» » Ўзбекистондаги ривожланиш жараёнлари Жаҳон банки вакиллари иштирокида муҳокама қилинди

Ўзбекистондаги ривожланиш жараёнлари Жаҳон банки вакиллари иштирокида муҳокама қилинди

08 ноябрь 2023 г 270 Комментарии: 0

Жорий йилнинг 7 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатида Жаҳон банки вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозим, ўтган йили ушбу нуфузли халқаро молия ташкилоти директорлар кенгаши мамлакатимиз билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини тасдиқлаган эди.

Бугунги кунда Жаҳон банки томонидан мамлакатимизда камбағалликка қарши курашиш, тадбиркорлик лойиҳаларини ривожлантириш ва молиялаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш, қишлоқ инфратузилмаси ва ўрта шаҳарларни модернизация қилиш, хотин-қизлар бандлиги ва ёшларнинг касбий таълими, соғлиқни сақлаш стратегиясини амалга ошириш бўйича кенг кўламли лойиҳалар йўлга қўйилган.

Хусусан, банкнинг 2,7 млн АҚШ доллари миқдорида грант маблағлари ҳисобидан аёлларнинг иқтисодий имкониятларини қўллаб-қувватлаш, бу борада Фарғона вилоятининг Фурқат, Учкўприк, Ёзёвон, Қўштепа ва Жиззах вилоятининг Янгиобод, Бахмал, Фориш, Зомин туманларида “Аёллар дафтари”га киритилган чекка қишлоқларда яшаётган 3 500 нафар хотин-қизни тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, 350 нафарининг бизнес-режаларини молиялаштириш чораларини кўриш режалаштирилган.

Учрашув давомида Жаҳон банки томонидан инсон капиталини ривожлантириш, гендер тенгликни таъминлаш борасида ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар муҳокама қилинди.

Мулоқотга мазкур лойиҳаларга дахлдор вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда Жаҳон банки мутахассислари ҳам жалб этилди.

Ушбу нуфузли молия ташкилоти вакиллари томонидан мамлакатимизда қатор тадқиқотлар олиб борилди ва Ўзбекистонда гендер баҳолаш натижалари бўйича хулоса тайёрланди. Унда 4 йўналиш, яъни гендер меъёрлари ва ижтимоий кутилмалар, инсон капитали, иқтисодий имкониятлар ҳамда аёлларнинг овози ва эркинлигини ошириш бўйича ҳаракатлар борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар ўрин олган.

Жаҳон банки вакилларининг билдиришича, баҳолаш хулосалари 2018-2022 йиллар ва қисман 2023 йилда мамлакатда амалга оширилган ишлар, тадқиқотлар, кузатувлар ҳамда статистик маълумотларни ўрганиш натижалари асосида тайёрланган.

Муҳокамалар жараёнида вазирлик ва идоралар вакиллари Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, гендер тенгликни таъминлаш борасида қилинган ишларга тўхталиб ўтдилар.

Ўз навбатида, Жаҳон банки вакиллари Ўзбекистонда кейинги йилларда мазкур йўналишда катта ислоҳотлар амалга оширилганини, уларнинг натижаларини хулосада акс эттириш муҳимлигини таъкидлаб ўтдилар.

Учрашув якунида билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда якуний ҳужжатни такомиллаштиришга келишиб олинди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!