Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Фориш туманида «Ҳаж» ва «Умра» сафарига бориш бўйича йиғилиш ўтказилди
28 ноябрь 2018 г 2 301 Комментарии: 0
Фориш туман ҳокимлиги кичик мажлислар залида «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида низомга киритилган ўзгаришларни аҳолига етказишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Эштемир Исматов кун тартибидаги масала юзасидан фикр юритди.
– Низом ҳаж сафарига номзодларни танлашда адолат тамойилларига қатъий амал қилиш, жамоатчилик фикрини эътиборга олган ҳолда саралаш тартибни янада такомиллаштиришда дастуриламал бўлмоқда, – деди нотиқ.
«Ҳаж» ва «Умра» тадбирларига борадиган фуқароларнинг квоталари туманларга – ҳайъатлар томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига – ташкилий гуруҳлар томонидан рўйхатда турган фуқароларнинг умумий сонидан келиб чиқиб, онлайн навбат тизимига мувофиқ, муносиб равишда тақсимланади.
Ҳаж сафрига бориш истагида бўлган фуқаро ўзи яшаб турган жойдаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбари номига ариза ва шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхасини тақдим этади. Фуқаролар йиғини раиси томонидан номзодларнинг рўйхати доимий равишда шакллантирилиб борилади. Рўйхатга қўшилганлар «Ҳаж» тадбирига борадиган зиёратчи сифатида навбатга қўйилиши учун ҳар ойнинг 5-санасига қадар ишчи гуруҳ томонидан суҳбатдан ўтади.
Ишчи гуруҳ таркиби 7 кишидан иборат бўлиб, улар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан туман бош имом хатиби, маҳаллага бириктирилган имом, маҳалла раиси, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи, профилактика инспектори, хотин-қизлар қўмитаси, «Нуроний» жамғармаси вакилларидан ташкил топади. «Ҳаж» ва «Умра» зиёратига борувчилар қуйидаги қоидаларга амал қилишлари шарт.
- номзод моддий ва жисмоний жиҳатдан «Ҳаж» тадбирига қодир бўлиши;
- ҳаж амалларини тўғри ва тўла-тўкис адо этиши учун етарли диний билимга эга бўлиши;
- маънавияти, маърифати ва одоб-ахлоқи билан маҳаллада обрў-эътиборга эга бўлиши;
- оиласидаги муҳитнинг соғломлиги ва фарзандларининг ижобий тавсифланиши, маҳалла фуқаролар йиғинидаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашда ибрат бўла олгани;
- йўлдан адашганларни соғлом турмуш тарзига қайтариш, уларнинг ижтимоий мослашувига ёрдам бериши, маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказиладиган хайрия тадбирларида иштирок этиши;
- «Ҳаж»га бормоқчи бўлган фуқаро илгари ҳаж зиёратига бормаган бўлиши;
- «Умра» тадбирига бормоқчи бўлган фуқаро сўнгги икки йил мобайнида «Умра» сафарига ёки сўнгги беш йил мобайнида ҳаж зиёратига бормаган бўлиши;
- «Ҳаж ва «Умра» тадбирларига бормоқчи бўлган шахслар вояга етган бўлиши;
- 45 ёшгача бўлган аёллар учун маҳрамлари (эри, отаси, ўғли, акаси, укаси кабилар)нинг бирга бориши ҳамда маҳрам эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси тақдим этилган бўлиши лозимлиги таъкидлаб ўтилди.
Йиғилишда туман бош имом хатиби Рустам Нишонов, Ўзбекистон халқ демократик партияси туман кенгаши раиси Норинсо Ирисова ва бошқалар ҳам сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Йиғилиш иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан мурожаат этишиб тегишли жавоб олдилар.
Рашид КАРИМОВ.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!