Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззах вилоятида Абу Али ибн Сино номидаги биология олимпиадаси ўтказилади
19 октябрь 2019 г 1 777 Комментарии: 0
Халқ таълими вазирлиги томонидан Жиззах вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда жорий йилнинг 22 октябрь куни Абу Али ибн Сино номидаги биология (қўшимча республика) олимпиадаси бўлиб ўтади.
Ушбу олимпиада Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилмоқда.
Жиззах шаҳридаги “Умид” ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ўтказиладиган мазкур олимпиадада 2018-2019 ўқув йилида асосий фан олимпиадасининг III босқичида ғолиб бўлиб (1-2-3-ўрин), ҳозирги кунда умумий ўрта таълим мактабларининг 10-11-синф, академик лицейларнинг 1- ва 2-босқич ҳамда касб-ҳунар коллежларининг 3-босқичида таҳсил олаётган 100 нафардан ортиқ иқтидорли ўқувчилар иштирок этади.
Олимпиада иштирокчиларига 40 та тест саволи ва ушбу тестларни бажариш учун 3 соат вақт ажратилади. Белгиланган муддат ичида иштирокчилар жавоб варақасини тўлдириб, назоратчиларга тақдим этишлари лозим.
Натижаларга кўра, энг юқори балл тўплаган иштирокчиларнинг уч нафари ғолиб деб топилади. Ғолиб ўқувчилар пул мукофоти ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланади.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!