» » Жиззахда FLTAL-2023 халқаро онлайн-анжумани ўтказилди

Жиззахда FLTAL-2023 халқаро онлайн-анжумани ўтказилди

04 декабрь 2023 г 289 Комментарии: 0

Ўзбекистонда тил ўрганишни кучайтириш мақсадида ташкил этилган конференцияда АҚШ, Буюк Британия сингари 20 та давлатдан 100 дан ортиқ иштирокчи қатнашди. 
29-30 ноябр кунлари Жиззах давлат педагогика университетида FLTAL-2023 13-халқаро онлайн-анжумани бўлиб ўтди. Унда 20 та давлатдан 100 дан ортиқ иштирокчи қатнашди.
Халқаро анжуман Silk Road Research Academy, Жиззах давлат педагогика университети, Бухоро давлат университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Урганч давлат университети, Қатар университети, Тараз инновацион гуманитар университети (Қозоғистон), Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, Назарбаев университети (Қозоғистон), Лидс университети (Англия), Йорк университети (Англия), Люксембург университети (Люксембург), Халқаро олий трейнинг университети (АҚШ), Лондон Кингз Колледж (Англия), Оклэнд университети (Янги Зеландия), Пекин халқаро тадқиқотлар университети (Хитой), ва «1 Decembrie 1918» Алба Иулия университети (Руминия) билан ҳамкорликда ташкиллаштирилди.
«Хорижий тилларни ўқитиш ва амалий тилшунослик» – FLTAL (Foreign Language Teaching and Applied Linguistics) анжумани бутун дунёдаги барча даражаларда тил ва тилшуносликни ўқитишга қизиққан тадқиқотчилар, амалиётчилар ва ўқитувчиларни бирлаштиришга мўлжаллангандир.
FLTAL-2023 конференцияси мавзуси «21-аср амалиётида ESL/EFLни рағбатлантириш ва мураббийлик қилиш» назарий ва амалиёт ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш ва тадқиқот натижаларини амалиётда қўллаш бўйича турли нуқтаи назарларни ўрганиш учун тадқиқот жамоаларини жалб қилиш учун мўлжалланганди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, FLTAL уюшмаси Ўзбекистонда чет тиллар ўқитиш соҳасида жаҳон педагогик инновациялари ва энг сўнгги илмий-методик тадқиқотларни тақдим этиб келмоқда.
Анжуманда Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия, Хитой, Буюк Британия, Люксембург, Ливан, АҚШ, Янги Зеландия, Эрон, Руминия, Италия, Канада, Саудия Арабистони, Қатар, Жанубий Корея, Словения каби мамлакат вакиллари иштирок этишди.
Тилшунослик профессори Азамат Акбаров ташаббуси билан 2011 йили асос солинган FLTAL узоқ йиллар давомида ҳақиқий брендга айланди, илмий доираларда кенг танилди. Чунки у оз эмас, кўп эмас, филолог олимлар, тилшунослар, тил ўқитувчиларининг ўзига хос олимпия ўйинлари каби ўтади.
2011-2016 йиллардаги FLTAL Европада, 2017 йилдаги анжуман Назарбаев Университети (Қозоғистон), 2018 йил КИМЭП Университети (Қозоғистон), 2019 йили М. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида, 2020 йили юбилей 10-FLTAL Самарқандда «Ипак Йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университетида, 2021 йили Бухоро давлат университетида, 2022 йили Урганч давлат университетида бўлиб ўтганди. Ушбу лойиҳага Профессор Азамат Акбаров асос солган бўлиб, барча 13 та FLTAL анжуманига раислик қилиб келган. Ушбу йиллар давомида конференциянинг асосий спикерлари сифатида жаҳоннинг энг машҳур тилшунослари қатнашишган. Жумладан, 2013 йили дунёга машҳур тилшунос Ноам Чомский иштирок этган.
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!