Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Жиззах вилоятида ҳам қишлоқ хўжалиги ходимлари куни катта кўтаринкилик билан тантана қилинди. Шу муносабат билан Юнус Ражабий номидаги вилоят мусиқали драма театрида байрам тадбири бўлиб ўтди.Соҳа ходимлари, илмий муассасалар мутахассислари, олимлар, миришкор деҳқонлар, илғор фермерлар, томорқа эгалари таклиф этилган тадбир аввалида вилоят ҳокими Э.Солиев Президентимизнинг мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Жорий йилда соҳада эришилган ютуқларга жиззахлик қишлоқ хўжалиги ходимлари ҳам муносиб ҳиссаларини қўшди. Айниқса, вилоятдаги 12 мингга яқин фермер хўжаликларининг фидокорона меҳнатлари туфайли жорий йилда ғалла, пахта, пилла, мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлиги ўтган йилларга қараганда анча юқори бўлишига эришилди.
Пилла етиштиришда кластер усули жорий этгани боис ушбу тармоқда уч марта ҳосил олишга муваффақ бўлинди. Натижада шартнома режасидан деярли 7 тонна кўп, яъни 556,8 тонна пилла етиштирилди.
104 минг гектар сувли, 77 минг 700 гектар лалми майдонда бошоқли дон етиштирган ғаллакорларнинг ҳам ҳосили баракали бўлди. Мавжуд майдонларнинг ҳар гектаридан ўртача 27,5 центнердан ҳосил олиниб, жами давлатга 260 минг 290 тонна сара дон сотилди. Бу шартнома режасида белгиланганидан салкам 6 минг тонна кўпдир.
Вилоятда пахта ва бошқа техник экинларни ҳудудларнинг тупроқ иқлим шароитига мос, ҳосилдор, эртапишар, касаллик ва зараркунандаларга чидамли, толаси дунё бозори талабларига жавоб берадиган, минтақалаштирилган ва истиқболли янги навларини оқилона жойлаштиришга алоҳида эътибор берилди. 83 минг 127 гектар майдонга ғўзанинг истиқболли навлари экилиб, қайта ишлаш корхоналарига 147 минг 310 тонна пахта етказиб берилди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида ислоҳотларнинг изчил амалга оширилаётгани бошқа тармоқларда ҳам яхши натижаларга эришиш имконини бермоқда. Хусусан, тармоқни ривожлантириш дастурларининг изчил амалга оширилаётгани туфайли жами 541,1 минг тонна сабзавот, 514,1 минг тонна полиз, 128,2 минг тонна мева ва 53,9 минг тонна узум, 114,3 минг тонна картошка етиштирилди. Бу маҳсулотларнинг 91,8 минг тоннаси қайта ишлаш корхоналарига, 46,1 минг тоннаси экспортга, 74,8 минг тоннаси Тошкент шаҳри аҳолиси ва бошқа ярмаркаларга, 15,6 минг тоннаси бюджет ташкилотларига етказиб берилди. 1 минг 86 тонна маҳсулот ички бозорга чиқарилди.
Вилоятда озиқ-овқат хавфсизлиги салоҳиятини ошириш бўйича ҳам тизимли ишлар қилиняпти. Дастурга кўра қиймати 285 миллион сўмлик 5 та лойиҳа амалга оширилиб, 2,3 гектар ерда иссиқхоналар ташкил этилди. Аҳоли хонадонларида қиймати 949 миллион сўмлик 409 та лойиҳа амалга оширилди. Қиймати 14 миллиард 655 миллион сўмлик 9 лойиҳа бўйича сиғими 4 минг 650 тонналик музлатгичли омборхоналар ишга туширилди. Мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослаштирилган қиймати 637 миллион сўмлик 6 лойиҳа ишлаб чиқаришга жорий этилди.
Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни арафасида Президентимиз фармони билан Ватанимизнинг юксак мукофотига сазовор бўлганлар орасида мамлакатимизнинг иқтисодий қудрати ва экспорт салоҳиятини янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган Жиззах вилояти вакиллари ҳам борлиги ана шу фидокорона меҳнатнинг самарасидир.
Тантанали тадбирда мукофотланганларга давлатимизнинг орден ва медаллари топширилди. Шунингдек, бир гуруҳ юртдошларимизга вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
– Эътибор ва ғамхўрлик инсонда меҳнатга рағбат уйғотади, – дейди “Дўстлик” ордени билан мукофотланган “Пахтакор агросервис МТП” масъулияти чекланган жамияти комбайнчиси Маҳмуджон Жонабилов. – Қишлоқ хўжалигига, соҳа ходимларига бўлган эътиборнинг ортгани бугун ўз самарасини бермоқда. Давлатимизнинг менга берилган юксак мукофоти элимиз дастурхонини тўкин қилишга оз бўлса-да ўз улушини қўшаётган барча ҳамкасбларимга кўрсатилган яна бир ҳурмат бўлди. Бу мукофот қалбимни ғурур ва ифтихорга тўлдириб, янада баракали меҳнат қилишга рағбатлантирди.
Шунингдек, байрам тадбирида бир гуруҳ фермер ва томорқа ер эгаларига келгуси йил бунёд этиладиган намунали лойиҳадаги турар жойларга эгалик сертификатлари топширилди.
Санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури байрам иштирокчиларига хуш кайфият бағишлади.
Тадбирнинг иккинчи қисми Жиззах шаҳридаги “Шоҳсарой” тантаналар мажмуасида байрам дастурхони устида давом этди.