Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззах вилоятини ичимлик суви билан таъминлашга 467 млрд сўм маблағ сарфланади
05 январь 2019 г 2 690 Комментарии: 0
"Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига вилоят аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш тизимини яхшилаш” бўйича 2018-2020 йилларда қиймати 467 млрд сўмлик лойиҳа амалга оширилади. Жорий йилда лойиҳага 48 млрд сўм сарфланмоқда. Бу ҳақда лойиҳа бош пудратчиси, "Ўзбекистон темир йўллари” АЖ СПМС вакили Худойберди Умиров маълум қилди.Бу ҳақда Turon24 нашри ёзмоқда.
Унинг айтишича, 2018 йилнинг ўзида ушбу лойиҳани амалга оширишга давлат бюджетидан 160 млрд сўм маблағ ажратилди. 2018 йилда лойиҳани амалга ошириш бўйича биринчи кўтарма насос станцияси ва "Узунбулоқ” сув тақсимлаш иншоотини қуриш, биринчи кўтарма насос станциясидан "Узунбулоқ” сув тақсимлаш иншоотигача 16 километрли элтувчи тармоқни қуриш ишлари бошланган.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Жиззах вилояти аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига асосан амалга оширилмоқда. Қарорда қайд этилишича, президент виртуал қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили ва вазиятни жойларда ўрганиш натижасида Жиззах вилоятининг қатор аҳоли пунктларида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш жуда ёмон аҳволга келиб қолгани аниқланган. Вилоятдаги аҳоли пунктларининг ярмидан кўпи марказлаштирилган сув таъминоти билан қамраб олинмаган. Кўплаб сув иншоотлари ўтган асрнинг 70-80-йилларида қурилган бўлиб, уларнинг эскириши оқибатида қувватлари 3 баробардан зиёдроққа қисқарган.
Зарарсизлантирувчи ускуналарнинг йўқлиги натижасида ичимлик сувининг кимёвий ва бактериологик кўрсаткичлари бўйича ифлосланиш даражаси юқори экани кузатилмоқда. Бу, айниқса, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Пахтакор, Дўстлик, Мирзачўл туманлари ва Жиззах шаҳрида аҳолининг ошқозон-ичак касалликларига чалиниш даражаси ўсган, ҳудуддаги эпидемиологик вазият ёмонлашган.
Муаммони ҳал этиш мақсадида қурилиш ишлари бошланган лойиҳа доирасида сув олиш иншооти, сув тозалаш станцияси, сув олиш иншоотидан сув тозалаш станциясигача сув қувури (16 км), тозалаш иншоотлари учун магистрал сув қувури (20 км), "Жиззах” сувини тақсимлаш узели, магистрал ва тортиб келувчи сув қувурлари (146 км) барпо этилади.
Жиззах вилояти аҳолисининг 72 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. 28 фоиз аҳоли қудуқ ва булоқ сувларидан фойдаланади. Вилоят марказидаги канализация тизимининг қуввати бир кеча-кундузда 50 минг куб метр бўлиб, амалда 14 минг метр куб оқова сув ўтказмоқда. Тармоққа шаҳардаги хонадонлардан ташқари ижтимоий соҳа иншоотлари ҳамда "Жиззах” эркин иқтисодий зонасида жойлашган ишлаб чиқариш корхоналарининг оқова сувлари ҳам ташланмоқда.
1982 йилда қурилган оқова сувларни тозалаш иншооти 2012 йилда авария ҳолатига келиб қолгани туфайли тўхтатилган ва шундан буён ишламайди. Оқибатда оқова сувлар тозаланмасдан тўғридан-тўғри Улгурсой каналига ташланади. Ушбу лойиҳа ичимлик суви билан боғлиқ муаммоларнинг бартараф этилишига хизмат қилади.
Бош пудратчи вакили Худойберди Умировнинг айтишича, лойиҳа доирасида бир суткада 100 минг куб метр сув тозалаш қувватига эга "Узунбулоқ” иншооти қурилади. 13 сув тақсимлаш иншооти реконструкция қилиниб, диаметри 1000-400 миллиметрли 203 км узунликдаги ўзи оқувчи магистрал ичимлик суви узатиш қувури қурилади. 65 қишлоқда 52 км узунликдаги ичимлик суви тармоқлари тикланади.
Айни пайтда лойиҳани амалга ошириш ишлари бошлаб юборилган. Сув олиш нуқтасидан узунбулоқ сув тозалаш иншооти нуқтасигача бўлган 16 минг 600 метр узунликдаги тозалаш иншоотидан сув етиб бориши керак бўлган вилоятнинг Мирзачўл туманигача 178 километр масофага шиша толали, мутаҳкам қувурлар ётқизилмоқда. Иншоот суткасига 100 минг метр куб сувни тозалаш қувватига эга бўлади.
Лойиҳа амалга ошса, 500 мингдан ортиқ аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!