» » Жиззах далаларига пресс-тур

Жиззах далаларига пресс-тур

17 октябрь 2023 г 303 Комментарии: 0

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда Жиззах вилояти пахта далаларига пресс-тур ташкил этди. Қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишиш мақсадида ўтказилган тадбирда республика марказий нашрлари ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.

                           

Жиззах вилояти бўйича 77 минг 900 гектар майдонда чигит экилиб, шартномавий режа бўйича жами 310 минг тонналик хирмон уйиш, шундан 291 минг тонна пахтани машиналар ёрдамида йиғиб олишни мақсад қилган пахта етиштирувчи 7 та туманнинг барчасида мавсум якунига етмоқда. Деҳқонлар ҳосилнинг асосий қисмини “Кейс”, “Жондер” ҳамда “МХА-1.8” русумли янги замонавий пахта териш машиналарида териб олиш мақсадида 300 дан ортиқ терим агрегатидан унумли фойдаланиб, етиштирилган ҳосилни қисқа муддатда йиғиб-териб олиш учун меҳнат қилмоқда. Бугунги кунга келиб, вилоят деҳқонлари мавсум бошидан буён режага нисбатан 94 фоиздан зиёд қимматбаҳо хомашёни йиғиб-териб олишди.

– Умумий майдонимиз 120 гектарни ташкил этиб, шундан 80 гектар майдонда ғалла, 40 гектар ерда пахта хомашёси етиштирдик, – дейди Дўстлик туманидаги “Абди ота” фермер хўжалиги раҳбари Ботир Абдиев. – Жорий мавсумда 350 тонна ғалла етиштириб, шартномавий режага кўра, 233 тоннасини давлатга сотдик. Ҳозир пахта териш машиналари далаларда унум билан меҳнат қилмоқда. Режадаги 160 тонна пахта ҳосилини 100 фоиз машиналар ёрдамида териб оламиз.

Пресс-тур иштирокчилари Пахтакор туманидаги “Silverleaf” масъулияти чекланган жамият шаклидаги кластерда ҳам бўлди. Пахтакор тумани деҳқонлари жорий мавсумда 50 минг 738 тонна қимматбаҳо пахта хомашёси етиштиришни режалаштирган. Шундан 44 минг тонна пахта машиналар ёрдамида териб олиниши кўзда тутилган. Туманда шу кунгача 47 минг 653 тонна ёки режага нисбатан салкам 94 фоиз пахта ҳосили йиғиб олинди. “Silverleaf” МЧЖ кластери тасарруфидаги 2 минг гектар майдонда пахта етиштираётир.

– Бу ерда пахта етиштиришдан асосий кўзлаган мақсадимиз қишлоқ хўжалигига янги, замонавий, инновацион технологияларни олиб кириш, ҳосилни энг унумдор техникаларда етиштириб, йиғиб олиш, меҳнат ва сув сарфини иқтисод қилиш, АҚШ тажрибасини ўргатиш ҳамда Ўзбекистон тажрибасини ўрганиб, ўзимизда жорий этишдан иборатдир, – дейди “Silverleaf” МЧЖ агро-директори, жаноб Дэвид Уокер. – Компаниямиз иш бошлаган 2018 йилда пахта ҳосилдорлиги 20-25 центнерни ташкил этиб, чигит экиш мавсуми узоқ давом этар, ғўзани суғоришда жуда кўп миқдорда сув сарфланар, ҳосилнинг 80-85 фоизи катта сарф-харажатлар эвазига ва узоқ муддатда қўлда йиғиб олинар эди. Чигитни 12 қаторли “Жондер” пневматик сеялкаларида экдик. “Пулсар” тизимида кичик ҳажмдаги қувурларни ер остига кўмган ҳолда суғоришни амалга оширяпмиз. Бу тизимда 40 фоиз сув тежалади. Пахта ҳосилини 6 қаторли унумдор “Жондер” комбайнларида териб оляпмиз. Ушбу терим машинаси бир кунда 150 тоннагача пахта териш имконига эга. Бу бир кунда 1 теримчи 100 килограмм пахта терса, 1 ярим минг кишининг 1 кунлик терган пахтаси деганидир.

Жиззах вилоятидаги пресс-тур иштирокчиларининг Пахтакор туманидаги навбатдаги манзили “Pahtakоr Tex” МЧЖга қарашли ип калава ва мато ишлаб чиқариш корхонасига бўлди. – “Pahtakоr Tex” МЧЖ кластери асосан Зарбдор ва қисман Пахтакор тумани фермерлари билан шартнома асосида 2017 йилдан буён иш юритиб келмоқда, – дейди “Pahtakоr Tex” МЧЖ бош директори Илҳом Абдураҳмонов. – Ушбу ип йигирув корхонамиз Пахтакор туманидаги собиқ РМЗ биносини тубдан қайта реконструкция қилиб, 1-лойиҳа тўлиқ ишга туширилди. Корхонада асосан ижтимоий дафтарларда турувчи 600 нафар фуқаро даромадли иш ўринлари билан таъминланди ва улардан 500 нафардан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади. Машинада терилган пахтанинг сифати қўлда терилган қимматбаҳо хомашёдан асло қолишмаслиги корхона мутахассислари томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилди. Айни пайтда яна 6 гектар майдон ажратилиб, лойиҳалаш ишлари якунланди ва бу ерда қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланди. Ушбу 2-лойиҳа тўла қувват билан ишга туширилса, йиллик экспорт қуввати ҳажми 50 миллион еврони ташкил этади.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!