» » Жиззахдаги янги аҳоли массивларида бир кун

Жиззахдаги янги аҳоли массивларида бир кун

29 сентябрь 2023 г 482 Комментарии: 0

Қурилиш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали қурилиш жараёнларининг барча босқичларида жамоатчилик назоратини кучайтириш, сифат ва самарадорликни ошириш муҳим жиҳатлардан бири. Ана шу жараёнлар билан бевосита танишиш мақсадида вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ташабусси билан пресс-тур ташкил этилди.

Республикамиз ва вилоятимизда фаолият олиб бораётган 20 нафардан ортиқ ОАВ ходимлари ҳамда блогерларнинг дастлабки манзили Шароф Рашидов туманидаги “Оқтош ота” маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массиви бўлди.

Кечагина қир-адир, паст-баланд, мураккаб рельефдан иборат 400 гектарлик улкан ҳудуд ҳувиллаб ётарди. Бугун шаҳар ичидаги шаҳарчада ҳаёт қайнайди. Юздан ортиқ техникалар, 1000 дан ортиқ қурилиш ва ободонлаштириш соҳасининг заҳматкаш ходимларининг жасорати ва меҳнатига ҳар қанча тасаннолар айтингиз келади. Қисқа фурсат ичида 3 та 16 қаватли, 17 та 9 қаватли уй-жойлар қад кўтарилгани фикримизни исботлайди.

“Янги Ўзбекистон” массивидаги қатор лойиҳалар ва амалга оширилаётган ишларни жойига бориб танишиш мақсадида бизга шу ерда вилоят ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Ҳамид Хасанов ҳамроҳлик қилди.

Айни пайтда “Янги Ўзбекистон” массивидаги бунёдкорлик ишларида 24 та қурилиш компаниялари ва масъулияти чекланган жамиятлар фаолият кўрсатмоқда.

Лойиҳага кўра массивда жами 105 та уй-жой қурилиши режалаштирилган. 4500 нафарга яқин аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудда ва ижтимоий объектларда электр энергияси, табиий газ, оқова сув ва тоза ичимлик суви каби коммунал хизматлар билан боғлиқ масалалар ҳал этиб бўлинган. Янги массивда дастлабки босқичда 64 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиши режалаштирилган.

Массивда 1680 ўринли мактаб, 300 қатновга мўлжалланган давлат мактабгача таълим ташкилоти, 2 та мини ўйингоҳ, ёшлар учун акфа парк, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари, гипермаркет, меҳмонхона, экобозор, автотураргоҳ, бекат, АЁҚШ каби 30 та объектлар барпо этилади. 50 гектарлик “Янги Ўзбекистон боғи” ҳам келажакда ҳудуд аҳолиси ва меҳмонлари учун маданий ҳордиқ масканига айланади.

Куз-қиш мавсуми учун иситиш тизимининг бир меъёрда ишлаши муҳим жиҳат. “Янги Ўзбекистон” массивини тўлиқ иситиш тизими билан таъминлайдиган қозонхонага пресс-тур иштирокчилари ташриф буюришди.
Қиймати 50 миллиард сўмни ташкил қилган қозонхона Туркиянинг “MIMSAN GROUP” компаниясининг энерго-тежамкор технологияси асосида ишлайди. Куз-қиш мавсумида кўмир ёқилғисида ишлайдиган ягона марказлашган қозонхона ойига 50000 тонна кўмирни сарфлайди. Энг асосийси, янги инновацион технология усулида ишлайдиган қозонхонада кўмир учта босқичда фильтрдан ўтади. Бу эса ортиқча кўмирни тежаш имконини беради. Қолган мавсумларда эса тармоқ кундалик режим тизимида ишлайди. Яна бир янгилик. Массивга қадар тортилган 600 метрлик иситиш тармоғи тўлиқ туннел қазиш усулида тортилган. Бу эса тизимдаги узилишларни фавқулодда аниқлаш, инфратузилмага ортиқча шикаст етказмаслик учун қулайлик туғдиради.

Пресс-тур иштирокчилари лойиҳа бўйича барпо этилаётган тест маркази, инновацион технопарк, 16-қаватли турар жой, шоурум (“Янги Ўзбекистон” массивининг макети жойлаштирилган томоша зали каби қатор қурилиш объектларида олиб борилаётган ишларга гувоҳ бўлдилар.

Навбатдаги манзил Шароф Рашидов туманининг Тоқчилик МФЙдаги Отчопар массивига ташриф буюрган журналистлар бу ерда ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўлишди.

Айни пайтда бу жойда 11 та беш қаватли, 32 та 4-қаватли уй-жойлар қуриб битказилди. Қурилиш лойиҳасига кўра массивда мактаб, мактабгача таълим ташкилоти, савдо ва кўнгилочар, сервис хизмати кўрсатувчи қатор шаҳобчалар бунёд этилади.
Туман қурилиш бўлими бош мутахассиси Нодир Имомқуловнинг айтишича, массивда жами 80 та уй қурилиши режалаштирилган. 6000 нафарга яқин аҳоли истиқомат қиладиган массивда маҳалла биноси, оилавий поликлиника, болалар майдончалари бунёд этилади. Барча уйлар канализация тизимига уланади. Тоза ичимлик суви тармоғи массивга “Наргиза” сув иншоотидан келтирилмоқда. Ёпиқ дренаж тармоқлари ўрнатилиб, атроф ободонлаштирилмоқда. Йил якунига қадар 8 та беш қаватли уй қуриб битказилса, аҳоли таклиф ва талабларидан келиб чиқиб, келгуси йили яна 12 та шундай типдаги уй-жойлар барпо этилади.

Пресс-тур иштирокчилари шунингдек, Олмазор маҳалласидаги янги фойдаланишга топширилган кўп қаватли турар жойлар, ижтимоий соҳа объектлари ва бу ерда аҳоли учун яратилган шароитлар билан ҳам яқиндан танишдилар.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати 

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!