» » Фориш туманида «Эзгу ният» жамоат фонди бир инсон ҳаётини сақлаб қолди

Фориш туманида «Эзгу ният» жамоат фонди бир инсон ҳаётини сақлаб қолди

06 декабрь 2018 г 2 946 Комментарии: 0

Инсон дунёга келар экан бахтли, тахтли яшашга интилади.

Фориш тумани Боломон қишлоғида яшовчи Содиқ Бобомуродов ҳам дунёга келар экан ана шу эзгу ниятни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Вояга етиб қишлоқдаги 51-умумтаълим мактабида шу қишлоқ қизи Марҳабо Бобомуродова билан аъло баҳоларга таҳсил олди.

Улар устозлари сингари ўқитувчи бўлиш, ҳамқишлоқлари ўғил-қизларига таълим-тарбия беришни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйишди. Ниятлари холис экан, давлат имтиҳонларидан муваффақиятли ўтишиб, Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтида таҳсил олишди.

Тақдир уларни бирлаштирган экан, оила қуриб, 4 нафар ўғил-қизларга ота-она бўлиш бахти насиб этди. Содиқ Бобомуродов ўттиз йил, Марҳабо Бобомуродова йигирма олти йил севган касбларида ишлаб, тинч ва бахтли ҳаёт кечириб, 51-мактабда ҳамқишлоқлари ўғил-қизларига таълим-тарбия бераётганди…

Халқимизда «Қувонч ва ташвиш ёнма-ён юради», деган гап бор. Тақдир экан Содиқ Бобомуродов буйрак касаллигига чалиниб қолди. Шифокорлар эса касалланган буйракни алмаштириш лозимлигини айтганда Марҳабо эсанкираб қолди.

Боиси, уни алмаштириш учун аввало донор топиш, қолаверса Тошкентдаги илмий марказларда буйракни алмаштириш катта маблағ талаб этади. Содиқ қанча даволанмасин, самарасиз кетаверди.

Турмуш ўртоғининг кундан-кун сўлиб бораётган ранг-рўйини, фарзандларининг отасига мўлтираб, кўз ёши билан тикилишларини кўриб Марҳабо баттар эзиларди. Турмуш ўртоғининг дардига яратгандан даво сўраб, нажот изларди.

Охири у туман ҳокими Абдивали Мустанов қабулига келиб, ўз дардини тўкиб солди. Туман ҳокими уни мулойимлик билан кутиб олиб, дардини эшитди. Кўнглини кўтариб, тушкунликка тушмаслигини, албатта ёрдам беришини тайинлади.

Орадан кўп ўтмай Содиқ Бобомуродов «Эзгу ният» жамоат фонди ҳомийлигида академик Воҳидов номидаги республика жарроҳлик марказига ётқизилиб, буйрак алмаштириш учун операцияга тайёрланди. Эндиги навбат унга ўз буйрагини берадиган донор топиш керак эди.

Бу борада унга катта қизи, «Эгизбулоқ» маҳалласига турмушга узатилган Хушноза Файзуллаева кўмак бериб, отасига соғлом буйрагини бирини беришини айтди.

Шу тариқа Содиқ Бобомуродовга қизи Хушноза Файзуллаеванинг бир буйраги қўйилиб, операция муваффақиятли ўтди. Керакли дори-дармонлар, операция ва унинг соғлом бўлиб оёққа туриши учун «Эзгу ният» жамоат фонди ҳисобидан 40 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди. У соғ-саломат оиласи бағрига қайтди.

Содиқ Бобомуродов хонадонида бўлиб, оила аъзоларининг юзидаги қувонч, шодликка гувоҳ бўлиб, бировлар дардига шерик бўлиш, уни енгиллатишга кўмаклашиш одамларга қанчалик бахт олиб келишига амин бўдик.

– Мен оила аъзоларим номидан бизга яқиндан ёрдам берган, бизнинг дардимизни ўзининг дарди деб қабул қилган туман ҳокими Абдивали Мустановга, «Эзгу ният» жамоат фонди раиси Байрамбек Узоқовга самимий миннатдорчилик билдираман. Улар ҳеч қачон дард кўрмасин. Фарзандлари, набиралари бахтини кўриб юришсин. Турмуш ўртоғим бугун соғ-саломат оиламиз бағрида. Фарзандларим қувончи чексиз, – дейди турмуш ўртоғи Марҳабо Бобомуродова. – Оилада 4 нафар фарзанд улғайтирдик. Катта қизим Хушноза «Эгизбулоқ» маҳалласига, яна бир қизим Гулшан «Қизилқум» маҳалласига турмушга чиқишган. Ўғилларим Асил ва Алиплар 51-умумтаълим мактабида таҳсил олишади. Бор билим маҳоратимни ишга солиб, фарзандларимни эл корига ярайдиган инсонлар қилиб вояга етказаман.

Содиқ Бобомуродов хонадонидан қайтарканмиз эзгулик, ёрдамга муҳтожларни, бировлар дардига шерик бўлиб мушкулини осон қилиш кўнгилларни нурафшон этиб, ҳар бир инсонга унутилмас қувонч лаҳзаларини ҳадя этишига яна бир бор амин бўлдик.

Рашид КАРИМОВ.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!