Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивалининг вилоят босқичи ўтказилди
20 декабрь 2018 г 4 010 Комментарии: 0
Республика “Камалак” болалар ташкилоти ташаббуси билан ташкил этиб келинаётган “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивали вилоят босқичи ўтказилди.
— Вилоятда 6 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар сони 171 минг 563 нафарни ташкил этади, шундан 171 минг 377 нафари “Камалак” болалар ташкилотига аъзо бўлган, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Жиззах вилоят Кенгаши раиси ўринбосари, вилоят “Камалак” болалар ташкилоти раиси Шоҳида Даманова.
Фестиваль классика, вокал, халқ чолғулари, рақс, тасвирий ва амалий санъат, наср ва назм йўналишларида ўтказилди. Иштирокчилар учта ёш тоифасида, яъни 6-8, 9-11 ҳамда 12-14 ёш тоифасида баҳоланди.
— Фестивальнинг F йўналиши йўналишида иштирок этиб, ғолиб бўлдим, — дейди Жиззах шаҳридаги 11-умумтаълим мактаби ўқувчиси Феруза Санақулова. — Олти ёшимдан буён шеър ёзишни машқ қиламан. Шаҳар ва вилоят миқёсидаги кўплаб танловларда иштирок этиб, ғолиб бўлганман. “Камалак” юлдузлари” фестивалини эса ҳар йили орзиқиб кутиб, иштирок этаман.
Мирзачўл туманининг “Юлдузчалар” фольклор дастаси фестивальнинг D — рақс йўналишида ғолибликни қўлга киритди. Даста 17 нафар иштирокчини бирлаштирган бўлиб, 2 йилдан бери фаолият олиб боради.
Маълумот учун, “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивалининг туман-шаҳар босқичларида 4000 нафарга яқин ўқувчи қатнашиш истагини билдириб, уларнинг 315 нафари фестивальнинг вилоят босқичида иштирок этди. 6 йўналишда 24 нафар энг истеъдодли ўғил-қизлар Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Жиззах вилоят Кенгаши ҳамда вилоят “Камалак” болалар ташкилоти томонидан рағбатлантирилди.
Дилмурод Ражабов
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!