» » ЎЗБЕКИСТОН – ХИТОЙ: ҲАМКОРЛИКНИНГ ЁРҚИН УФҚЛАРИ

ЎЗБЕКИСТОН – ХИТОЙ: ҲАМКОРЛИКНИНГ ЁРҚИН УФҚЛАРИ

24 июнь 2024 г 876 Комментарии: 0

Ўзбекистон халқи Хитойни доим дўст давлат, ишончли стратегик шерик деб ҳисоблайди. Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан муносабатга алоҳида эътибор қаратаётгани ва ўзи бир неча бор таъкидлаганидек, Хитойнинг ҳар томонлама ижтимоий адолатга эришиш, тобора кўпроқ аҳолини қашшоқликдан олиб чиқиш ва ўрта синфни кўпайтириш, шу орқали умумбашарий фаровонлик ва тенгликка эришиш борасидаги тажрибаси мамлакатимиз учун эътиборга моликдир.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг “Бир макон, бир йўл” ташаббуси бутун Евроосиё қитъасида транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилган мисли кўрилмаган режани Ўзбекистон юксак қадрлайди ва тўлиқ қўллаб-қувватламоқда.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг халқларимиз ҳаётида тарихий воқеага айланган Ўзбекистонга давлат ташрифи ўзаро муносабатларимиз қай даража мустаҳкам эканини яна бир бор намоён этди. Хитой етакчиси ушбу ташриф арафасида “Ўзбек-хитой муносабатининг ёрқин келажагини биргаликда яратиш йўлида” сарлавҳали мақоласида ўзаро кўп қиррали ҳамкорлик юксак қадрлангани чуқур рамзий маънога эгадир. Хитой раҳбарининг ушбу чиқишидаги икки давлат ўртасидаги илиқ ва дўстона муносабатлар халқимиз томонидан кенг муҳокама этилиб, қизғин қўллаб-қувватланди.

“Хитой ва Ўзбекистон буюк тамаддунга эга қадимий давлатлар. Буюк ипак йўли халқларимизнинг 2000 йилдан зиёд вақт давомидаги дўстона алоқаларидан дарак беради. Ўзбекистон - Марказий Осиёнинг қоқ юрагида жойлашган йирик давлат. 

Алоҳида таъкидлаш керак, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўзбек халқи Янги Ўзбекистонни барпо этиш сари буюк йўлга тушиб олди. Турли соҳалардаги ислоҳотлар ва тараққиёт суръати жадал тус олди. Мамлакат мутлақо янги қиёфага эга бўлди, муносиб ҳаёт шароити яратилмоқда, республиканинг халқаро майдондаги мавқеи сезиларли равишда мустаҳкамланди. Самимий дўст ва ҳар томонлама стратегик ҳамкор сифатида муваффақиятларингиз бизни чин юракдан қувонтиради”, дея таъкидлаган эди Си Цзиньпин мақолада.

Шунингдек, Хитойга ташрифи олдидан ер юзи бўйлаб 4 миллион нусхада, 14 тилда нашр этиладиган «Жэньминь жибао» газетасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг илғор дипломатик ташаббуслари ҳамда Ўзбекистон ва Хитой муносабатларига бағишланган мақола чоп этилди.

Бугун Ўзбекистон “Бир макон, бир йўл” ташаббусининг муҳим иштирокчисига айланди. Ушбу йирик ташаббус доирасида мамлакатларимиз ўртасидаги жуда самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Хитой кўп йиллардан буён Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий ҳамкори мавқеини мустаҳкам сақлаб келмоқда. Бир қатор давлатлараро, ҳукуматлараро, идоралараро битимлар сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш учун зарур ҳуқуқий асос яратмоқда. Икки мамлакат компаниялари иштирокида саноат кооперацияси, инфратузилмани модернизация қилиш, транспорт, фармацевтика, телекоммуникация соҳаларида, қўшма юқори технологияли саноат парклари ташкил этиш лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Хитойнинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган сармояси сўнгги йилларда 10 миллиард доллардан ошди. Муҳим қўшма лойиҳалар илгари сурилмоқда. “Хитой – Марказий Осиё” газ қувурининг барча 4 йўлаги Ўзбекистон ҳудудидан ўтади. Қамчиқ довони орқали юртимиздаги энг узун темир йўл туннели фойдаланишга топширилди. Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон автомобил йўлаги ва Хитой-Қозоғистон-Ўзбекистон темир йўлининг ўтказувчанлик салоҳияти эътироф этилмоқда.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Самарқанд саммити доирасида Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли қурилиши бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги уч томонлама шартнома имзолангани тарихий аҳамиятга эга воқеа бўлди. Ушбу лойиҳа Хитойдан Ўзбекистон орқали Европага ва Жанубий йўлак орқали Форс кўрфази давлатларига юк ташиш ва ушбу йўналишларда савдо географиясини кенгайтириш, Ўзбекистонни ички давлатдан минтақадаги муҳим коммуникация марказига айлантириш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Бугун шиддатли тус олаётган геосиёсий жараёнлар ҳар бир давлатдан ташқи сиёсий ва иқтисодий майдонда фаол бўлишни талаб этмоқда. Шу маънода, Янги Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг энг фаол ва ташаббускор, тенг ҳуқуқли субъекти сифатида эътироф этилмоқда. Бунинг асосий сабаби – Президентимизнинг жонажон халқимиз ва юртимиз манфаатини кўзлаган ҳолда узоқни ўйлаб, асослантирилган таҳлилларга таяниб юритаётган очиқ, прагматик, дўстона руҳдаги фаол ва тўғри ташқи сиёсати ҳисоблайман.

Янги Ўзбекистоннинг ташқи майдондаги фаоллиги 2024 йилнинг бошиданоқ янги босқичга, янада юқори поғонага кўтарилганини кўриб турибмиз. Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик муносабатлар, ўзаро ишончли ҳамкорлик, дўстлик, фаол иқтисодий, инвестициявий, маданий, инновaцион мулоқотлар кўринишида янада мустаҳкамланётганлиги фикримиз исботидир.

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар тарихи қадим даврлар – ҳали Буюк ипак йўли очилмаган пайтларга бориб тақалади.

Хан сулоласи ва Фарғона водийсидаги Паркана давлати орасидаги илк дипломатик алоқалар эрамиздан олдин йўлга қўйилган.

Аммо, томонлар ўртасидаги муносабатлар энг динамик ривожланган палла Буюк ипак йўли гуллаб-яшнаган пайтга тўғри келади. Ўшанда Чин ипаги, қоғози, чинниси, чойи ва бошқа товарлар Самарқанд, Бухоро каби шаҳарлар орқали Европага етиб борган. Хитой Марказий Осиё ва Европа орасидаги билимлар алмашинуви ҳам Буюк ипак йўли орқали кечган. Тарихий маълумотларга кўра, мамлакатлар орасидаги гуманитар алоқаларнинг энг гуллаган пайти қадимий Тан сулоласи даврига тўғри келади.

Инчунин, Ўзбекистон Хитой кўмагида экспорт йўналишларини сезиларли даражада диверсификация қилмоқда, инфратузилмани модернизация қилмоқда, сармоя оқимини янги йўналишларга бурмоқда, салоҳиятни оширмоқда. Буларнинг ҳаммаси халқларимизни яқинлаштиришга хизмат қилади, албатта.

Сўнгги йилларда Хитой Ўзбекистон учун 6500 дан зиёд турли касблар учун мутахассислар тайёрлаб берди. Туризм соҳасидаги шериклик жадал ривожланмоқда. Қадимий юртимизнинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилиш имконига эга бўлган хитойлик сайёҳлар сони ортиб бормоқда.

Хитой 2017 – 2023 йилларда мамлакатимиздаги турли соҳаларга энг кўп инвестиция киритган давлатлардан бири. Бугунги кунда Ўзбекистонда хитойлик сармоядорлар иштирокида 2300 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Биргина Жиззах вилоятида Хитой корхоналари иштирокида 40 та қўшма ва хорижийкорхоналар очилган. Буларнинг 8 таси қишлоқ хўжалиги, 25 таси саноат, 7 таси хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикасига расмий давлат ташрифи чоғида давлатимиз раҳбари Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан Сиань шаҳрида музокара ўтказди. Олий даражадаги музокараларда Хитойнинг етакчи компания ва фирмалари вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистонда замонавий технологияларни жалб этган ҳолда ўзаро фойдали қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Хусусан, 2023-2027 йилларга мўлжалланган янги даврдаги ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантириш дастури қабул қилинди ва  жами 41 та икки томонлама ҳужжат имзоланди. Умумий қиймати 25 миллиард доллардан зиёд бўлган янги юқори технологик саноат, савдо ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди.

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан жами 3,3 миллиард долларлик 15 та лойиҳа, яъни автомобиль ва электромобиллар, қурилиш материаллари, металлдан кенг турдаги маҳсулотлар, тиббий буюмлар ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва янги корхоналар қурилишига старт берилди.

Сўнгги 6 йилда Ўзбекистон ва Хитой давлати ўртасидаги ҳамкорлик мисли кўрилмаган даражага эришилганини алоҳида қайд этиш жоиз. Жумладан, ўзаро товар айирбошлаш давлатлар ўртасида икки баробарга ошди.

Албатта, икки томонлама келишувларда вилоятимиз иқтисодиётини юксалтиришга қаратилган қатор лойиҳаларни ишга тушириш ҳам кўзда тутилган эди. Жорий йил бошида Жиззах вилояти делегaциясининг Хитойга ташрифи давомида 3,8 миллиард долларлик инвестициявий келишувларга эришилган бўлиб, бу борада 23 та лойиҳаларни амалга ошириш ишлари узвий олиб борилмоқда.

Қолаверса, шу йилнинг 1-9 июнь кунлари вилоятимиз делегациясининг яна бир бор ХХРга ташрифи дўстлик, иқтисодий ҳамкорлик, стратегик шерикчиликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадам бўлди.

Хитой провинциялари, шаҳарларида бўлар эканмиз, делегациямизни кутиб олишда Хитой расмийлари, тадбиркорларининг бизга бўлган эътибори диққатимни жалб этди. Маълумки, ўзбекларга бутун дунёда меҳмондўст халқ сифатини беришади. Бу фазилат аждодларимиздан мерос бўлиб қолган. Қаерда бўлмайлик мезбонлар бизни очиқ чеҳра, самимийлик билан кутиб олишди. Бизни диққат билан тинглаб, ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини ва бундан мамнун эканликларини изҳор этишди. Бу албатта Шарқ халқларигахос хусусият эди. Муомиладаги самимийлик бизни янада яқинлаштирди.

Ташрифнинг илк куни Сянхе шаҳрига бўлиб, у ерда автомобилларга эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш компанияси XiangHe ZhiChen, мебель маҳсулотларини ишлаб чиқариш компанияси Zhong Wang Group ва товуқ гўшти ва тухуми етиштиришкомпаниясиXin Hen Changкорхонасига борилиб фаолияти билан яқиндан танишилди.

Кейинги кунда Vehicle Co.,Ltd”нинг  250 хил турдаги электр скутерлар ишлаб чиқариш заводига борилди. Ишлаб чиқариш майдони 60 000 метр квадрат бўлиб, унда 700 нафар ишчи-ходимлар меҳнат қилишар экан. Компания 10 йиллик экспорт тажрибасига эга, ҳозирги кунда 30 дан зиёд давлатга маҳсулотларини экспорт қилмоқда. Компания скутерлари Ўзбекистонга ҳам етказиб берилмоқда. Компания 80 фоизмаҳаллийлашган, заводда қўл меҳнати билан баробар роботлар ҳам ишлатилмоқда.

Бир кунда 1500 дона турли хил скутер ишлаб чиқарилади. Скутерлар бир марта тўлиқ қувватда ўртача 100 км.гача йўл босади.

Вилоятимизда қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Айниқса, Янги Ўзбекистон массивларини бунёд этишда хитойлик ҳамкорлар тажрибасини ўрганиш, қурилиш компаниялари билан яқин алоқа ўрнатиш, улар технологияси ва техника воситаларидан фойдаланиш бугунги кунда муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда Хитойнинг етакчи қурилиш компанияларида бўлиб, фаолияти билан танишдик.

Қурилиш компаниясида ишчиларнинг ўртача иш ҳақи 1800 АҚШ долларига тенг бўлиб, қурувчилар баландлиги 200 метргача бўлган кўп қаватли биноларни қуриш имкониятига эга экан. Бу ҳудудда уй-жойларнинг 1квадрат метр  нархи1500 АҚШ долларини ташкил этади.

Шунингдек, делегациямиз “Hongyuan Dongsheng Stone Co.Ltd” компаниясининг мармар тошларга қайта ишлов бериш Шоурумида ҳам бўлди.Бу ердаги барча маҳсулотлар 100 фоиз табиий тоғ жинсидан иборат. Ушбу компаниянинг Бразилия, Туркия, Испания, Россия ва Афғонистон давлатларида карьерлари мавжуд экан. Мармар тошларга қайта ишлов бериш жараёнлари, Шоурумда техника воситаларидан фойдаланиш, мармар ва гранит тошлардан замонавий қурилишлар, йўл ва хиёбонлар учун турли хил плита ва ҳар хил кўринишдаги безаклар тайёрланаётгани бизда катта таассурот қолдирди.

3 июнь куни  ташрифимиз муносабати билан Ўзбекистон элчихонасида тадбиркорлар форуми бўлиб ўтди. Форумни Ўзбекистоннинг ХХРдаги элчиси Фарҳод Арзиев очиб,икки давлат ўртасидаги  яқин қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларига юқори баҳо берди.

Анжуманда сўзга чиқиб, барча ташкилотчилар, хитойлик ҳамкорларга самимий кутиб олганлари ва тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил этганлари, йирик ишлаб чиқариш корхоналари билан яқиндан танишишга шароит яратиб берганлари учун миннатдорлигимни изҳор этдим ва Хитойга ташрифимизнинг қисқа даврида 540 млн. долларлик келишувларга эришилганини таъкидладим. Форумда иштирок этган хитойлик тадбиркорларга вилоятимиз, халқимиз ва табиий ресурсларимиз ҳақида сўзлаб бердим. Ўйлайманки, бу маълумотлар уларда катта қизиқиш уйғотди. Форумда Жиззах вилоятининг салоҳияти акс этган тақдимот ҳам намойиш этилди.

Тадбирнинг асосий қисмида ҳудудлар ва компаниялар ўртасида битимлар имзолаш маросими бўлиб ўтди. Унда Фориш тумани билан Янги Туньчань туманининг бошқарув комитети, Жиззах шаҳри билан Синьцзен "Аньхэн" МЧЖ текстил компанияси, Newland МЧЖ - Синьцзен МЧЖ "Аньхэн" текстил компанияси, вилоят ҳокимлиги билан Синьцзен МЧЖ "Кан Вэйши" тиббий жиҳозлар ишлаб чиқариш компанияси, Шароф Рашидов тумани билан Шандунь провинциясининг тиббий инновацион ва трансформацион хизмат маркази, Пахтакор тумани билан Яньтай шаҳри, Мупин тумани Синьжуньхуа гуруҳи, Бахмал тумани билан Синьцзен МЧЖ илмий - технологик компанияси "Джиганьли", Мирзачўл тумани билан Пекин илмий - технологик ривожланиш компанияси "Чжишэн Цзяе", Ғаллаорол туман билан Чжунгуаньцунь яшил кончилик уюшмаси ўртасида битимлар имзоланди.

Шунингдек, шаҳар, туманлар ҳокимлари ҳамда тадбиркорлар Хитойнинг маҳаллий тадбиркорлари билан В2В ва В2G форматдаги учрашувлари бўлиб ўтди. Учрашувда икки томон учун манфаатли келишувларга эришилди.  Биз хитойлик ишбилармонларни вилоятимизга таклиф этиб, ҳамкорликни янада кенгайтиришни таклиф қилдик.

Ташрифнинг навбатдаги куни Тяньцзинь провинцияси ҳокимининг ижрочи ўринбосари Лиу Гуипинг жаноблари билан учрашдик.

Учрашувда у Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикалари ўртасидаги илиқ муносабатлар, охирги йиллардаги олий даражадаги ташрифлар ва уларнинг натижаларига юқори баҳо берди. Тяньцзин провинцияси билан Жиззах вилояти ўртасидаги дўстлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро маданий, иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, халқларимиз ўртасидаги яқин қўшничилик ришталарини боғлашга хизмат қилишини таъкидлади.Лиу Гуипинг Тяньцзин провинциясида иқтисодий алоқаларни йўлга қўйишга асос бўладиган соҳалар, мавжуд шарт-шароитлари, таьлим соҳасидаги имкониятлар ва дунё портлари ичида еттинчи ўринда турадиган Тяньцзин порти,провинциянинг қазилма бойликлари, туристик салоҳияти ҳақида сўзлаб берди.

Биз илиқ қабул учун миннатдорчилик билдириб, давлатларимизраҳбарлари томонидан яратилиб берилаётган имкониятлар туфайли алоқалар янги даврга қадам қўяётганига алоҳида урғу бердик. Жиззах вилоятига инвестиция киритмоқчи бўлган хитойлик инвесторларга Жиззах вилоятининг савдо-иқтисодий, ижтимоий, туризм, саноат ва бошқа бир қатор йўналишларидаги яратилган имкониятлар ва ушбу соҳаларда берилаётган имтиёзлар ҳақида сўзлаб бердик.  Шу йилнинг 27-30 июнь кунлари вилоятимизда ўтадиганХалқаро мақом фестивалига Лиу Гуипинг жанобларини таклиф қилдик.

Шу билан биргаТяньцзинь провинцияси давлат идораси ходимлари ва тадбиркорларни сентябрь ойида вилоятимизда ташкил этилиши кутилаётган Халқаро бизнес форумга таклиф қилдик.           

Биз Тяньцзинь университетига ҳам ташриф буюриб, у ерда университет раҳбарияти билан учрашдик.  Университетда 500 нафар профессор ўқитувчилар ишлайди, 11000 нафардан зиёд талаба таҳсил олади. Тяньцзинь университетининг дунё бўйлаб 22 та филиали мавжуд экан. 

Университетда робототехника, яшил энергия, инновация, IT, 3D чоп этиш (принтер) ҳамда электро техника етакчи соҳалар ҳисобланади. Хитой Халқ Республикасидаги энг йирик учта инновацион марказидан бири ушбу университет ҳудудида жойлашган экан.

Бундан ташқари, Тяньцзинь университети қошида энг кучли лаборатория ҳамда олимлар ва талабаларнинг амалиёт ўташи учун Тяньцзин инновацион парки фаолият кўрсатади.Университет раҳбарияти 2025 йилда ўз филиалини Ўзбекистонда очиш ниятида эканлигини билдирди. Албатта вилоятимиз ёшларининг илм олишга бўлган иштиёқини ҳисобга олиб университет филиалини вилоятимизда очиш ва Жиззах технопаркида лабораторияларни ташкил этиш юзасидан ҳамкорлик қилишни таклиф этдик.

Форумдан кейин маҳаллий ҳокимлик вакиллари ҳамда тадбиркорлар билан якка тартибда учрашувлар ўтказдик. Жумладан, Хайнан провинциясининг чет элда фаолият олиб бораётганлар билан ишлаш бўйича қўмита раҳбари Хуанг хоним билан бўлиб ўтган учрашувда икки ҳудуд ўртасида мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди.     

Вилоятимиз делегациясининг Шэньчжэнь муниципал савдо бюросидаги учрашуви ҳам самарали бўлди. Учрашувда Шэньчжэнь муниципал савдо буюроси директор ўринбосари Е Венг жиззахлик тадбиркорлар билан иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришга тайёр эканлигини изҳор этди. Ўзбекистоннинг ХХРдаги консули Отабек Валиев, вилоят ҳокими ўринбосари Иброҳим Комилов икки давлат ўртасидаги дўстона алоқалар, Жиззах вилоятининг салоҳияти ҳақида сўзладилар. Учрашувда вилоятимиз ҳақида ҳикоя қилувчи видео ролик ҳамда тақдимот намойиш этилди.

Ўз навбатида Хитойнинг ўнга яқин компаниялари раҳбарлари ишлаб чиқариш кўлами, маҳсулотлар экспорти ҳақида маълумотлар беришди.Самимий мулоқотлар давомида вилоятимиз шаҳар ва туманлари ҳокимлари ҳам ўз ҳудудлари ҳақида маълумот беришди.

7 июнь куни бизни Хитой Халқ Республикасиининг Шинжон-Уйғур автоном ҳудуди Халқ ҳукумати раиси Эркин Тунияз қабул қилди. Қабул давомида ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикалари ўртасидаги дўстона алоқалар, савдо-иқтисодий ҳамда ижтимоий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида суҳбатлашдик. Биз Жиззах вилоятининг географик жойлашуви, аграр ва саноат ишлаб чиқариш корхоналари, вилоятимиз имкониятлари ва хорижий тадбиркорларга яратилаётган шарт-шароитлар тўғрисида гапириб бердик. Келгусида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишиб олдик.

Орадан бир кун ўтиб, Урумчи шаҳрида Жиззах делегацияси учун бизнес-форум ташкил этилди. Форумда вилоят ҳокими ўринбосари Иброҳим Комилов сўзга чиқиб, тадбир қатнашчиларига вилоятнинг салоҳияти акс этган видеороликни изоҳлаб, икки давлат раҳбарлари томонидан яратилаётган имкониятларга тўхталиб ўтди.

Шинжон-Уйғур автоном вилояти саноат ва савдо федерацияси раҳбарининг ўринбосари Ю Mингшенг инвестиция алоқалари ривожланиши туфайли икки давлат халқлари катта манфаатларга эришаётганини таъкидлади.

Тадбир давомида икки томонлама меморандум ва шартномалар имзолаш маросими бўлиб ўтди.Тадбир якунида В2В ҳамда В2G форматдаги учрашувлар бўлиб ўтди. 

Учрашувларда Зафаробод тумани ҳокимлиги “Xinjiang Shihezi Jinguyuan Agricultural Technology Co., Ltd”компанияси билан қишлоқ хўжалиги масалаларида қалампир етиштириш бўйича музокаралар олиб борди. Лойиҳада катта ер майдони назарда тутилганлиги ҳисобга олиниб, уни амалга оширишда Зафаробод,  Мирзачўл,  Пахтакор ҳамда Зарбдор туманларидаги бўш ерлардан фойдаланиш эътиборга олинди.

Мирзачўл тумани ҳокимлиги пахтани қайта ишлаш бўйича “Urumchi Shiruntong Chemical Technology Co., Ltd.” компанияси вакиллари билан  музокаралар олиб борди.Мазкур компания вакиллари июль ойида Жиззахга ташриф буюриши ҳақида келишиб олинди.

Шунингдек, қолган шаҳар ва туманлар ҳокимлари ва тадбиркорлар хитойлик ишбилармонлар билан музокаралар олиб боришди.

Хитойга қилинган ташрифнинг бир соати ҳам бекор кетмади,янги учрашувлар, келишувларга эришиш ва шартномалар имзолаш, ҳамкорликдаги яқин келажак режаларини белгилаш жараёнларида делегациямизнинг барча аъзоларинингфикру хаёлидан доим юртимизни янада обод қилиш, халқимиз фаровонлигини ошириш ҳақидаги ўйлар ўтди, десам хато қилмаган бўламан.

Мухтасар қилиб айтганда, самарали кечган Хитойга ташрифимиз томонлар ўртасида кооперацияларни янада ривожлантириш, ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш каби истиқболли келишувларга эришилди. Бу вилоятимизни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш, тадбиркорларимизнинг жаҳон бозорига чиқиши, янги инфратузилмалари яратиш, инвестицион муҳитни шакллантириш, юқори технологияларни вилоятимизга олиб келиш ва шу орқали вилоятимизнинг илмий ва саноат ишлаб чиқариш жозибадорлигини ошириш   каби олдимизга қўйган улуғвор вазифаларни уддалашда муҳим қадам бўлиб қолади.

Эргаш САЛИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенатори, Жиззах вилояти  ҳокими.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!