Зарифа. –Турмуш ўртоғим билан бамаслаҳат катта режалар тузганмиз. Бошлаган кенг қамровли ишларимиз ривожини яратгандан астойдил сўраб, меҳнат қилмоқдамиз. Аввало, юртимиз фаровонлиги, қолаверса оиламиз учун қилаётган заҳматларимиз мевасини кўриш ниятидамиз. Оилада якдиллик бўлса, топганингда барака бўлади.  

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!