» » ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ХАВФСИЗ ВА ТИНЧЛИКСЕВАР ДАВЛАТ

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ХАВФСИЗ ВА ТИНЧЛИКСЕВАР ДАВЛАТ

30 январь 2024 г 410 Комментарии: 0

Айни кунларда  Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси, ҳудудий ва туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан тузилган ишчи гуруҳлар томонидан жойларда депутатлик ва жамоатчилик назорати тадбирлари ўтказилиб келинмоқда.

Шу муносабат билан  Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Жиззах вилоят Кенгашида Стратегиянинг 5-йўналишида  белгиланган 90 – мақсади юзасидан очиқ мулоқот  ташкил этилди.

“Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатини халқ ва давлатнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда изчил амалга ошириш”  деб номланган  очиқ мулоқотда  маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари, вилоятимизда фаолият олиб бораётган Миллий-маданий марказлар вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда таъкидланганидек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш йўналишидаги “Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатини халқ ва давлатнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда изчил амалга ошириш, – деб номланган 90-мақсадида дунёдаги мавжуд мураккаб вазиятда очиқ, прагматик, фаол ва яхши қўшничилик ташқи сиёсати олиб борилишини изчил давом эттириш, ҳамкор мамлакатлар билан ва нуфузли халқаро ташкилотлар доирасида минтақавий ва глобал масалалар бўйича мувозанатли ва доимий мулоқотлар ўрнатиш, барча қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини жадал ривожлантириш, сиёсий, иқтисодий, маданий ва гуманитар йўналишлардаги икки ва кўп томонлама музокараларни мунтазам ва самарали олиб бориш каби вазифалар белгилаб берилган.

Ушбу вазифалар мамлакатимиздаги етакчи сиёсий куч ҳисобланган O’zLiDePнинг дастурий мақсад ва вазифалари билан ҳамоҳангдир. Партиямиз давлатимизнинг тинчликпарвар сиёсати, Ўзбекистоннинг демократик ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш борасидаги мақсад ва вазифалари, шунингдек, бугунги кунда юртимиз ҳаётининг барча соҳаларида эришилган ютуқларни ҳорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилишда парламент ва халқ дипломатияси салоҳиятидан максимал даражада фойдаланишига кўмаклашишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Очиқ мулоқот давомида сўзга чиққанлар, Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатида дастурий ғоялар ва давлатимиз раҳбари кўтарган ташаббуслар ўз аксини топаётганига, Ўзбекистон ташқи сиёсатда илгари сураётган ташаббуслар фақат мамлакатимиз  учун эмас, балки Марказий Осиё давлатлари ривожланиши учун ҳам муҳим ҳисобланишига алоҳида эътибор қаратдилар.

Очиғини айтиш керак, узоқ йиллар давомида қўшни давлатлар билан борди келдилар анча камайган, чегаралар ёпилган тарзда яшашга мажбур бўлдик. Бироқ, сўнгги йилларда вазият тубдан ўзгарди. Бугунги кунда ён қўшниларимиз билан ишонч ва ҳурматга, ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган прагматик сиёсат олиб борилмоқда.

Айни пайтда Жиззах вилоятида кўплаб миллат вакиллари тинч-тотув, баҳамжиҳат умргузаронлик қилмоқдалар.  Вилоятда 6 та ( қирғиз, тожик, қозоқ, рус, татар ва корейс) Миллий-маданий марказлар фаолият кўрсатмоқда.

Миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона алоқаларни кучайтириш мақсадида  “Ўзбекистон бағрикенг диёр” номи остида концерт, қардош халқлар ёзувчи, шоир ва рассомларининг бадиий асарлари кўргазмалари, турли миллатлар вакиллари иштирокидаги спорт тадбирларини ўтказиш анъанага айланган.

- Вилоятимизда қирғиз миллатига мансуб 50 минг нафардан ошиқ  аҳоли яшайди. Бахмал, Зомин, Зарбдор, Дўстлик туманларида 14 та тўлиқ қирғиз тилида ва 2 та аралаш тилда ўқитиладиган  мактаблар, мактабгача таълим муассасалари  фаолият кўрсатмоқда. "Маржон” деб номланувчи бадиий ҳаваскорлик жамоасига эгамиз. “Дўстлик туманидаги “Манас” қўрғонидаги ободончилик ишларидан бутун республика аҳли хабардор. Айни пайтда вилоятимиз марказидан Жиззах-Бишкек йўналишида тўғридан тўғри автобус қатнови йўлга қўйилган. Сўнгги йилларда дарслар қирғиз тилида олиб бориладиган мактабларнинг деярли барчаси қайтадан реконструкция қилинди. Янги мактаблар қурилди. Ўз ўрнида қирғиз миллатига мансуб ватандошларимиз ҳам жонажон юртимизнинг равнақига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар. Ўзбекистон —барчамиз учун муқаддас гўша. Унинг равнақи йўлида фидойилик кўрсатиш ким, қайси миллат вакили бўлмайлик муқаддас бурчимиздир, - дейди Жиззах вилояти қирғиз миллий-маданий маркази раиси Мамат Гулбоев.

Асрлар давомида қон-қардош, қуда-анда бўлиб яшаган қўшни халқлар ўртасида азалий борди келди тикланиб, ўзаро ҳамкорлик кучайиши халқаро майдонда  давлатимиз нуфузи янада ошишига сабаб бўлмоқда.

2024 йилда ҳам тинчликсеварлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган халқаро алоқалар изчиллик билан давом эттирилмоқда. Буни Президентимиз бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Хитойга қилган расмий ташрифи мисолида хам кўрсак бўлади. Чин юртида бўлиб ўтган учрашувлар, расмий форумларда вилоятимиз ҳокими Эргаш Салиев бошчилигидаги делегация ҳам фаол иштирок этди. Биргина мисол, Хитойлик ҳамкорлар билан «Жиззах» эркин иқтисодий зонасида трактор ва комбайнлар йиғиш заводини ташкил этишга келишиб олишди. Режалаштирилаётган завод майдони 20 000 квадрат метрни, очиқ майдон ҳам шунча квадрат метрни ташкил этади. Лойиҳага кўра, 20 от кучидан бошлаб, 400 от кучигача бўлган қишлоқ хўжалиги учун трактор ва комбайнлар ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 600 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Ташриф давомида Президентимиз иштирокида Жиззахда электромобиллар ишлаб чиқаришга ҳам старт берилди.

Сўнгги йилларда қўшни давлатлар билан ҳам савдо-сотиқ, маданий-маърифий алоқалар кундан кун ривожланиб бормоқда. Энг муҳими қардош халқлар ўртасидаги ўзаро ишонч, қуда-андачилик, яхши қўшничилик анъаналари қайта тикланди. Бу эса халқ дипломатиясини амалдаги яққол кўринишидир.

Очиқ мулоқот давомида вилоятимизда фаолият олиб бораётган Миллий-маданий марказлар вакиллари ҳам сўзга чиқиб, юртимизда  истиқомат қилаётган барча халқ вакиллари “Ўзбекистонни – умумий уйимиз” деб билишларини, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсатни тўлиқ қўллаб-қувватлашларини билдириб ўтдилар.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!