Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Рағбат – келажакка қанот
05 сентябрь 2024 г 251 Комментарии: 0
Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танлови ёшлар ўртасида чет тилларини ўрганишга қизиқишни оширишга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади.
Дастлаб танловнинг туман (шаҳар) босқичида ўқувчиларнинг грамматика, ўқиб тушуниш ва луғат бойлиги бўйича билимлари синалса, вилоят босқичида ёзиш ва оғзаки нутқ кўникмалари ҳам синовдан ўтади.
Апрель ойида якунланган танловнинг вилоят босқичидан сўнг 3 ой мобайнида 5 нафар иқтидорли ўқувчимиз билан республика босқичига тайёргарлик кўрдик. Биз уларни масъулиятли синовга руҳан тайёрлаш мақсадида CEFR ва IELTS имтиҳонларига йўлладик. Натижада 2 нафари IELTSдан 7 ва 8 даража, уч нафари CEFRдан 65-70 балл тўплашди. Шу сабаб республика босқичида ўқувчиларимиз тўплаган умумий балл 75 дан 68.5 ни ташкил қилди. Очиғи, бу инглиз тили ўқитувчилари учун ҳам ҳавас қиларли даража ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 27 июнда имзоланган «Ёшларни хорижий тилларга ўқитиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор янги имкониятлар эшигини очди. Ушбу қарорга кўра, ёшларни хорижий тилларга ўқитиш жараёнларини такомиллаштириш, талаб юқори бўлган чет тилларини мукаммал ўзлаштириш учун шароитларни кенгайтириш ҳамда имтиҳон топшириш харажатларини қоплаш белгилангани кўпчиликни мамнун қилди.
Бугунги кунда хорижий тилни мукаммал ўрганиш учун дарсдан ташқари ўқув курсларига бориш анъана тусини олган. Бу эса ўз-ўзидан маблағга бориб тақалади. Боз устига имтиҳон харажатларини ҳам инобатга олсак, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларининг имкониятини чекларди. Эндиликда хорижий тилларни ўрганиш учун онлайн платформаларнинг ишга туширилиши, турли грантлар доирасида бепул ўқув курсларининг ташкил этилиши тил ўрганиш иштиёқида бўлган барчани қамраб олиш имконини бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танловининг республика босқичига тайёргарлик жараёнида заҳматкаш ва жонкуяр ҳамкасбларимиз ҳам ёрдамини аямади. Куни билан мактабда, кечқурун 24:00 гача видеочат орқали ўқитувчилар Шаҳноза Умурзоқова, Нафиса Алмонова билан ҳамкорликда тўртта кўникма бўйича ишладик. Бизни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаган мактабимиз директори Дилфуза Саидова ва ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Шаҳноза Бозоровадан миннатдормиз. Меҳнатларимиз бесамар кетмади. Энг муҳими, юзимиз ёруғ бўлди. Танловнинг 19-23 август кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтган финал босқичида мактабимиз жамоаси 1-ўринни эгаллади.
Маълумки, тил билиш даражаси тинглаб тушуниш, ўқиш, гапириш ва ёзиш кўникмаларига асосан баҳоланади. Буларнинг ўзига яраша қийинчилиги бор. Бироқ тил кўникмалари ичида иншо ёзиш энг мураккаби ҳисобланади. Шундай бўлишига қарамай, «The best writer – Энг яхши иншо ёзувчи» номинациясида ўқувчимиз Шаҳина Баҳодированинг ғолиб бўлгани барчамизни икки карра қувонтирди. Ўқувчимиз бу билан иншо ёзиш кўникмасини пухта эгаллаганини ҳам исботлаб, жиззахлик ёшларнинг тил ўрганишга иштиёқи, билимга ошнолиги ва ғолибликка ҳар томонлама муносиб эканлигини намойиш этди.
Жамоамиз 500 миллион сўм билан мукофотланди. Танлов низомига кўра, ушбу маблағнинг 50 фоизи мактабда инглиз тили хоналарини моддий-техник жиҳозлаш учун сарфланса, қолган 50 фоизи иштирокчи ўқувчилар ва танловга тайёрлаган устозлар ўртасида тенг тақсимланади.
Биргина бу эмас. Президент совғаси сифатида танловнинг республика босқичи барча — 84 нафар иштирокчилари ва уларнинг устозлари ўз билим ва кўникмаларини ривожлантириш учун хорижга таълим саёҳатига юборилади.
Бугунга қадар хорижий тилларни ўрганиш жараёни мактабларимизда умуммиллий ҳаракатга айланиб улгурган бўлса, эндиликда бу жараён икки-уч карра жадаллашиши турган гап. Зеро, моддий ва маънавий рағбат барчани янада руҳлантириб, изланишга ундаши шубҳасиз.
Мадина УРДУШEВА,
Жиззах шаҳридаги 22-мактаб инглиз тили ўқитувчиси
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!