» » Ўзбекистон Президенти мудофаа саноати мажмуалари билан танишди

Ўзбекистон Президенти мудофаа саноати мажмуалари билан танишди

12 январь 2024 г 281 Комментарии: 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев 11 январь куни Мудофаа саноати агентлигининг Тошкент вилоятида жойлашган ишлаб чиқариш кластерига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Қуролли Кучларимизни ислоҳ қилиш ва ҳар томонлама модернизация қилиш, уларни замонавий талабларга тўлиқ жавоб берадиган, Янги Ўзбекистоннинг мустақиллиги ва суверенитети, халқимиз хавфсизлиги ва фаровонлигини кафолатли таъминлашга қодир янги армияга айлантириш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Хусусан, кейинги йилларда қўшинларнинг тезкор ва жанговар тайёргарлиги самараси ва сифатини ошириш, ҳарбий хизматчиларнинг малака ва кўникмаларини юксалтириш учун замонавий шароитлар яратиш мақсадида зарур инфратузилмага эга бир қатор ўқув полигонлари барпо этилди ва бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Шу билан бирга, бугунги кунда янги босқичга кўтарилаётган мудофаа саноатини модернизация қилиш ва салоҳиятини оширишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Айнан шу мақсадда ўтган йилнинг январь ойида Президент Мудофаа саноати агентлигини Мудофаа вазирлиги тизимига ўтказиш ва унинг фаолиятини янада ривожлантириш юзасидан топшириқ берган эди.

Агентлик томонидан зарур ҳарбий-техник маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, замонавий ҳарбий техникаларни харид қилиш ва қўшинларга етказиш ҳамда мавжуд қурол-аслаҳа намуналарини модернизация қилиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилди.

Бугунги ташриф давомида Президентимизга Мудофаа саноати агентлигининг ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қилинаётган ишлар ва келгуси режалар тўғрисида батафсил ахборот берилди.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига мувофиқ қисқа муддатда Мудофаа вазирлигининг бир нечта техник бўлинмалари негизида кенг кўламли қурилиш ишлари бажарилди, мавжуд объектлар мукаммал таъмирланди ва реконструкция қилинди. Кластер ҳудудига Мудофаа вазирлигининг техникани таъмирлаш заводи ва Марказий автомобиль техникасини сақлаш базаси кўчирилди.

Янги кластер ҳудудида жойлашган корхоналар ўзаро интеграция қилиниб, уларнинг ягона таъмирлаш цехлари ташкил қилинди. Мазкур корхоналарда қурол-яроғ ва ҳарбий техника, радиолокация қурилмалари, оптик ва электрон-оптик асбоблар, ўқотар ва артиллерия қуроллари модернизация қилинмоқда ҳамда металларга юқори аниқликда ишлов берилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ушбу қувватлар фаолияти билан танишиб, соҳага илғор технологияларни кенг жалб қилиш, янги иш ўринларини яратиш зарурлигини қайд этди, корхоналар фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан кўрсатмалар берди.

Саноат тармоқларига, шу жумладан мудофаа саноатига “яшил” технологияларни кенг жорий қилиш бўйича белгиланган вазифаларга мувофиқ ҳамда электр энергиясини иқтисод қилиш мақсадида кластер ҳудудида қуёш панеллари ўрнатилган. Бу ишлаб чиқариш жараёнларининг электрга бўлган эҳтиёжининг катта қисмини муқобил манбалар ҳисобидан таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарига Мудофаа саноати агентлигининг янги кластеридаги ишлаб чиқариш қувватлари томонидан таъмирланган ва модернизация қилинган ҳарбий техника ва қурол-яроғ намуналари намойиш этилди.

Ташриф чоғида Олий Бош Қўмондон янги турдаги ҳарбий маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича корхона фаолиятига старт берди. Маҳсулотларнинг юқори сифатини таъминлаш, муҳандис ва мутахассислар малакасини ошириш зарурлигини таъкидлади.

Якунда Президентимиз мутасаддиларга мудофаа саноати корхоналарининг ишлаб чиқариш имкониятларини янада кенгайтириш юзасидан аниқ топшириқлар берди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!