» » Янги йилда инвестиция сиёсатини амалга ошириш ва “яшил” энергетикани ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

Янги йилда инвестиция сиёсатини амалга ошириш ва “яшил” энергетикани ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

03 январь 2024 г 270 Комментарии: 0

Президент Шавкат Мирзиёев 2 январь куни инвестиция сиёсатини амалга ошириш ҳамда энергетика тизимида қайта тикланувчи энергия қувватлари улушини кўпайтириш бўйича 2023 йилда қилинган ишлар ва 2024 йилга мўлжалланган режалар тақдимоти билан танишди.

Ўтган йил якуни билан жами 22 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар ўзлаштирилгани, бу аввалги йилга нисбатан 1,8 баробар кўплиги таъкидланди.

Амалга оширилган ишлар таҳлил қилинар экан, жорий йилда хорижий инвестициялар ҳажмини янада кўпайтириш зарурлиги қайд этилди. Бунда асосий эътиборни электротехника, машинасозлик, қурилиш материаллари, фармацевтика, тўқимачилик ва чарм тармоқларига қаратиш топширилди.

Йирик инвесторлар билан манзилли ишлаш, инвестицияларни жалб қилишда иқтисодий дипломатияни ва чет элдаги дипломатик ваколатхоналар иштирокини кучайтириш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.

Янги инвестиция лойиҳаларни амалга оширишда ҳудудлардаги махсус зоналардан ҳамда саноат кооперацияси имкониятларидан кенг фойдаланиш орқали қўшилган қиймат занжирини яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Тармоқ ва ҳудудлар раҳбарлари инвестиция масалаларини ҳал этишда саноат тармоқлари билан яқиндан ишлаши, асосий эътиборни ҳудудларда иқтисодиётни диверсификация қилиш, янги иш ўринларни кўпайтиришга қаратиши шартлиги қайд этилди.

Халқаро молия институтлари маблағларидан самарали фойдаланиш ва уларни ўз вақтида ўзлаштириш, ушбу маблағларни устувор равишда ижтимоий, инфратузилма ҳамда сув хўжалиги лойиҳаларига йўналтириш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, жорий йилда грант маблағларини жалб қилишни фаоллаштириб, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш, олий таълим, фан ва инновация соҳаларида хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш вазифалари белгилаб берилди.

Йиғилишда “яшил” энергетикани ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Бугунги кунда юртимизда қуёш, шамол ва гибрид турдаги электр станцияларни давлат-хусусий шериклик асосида барпо этиш бўйича умумий қуввати 6,3 гигаватт бўлган 28 та лойиҳа доирасида иш олиб борилмоқда. Шундан 2023 йилда хорижий инвесторлар билан биргаликда умумий қуввати 2,6 гигаваттлик 7 та лойиҳа доирасида дастлабки қувватлар ишга туширилди.

Хусусан, ўтган йил 27 декабрь куни давлатимиз раҳбари иштирокида ўтган маросимда Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида бешта қуёш фотоэлектр станцияси, Навоий вилоятида шамол электр станцияси қувватлари тармоққа уланди.

Бундан ташқари, айни пайтда Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой, Франция ва Швейцария каби мамлакатларнинг компаниялари билан ҳамкорликда “яшил” станциялар ва энергия сақлаш тизимларини барпо этиш бўйича 12 лойиҳа устида иш олиб борилмоқда.

Бугунги йиғилишда ўтган йилда бошланган лойиҳаларни 2024 йилда тўлиқ якунига етказиш вазифалари, келгуси йилларда “яшил” энергия ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни яратиш режалари муҳокама қилинди.

2024 йилда қуёш электр станцияларининг умумий қувватини 2,6 гигаваттга, шамол электр станциялари қувватини 900 мегаваттга етказиш ва 400 мегаваттлик энергия сақлаш қурилмаларини ишга тушириш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари электр энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида ўзгарувчан ишлаб чиқариш қувватлари қўшилишини инобатга олган ҳолда тармоқларни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш вазифасини қўйди. Бунда мавжуд тармоқларни модернизация қилиш, янги подстанциялар, узатиш тармоқларини қуриш, замонавий автоматлаштирилган ҳимоя тизимларини, рақамлаштирилган бошқарув тизимларини (SCADA/EMS) жорий этиш, захира қувватлари ва энергия сақловчи тизимларнинг тармоқдаги улушини кўпайтириш чора-тадбирларини белгилаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда энергетика тизимига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кўпайтириш масаласига тўхталиб ўтилди.

Энергетика тармоғига инвестиция киритаётган асосий хорижий ҳамкорлар билан манзилли ишлаш ва инвестициявий шерикликни янада кенгайтириш мақсадида Энергетика вазирлигининг бу борадаги фаолиятини такомиллаштириш топширилди.

Халқаро тажриба асосида қишлоқ хўжалиги ерларида маҳсулот етиштирувчилар томонидан ўз эҳтиёжлари учун қуёш панелларини ўрнатиш ва электр энергиясини ишлаб чиқариш – агровольтаика амалиётини жорий этиш имкониятини ўрганиш ва ушбу йўналишни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ таклифлар киритишга кўрсатма берилди.  

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!