» » Кластер – янги усул, янгича ёндашув

Кластер – янги усул, янгича ёндашув

08 декабрь 2018 г 3 272 Комментарии: 0

Жиззах вилоятида қишлоқ хўжалигига хомашё етиштиришдан тортиб тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча жараённи бирлаштирувчи агрокластер усулини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу илғор усул пиллачилик тармоғида дастлабки самараларини кўрсатди.

Ҳозир пиллачилик тармоғида вилоятда иккита – Жиззах шаҳрида “Silk expert processing” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон – Англия қўшма корхонаси ҳамда Зомин туманида “Зомин асл ипак толаси” масъулияти чекланган жамияти кластер усулида фаолият юритмоқда.
Энди пилла етиштириш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулот чиқаришдан то экспортгача бўлган жараён ушбу икки корхона томонидан амалга оширилади. Ҳозиргача бу ишда дастлабки, аммо ишончли қадамлар қўйилди.
Пилла хомашёсини етиштириш ва қайта ишлаш, илмий-тадқиқот йўналишидаги субъектлар ўртасида бозор тамойилларига мос муносабатларни мужассамлаштирган бу корхоналарда йилнинг ўтган даврида 200 га яқин доимий, 2 минг 110 та мавсумий иш ўрни яратилди.
Пиллачилик соҳасидаги корхоналар 2023 йилнинг биринчи январигача ягона солиқ ва ягона ижтимоий тўловлардан озод қилиниши ҳамда кредитлар билан қўллаб-қувватланиши пиллачилик озуқа базасини яратиш, хомашё етиштиришни кўпайтириш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этиш имкониятини кенгайтирди. Бу ислоҳотлар жараёнида пилла боқиш билан шуғулланувчи касаначиларнинг даромад солиғидан озод қилиниши, пилла мавсумидаги иш даври пенсия ҳисоблашда бир йил деб ҳисобланиши тармоқда меҳнат қилувчиларнинг манфаатдорлиги ва қизиқишини оширди.
Жорий йилда вилоятда шартнома режасида кўзда тутилган 550 тонна ўрнига 556,8 тонна пилла хомашёси етиштирилди.
Яратилган имкониятлар, корхоналар қуввати ҳисобга олиниб, пилла етиштиришни босқичма-босқич кўпайтириб бориш дастури ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Жумладан, Арнасой, Мирзачўл, Дўстлик, Пахтакор, Зафаробод, Ш.Рашидов, Ғаллаорол ва Фориш туманларидаги пилла етиштирувчилар билан кластер шартномаси усулида ишлаётган “Silk expert processing” қўшма корхонаси тизимида 2017-2021 йилларда 998 минг тонна барг бериш қувватига эга тут плантациялари барпо этилаётир.
Бахмал, Зомин, Зарбдор ва Янгиобод туманлари пиллакорлари билан шерикчилик қилаётган “Зомин асл ипак толаси” МЧЖ корхонаси 600 тонна пиллани қайта ишлаш қувватига эга. Айни пайтда корхонада мавсумий касаначи-пиллачилардан ташқари 100 нафар киши доимий иш билан таъминланган. Истиқболда пиллачи-касаначилар ҳисобига мавсумий ишчилар сонини 2 мингга етказиш мўлжалланмоқда.
– Ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, бизнес ва илмий-тадқиқот каби қайта ишлаш соҳаларини қамраб олган агрокластер усули пилла қурти маҳсулдорлигини ошириш, бу йўналишда илғор хорижий тажрибалардан фойдаланиш имкониятини яратмоқда, – дейди вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бўлим бошлиғи Абдулла Ихтиёров. – Пиллакорларимиз баҳорги қурт боқиш мавсумида Хитойдан келтирилган 1 минг 100 қути уруғни ўз вақтида жонлантирди. Парвариш агротехник талаблар даражасида ташкил этилди. Тармоқдаги янгича ёндашувлар туфайли вилоятда шартнома режасидан деярли 7 тонна кўп пилла ҳосили етиштирилди.
Ипакчиликнинг кластер усулига ўтказилиши билан боғлиқ яна бир муҳим янгилик – пилладан уч марта ҳосил олиш технологияси ўзлаштирилди. Вилоятда тажриба тариқасида олиб борилган изчил изланишлар натижасида иккинчи ёзги ҳосил учун боқилган 700 қути ипак қуртидан 35 тонна ҳосил етиштирилди.
Тажриба учинчи ёзги-кузги пилладан ҳам яхши ҳосил олиш мумкинлигини кўрсатди. Шунинг учун учинчи мавсумда иш кўламини янада кенгайтириб, 2 минг 55 қути ипак қурти уруғи парваришлаган пиллакорлар 103,2 тонна ҳосил етиштирди.
Қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқлари каби пиллачиликда ҳам бу ишнинг сирини пухта биладиган миришкорлар кўп. Аммо фақат қисқа мавсумда арзимас иш ҳақи ҳисобига қурт боқиш билан шуғулланган пиллакорлар меҳнати кўзга кўринмай, рағбатлантирилмай келаётган эди. Тармоқда амалга оширилган ислоҳотлар, янгича ёндашув, янги иш усули туфайли пиллакорлар халқимиз фаровонлиги йўлида меҳнат қилаётган қишлоқ хўжалиги ходимлари қаторидан муносиб ўрин олди.
Тошқул Бекназаров
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!