» » Конституция билимдони аниқланди

Конституция билимдони аниқланди

06 декабрь 2023 г 291 Комментарии: 0

Баркамол авлод мамлакатимиз келажагининг ҳал қилувчи кучидир. Шу сабабли юртимизда ёшларни ҳар томонлама етук фарзанд этиб тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маълумки, ёшларни ҳуқуқий маданиятини шакллантиришда, энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларни билиш, уларга амал қилиш муҳим аҳамиятга эга.

 Шу мақсадда “Адолат” социал-демократик партияси томонидан анъанавий тарзда ҳар йили партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Конституция билимдони” кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда. Бугун Бош Қомусимиз қабул қилинганлигининг 31 йиллиги муносабати билан партиянинг Жиззах вилоят Кенгаши томонидан ушбу кўрик-танловнинг вилоят босқичи ташкил этилди.
Жиззах давлат педагогика университети қошидаги академик лицейда бўлиб ўтган ушбу танловда партиянинг вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари ходимлари, депутатлар, ҳамкор ташкилотлар, партиянинг “Ёш адолатчилар қаноти” аъзолари, ўқитувчилар, талабалар, ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Танловнинг очилишида сўзга чиққанлар томонидан эътироф этилганидек, бугун жамият ҳаётининг қайси жабҳасига назар солмайлик, истиқболли ўзгаришларнинг гувоҳи бўламиз. Ўзбекистонда дунёни янгича идрок этадиган, ҳақ-ҳуқуқи учун курашадиган, ўз тақдирини халқи ватани тақдири билан уйғун кўрувчи янги авлод шаклланаётгани бунинг ёрқин мисолидир.
Вилоятимизнинг барча туманларида ғолибликни қўлга киритиб, кўрик-танловнинг вилоят босқичида иштирок этган қатнашчилар 3 та шарт бўйича ўзаро беллашишди.
Тадбир қатнашчилари белгиланган шартлар асосида пухта тайёргарлик кўришганлигини, мамлакатимиздаги иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар ҳақида ўз тушунчасига эга эканлигини уларнинг тайёрлаган фотоальбом, иншо ва шеърий намуналаридан иборат кўргазмаларидан ҳам кўриш мумкин. Ёшлик шижоати жўшиб турган ўғил-қизлар ҳар бир шарт бўйича ўзларининг ҳуқуқий ҳамда сиёсий жиҳатидан билимли экани билан ҳакамларнинг, устоз мураббийлар ва тенгдошларининг олқишларига сазовор бўлишди.
Танловда ҳакамлар ҳайъати томонидан ҳар бир шарт бўйича иштирокчилар адолат мезонлари асосида баҳолаб борилди. Якуний ҳисоб-китобларга кўра, танловда Мирзачўл туман босқичи ғолиби - Акабаева Гулнора 3-ўринни, Жиззах шаҳар босқичи ғолиби - Нарзуллаева Гавҳар 2-ўринни қўлга киритишди. Дўстлик туман босқичи ғолиби Ниёзов Олим эса фахрли 1-ўринни эгаллаб, танловнинг Республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Ниёзов Олим - танловнинг вилоят босқичи 1-ўрин соҳиби:
- Ушбу кўрик-танловда иштирок этиб, ғолибликка эришганимдан бениҳоя хурсандман. Танловда нафақат билимларимиз мустаҳкамланди, балки турли ҳудудлардаги дўстларимизнинг ҳам сафи кенгайди. Ушбу танловнинг республика босқичида ҳам фахрли ўринларни қўлга киритишга астойдил ҳаракат қиламан. Бизларни эзгу мақсад йўлида бирлаштирган партия раҳбариятига ўз миннатдорлигимни билдираман.
Кўрик-танлов ғолиблари ҳамда иштирокчилари “Адолат” социал-демократик партияси Жиззах вилоят Кенгашининг махсус диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!