Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Шароф Рашидов ёдгорлик музейи фонди бойиди
20 декабрь 2018 г 3 587 Комментарии: 0
Сўнгги йилларда юртимизда турли йўналишлардаги музейлар сони ошди, уларнинг фонди ноёб буюмлар билан бойиди.
Айниқса, буюк ҳамюртимиз, давлат раҳбари ва ижодкор сифатида тариху адабиётда из қолдирган Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан узоқ йиллар қаровсиз, эътиборсиз қолиб келган вилоятимиз музейшунослиги янги босқичга кўтарилгани чин маънода маданий-маърифий ҳаётимизда туб ўзгариш ясади.
Айни пайтда Шароф Рашидов ёдгорлик музейида 2801 та экспонат мавжуд бўлиб, улуғ давлат арбоби фаолиятига боғлиқ кўплаб ашёлар ҳамон одамлар қўлида бўлиши мумкин.
Маълумки, Шароф Рашидов II жаҳон урушига жўнаб кетишдан олдин мактабда тил-адабиёт фани ўқитувчиси ва мудир бўлиб ишлайди. Бу ҳозирги Жиззах шаҳридаги 8-сонли мактабдир. Яқинда мазкур мактаб жамоаси музейимизга қимматли ашёни тақдим этди. Бу Шароф Рашидов фаолият олиб борган йилларда мактаб жамоасининг йиғилиш баёнлари, буйруқлар ёзилган дафтар эди. Унда йиғилишларда кўрилган турли масалаларга Шароф Рашидовнинг муносабати, сўзлаган нутқлари асл ҳолида киритилган. Бу қимматли ҳужжат билан танишиб чиқиб, Шароф Рашидов табиатан курашувчан, ташкилотчи ва етакчи бўлганига амин бўласиз. Ҳозирда мазкур ҳужжат экспонат сифатида намойишга қўйилмаган бўлса ҳам, музейимиз фондида эҳтиётлаб асралмоқда.
Муаззам МАРДОНОВА,
Гулноза ФАТТОҲОВА,
вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи
Шароф Рашидов ёдгорлик филиалининг илмий ходимлари
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!