» » “Ўзавтосаноат” раҳбари президентга: Хитойликлар билан бюджет моделлар ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришдик

“Ўзавтосаноат” раҳбари президентга: Хитойликлар билан бюджет моделлар ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришдик

10 июль 2024 г 146 Комментарии: 0

Хитойлик ҳамкорлар билан Ўзбекистонда В, С ва бюджет сегментидаги автомобиллар ишлаб чиқариш бўйича келишувларга эришилди; уларнинг биринчи намуналари синовдан ўтказиш учун лабораторияларга топширилди, деди BYD билан ҳамкорлик борасида президентга ҳисобот берган “Ўзавтосаноат” раҳбари.

Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятидаги “BYD Uzbekistan Factory” заводида амалга оширилаётган ишлар ва галдаги вазифалар ҳақида ҳисобот билан танишди.

Мазкур корхона шу йил 27 июнь куни давлатимиз раҳбари иштирокида ишга туширилган эди. У BYD енгил автомобилларини ишлаб чиқарувчи Хитойдан ташқаридаги илк завод бўлди.

“Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Улуғбек Рўзиқулов мазкур инвестиция лойиҳасининг дастлабки натижалари ва уни кенгайтиришга қаратилган режалар тўғрисида ахборот берди.

Унинг айтишича, тўлиқ ишлаб чиқариш жарёнини ишга тушириш доирасида Ўзбекистон корхоналари томонидан пластик қисмлар, ойналар, бамперлар, дисклар ва бошқа кўплаб компонентлар ишлаб чиқарилиши бўйича BYD сифат тизимига мос келиши учун таҳлил ўтказилган.

“Аҳолининг енгил автотранспорт воситаларига бўлган эҳтиёжини қондириш ва уларнинг турларини кенгайтириш мақсадида хитойлик ҳамкорлар билан В, С ва бюджет сегментидаги автомобиллар ишлаб чиқариш бўйича келишувларга эришилди. Уларнинг биринчи намуналари хитойлик ҳамкорлар томонидан замонавий стандартлаштириш тизими синовларини ўтказиш учун лабораторияларга топширилди”, – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилишича, Жиззахдаги “BYD Uzbekistan Factory” компаниясига малакали мутахассисларни жалб қилиш мақсадида Жиззах политехника институти ва Тошкентдаги Турин политехника университети билан бирга юқори малакали мутахассисларни ўқитиш бўйича муҳандислик ўқув марказини ташкил қилиш режалаштирилган.

Тақдимотда ишлаб чиқариш ҳажмини белгиланган кўрсаткичларга етказиш ҳамда маҳаллийлаштириш жараёнини жадаллаштириш чора-тадбирлари кўриб чиқилди.

Давлат раҳбари “BYD Uzbekistan Factory” қўшма корхонаси қувватларида ишлаб чиқаришни тезлаштириш, ҳамкорликнинг кейинги босқичлари бўйича стратегия ишлаб чиқиш, келгусида ишлаб чиқариш қувватини йиллик 500 минг донага етказиш ва экспорт бозорларига чиқиш бўйича аниқ вазифаларни қўйди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!