Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда «Янги Ўзбекистон» массиви барпо этилмоқда
20 август 2024 г 373 Комментарии: 0
Республикамиз ҳудудларида қад ростлаётган «Янги Ўзбекистон» массивларида кўп қаватли уй-жойлар, муҳандислик-транспорт коммуникацияси, ижтимоий соҳа, ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари комплекс тарзда қурилаётгани, бундай массивларда аҳоли учун қулай имконият ва шарт-шароитлар яратилаётгани юртдошларимизнинг ҳақли эътирофига бўлмоқда.
Шароф Рашидов туманидаги «Оқтош ота» маҳалла фуқаролар йиғинидаги 140 гектарли майдонда барпо қилинаётган «Янги Ўзбекистон» массивида ишлар қизғин давом этмоқда. 3 минг 936 хонадонли 105 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган. Уйлар 9, 12 ва 16 қаватли бўлиб, бу ҳам Жиззах шароитида янгилик.
Массивда ташкил этиладиган «Инно техно парк» аҳолини иш билан таъминлашда қўл келади. Янгилик сифатида кураш саройи ҳам лойиҳадан жой олган. Шунингдек, бу манзилда тест маркази қурилмоқда. Уй-жойлардан ташқари ҳудудда маҳалла маркази, поликлиника, масжид, меҳмонхона, болалар ва спорт ўйингоҳлари, «Янги Ўзбекистон» боғи барпо этилади. Бўш майдонларга дарахтлар экилиб, хиёбонга айлантирилади.
— Айни пайтда биринчи босқич доирасида 204 хонадонли 4 та кўп қаватли уй, марказий қозонхона, шоурум ва ички йўллар қурилган, — дейди вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси бошлиғи Бобур Маматов. — Яна 16 та тураржой, мактаб ва мактабгача таълим муассасаси, савдо маркази бунёд этилади. Бу борада зарурий коммуникация тармоқлари тортилмоқда. Маҳаллага техник хизмат кўрсатувчи бошқарув сервис компанияси ташкил этилган.
Шу кунларда ижтимоий соҳа объектларида ҳам қурилиш ишлари давом этяпти. 5 қаватли, 1 минг 680 ўринли мактабнинг асосий биноси қад кўтарди. Лойиҳага кўра, спорт зали, фаоллар зали, ошхона, синфхоналарга қўшимча тўгараклар учун алоҳида хоналар ҳам бўлади.
—Массивда 1680 ўринли битта мактаб, унга ёндош қилиб 150 ўринли мактабгача таълим ташкилоти ишга тушади. Бугунги кунда қурувчилар мазкур биноларнинг юқори қаватида ғишт териш ишларини олиб боришмоқда. Яна бу ерда 200 қатновга мўлжалланган оилавий поликлиника ҳам қад ростламоқда, — дея фикр билдирди вилоят ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси» ДУК директори Достон Қоплонов.
Дарҳақиқат, «Янги Ўзбекистон» массивида бунёдкорлик ишлари жадал давом этмоқда. 20 га яқин уйлар қурилишида 8 та қурилиш фирмалари иш олиб боряпти.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!