» » Агрокластернинг афзаллиги нимада?

Агрокластернинг афзаллиги нимада?

07 ноябрь 2018 г 4 195 Комментарии: 0

Жиззах вилоятида агрокластер усулида ишлаётган “SilverLeaf – BMB agro trade group” Ўзбекистон - АҚШ қўшма корхонасида хорижлик ҳамкорлар иштирокида кўргазмали семинар ташкил этилди.

АҚШнинг “SilverLeaf International” компанияси вакиллари 2018 йил март ойида мамлакатимизга ташрифи чоғида Жиззах вилоятининг инвестицион муҳити, қишлоқ хўжалиги соҳасида маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулот чиқариш ва экспорт имкониятлари билан танишиб, шу йўналишда қўшма корхона ташкил этиш бўйича келишувни имзолаган эди.
15.JPG
Ушбу келишувга мувофиқ, жорий йил май ойида Ўзбекистоннинг “BMB trade group” ва АҚШнинг “SilverLeaf International” компаниялари ҳамкорлигида янги қўшма корхона ташкил этилди. Айни пайтда вилоятнинг Арнасой, Мирзачўл, Дўстлик ва Пахтакор туманларида пахтани илғор технологиялар асосида етиштириш ва хомашёни қайта ишлаб, рақобатбардош тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи яхлит тизимга асосланган “SilverLeaf – BMB agro trade group” қўшма корхонаси фаолият кўрсатаётир.
2.JPG
Ҳозир қўшма корхонада агрокластер усулини жорий этиш бўйича белгиланган тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилаётир. Қўшма корхонага “John Deele” компаниясининг илғор, замонавий техника ва жиҳозлари олиб келинди. Пахта хомашёсини етиштиришдан бошлаб унга дастлабки ишлов бериш, қайта ишлаш ва тайёр тўқимачилик маҳсулоти ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи ўз ичига олган кластер моделини амалга ошириш бўйича белгиланган тадбирлар амалга оширилмоқда.
Пахтакор туманида “SilverLeaf – BMB agro trade group” қўшма корхонасининг хорижлик ва ўзбекистонлик таъсисчилари, мутахассислари, ушбу корхона таркибида кластер усулида ишлашга ўтган фермерлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида кўргазмали амалий семинар ўтказилди.
Семинарда иштирокчилар қўшма корхона таркибида кластер усулини жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди. Янги қўшма корхонада замонавий лойиҳани амалга ошириш учун юқори рентабелли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни йўлга қўйиш, доимий харидор ва даромадга эга бўлиш, ёшларни иш билан таъминлаш, соҳада малакали кадрлар тайёрлаш, мамлакат экспорт салоҳиятини оширишга кўмаклашиш каби вазифаларни бажаришда ривожланган давлатлар тажрибасини қўллаш ҳамда эрта баҳорда уруғ қадашга ҳозирлик кўриш бўйича бажарилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Пахтачиликда янгича усул қўллаб, ҳосилдорликни 20-25 центнердан 50-60 центнерга етказиш учун мавжуд майдонларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сифатли шудгорлаш ва зараркунандалар кўпайишининг олдини олишда амалга ошириладиган ишларга алоҳида аҳамият қаратиш лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, корхонанинг иккиламчи хомашёси – кунжара, шулха, сомон ва бошқа маҳсулотлардан самарали фойдаланиш мўлжаллангани ҳам чорвачиликни йўлга қўйишда муҳим омил бўлади. Бу қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлаш, даромади ва турмуш даражасини ошириш, ички бозорни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашга хизмат қилади.
– Пахтачиликка хориж тажрибаси асосида кластер усулини жорий этиш ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш имконини беради, – дейди “BMB Trade Group” компанияси кузатув кенгаши раиси Б.Маматқулов. – Биз илғор инновацион ғояларни татбиқ этиб, юқори ҳосилдорликка эришмоқчимиз. Бунинг учун хорижлик малакали мутахассислар жалб этилаётир. Маҳаллий мутахассислар малакасини янада ошириш учун уларни хорижга ўқишга юборишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу асосда корхонамиз учун малакали кадрлар тайёрлаб борамиз. Ушбу йирик лойиҳани амалга оширишга вилоят ҳокими ҳам катта қизиқиш билан қараб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганидан мамнунмиз.
Тадбирда иштирокчилар қўшма корхона таркибидаги машина-трактор паркига АҚШнинг “John Deele” компаниясидан келтирилган янги тракторлар ва бошқа техника ҳамда жиҳозлар билан танишди.
Кўргазмали семинарда Жиззах вилояти ҳокими Э.Солиев сўзга чиқди.
Тошқул Бекназаров, ​Жамшид Ёрбеков​ (сурат) ЎзА​​
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!