» » “EUROASIYA GILAMLARI” МЧЖ - Жиззах вилоятининг гиламчилик анъаналарини тиклаган корхона

“EUROASIYA GILAMLARI” МЧЖ - Жиззах вилоятининг гиламчилик анъаналарини тиклаган корхона

19 ноябрь 2024 г 64 Комментарии: 0

Республика ва вилоятимизда ўтказилаётган ҳудудий саноат ярмаркаларида ўз маҳсулотлари билан фаол иштирок этиб келаётган Жиззах шаҳридаги “EUROASIYA GILAMLARI” МЧЖ воҳамиздаги йирик енгил саноат корхоналаридан саналади.

Йилига 1 млн. 500 минг метр квадрат маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга жамиятда айни пайтда 150 нафар маҳаллий ёшларнинг бандлиги таъминланган.

Эни беш метрли, 7 турдаги турли ўлчам ва ҳажмда ишлаб чиқарилаётган корхонанинг гиламларига харидорлар сафи кун сайин ортиб бораётир. Ўзига хос нафис, замонавийлик ва миллийлик руҳи сингдирилган турли дизайнда тўқилаётган гиламлар кўзни қувонтиради.

Икки гектар майдондан иборат ишлаб чиқариш цехларига Бельгиянинг “VandeWiele” ҳамда Германиянинг “Staubli Bayreuth” фирмаларининг дастгоҳлари ўрнатилган. Корхонада бир кунда буюртмага асосан 5000-7000 метр квадрат гиламлар тўқилаётир. Маҳсулот учун кетадиган асосий хом ашёлар жути ипи Бангладешдан, синтетик иплар эса Туркиядан келтирилади.
—Рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ҳаракат қилаяпмиз,—дейди “EUROASIYA GILAMLARI” МЧЖ раҳбари Умиджон Маннонов. —Ўтган йили Тожикистон Республикасига маҳсулотларни экспортга йўналтирган бўлсак, жорий йилда 88000 АҚШ долларилик маҳсулотни Озарбойжонга экспорт қилдик.

Жамиятда кўп йиллардан бери меҳнат қилиб келаётган уста Бобур Умаржонов, тўқувчилар Камол Жўраев, Комил Хасанов, опа-сингил Дилдора ва Дилафрўз Худоёрова ҳамда Яхшигул Усмоновалар ўз соҳасининг моҳирлари ҳисобланади.
Корхонада тайёрланган маҳсулотлар жамиятга тегишли 2 та махсус савдо дўконида харидорларга сотилмоқда. Шунингдек, бошқа тадбиркорлик субъектларига буюртма асосида маҳсулот етказиб берилаётир.

Айни пайтда маҳсулот турлари ва сифатини, кўлами ва янги иш ўринлари сонини ошириш, ишлаб чиқаришга сўнгги инновацион технологияларни жалб қилиш мақсадида Жиззах эркин иқтисодий зонасида 4 гектар майдонда корхонанинг яна битта қўшимча биноси қурилиши жадаллик билан олиб борилаётир. Янги ишлаб чиқариш корхонаси цехларига Туркия, Бельгия ҳамда Германиядан гилам тўқиш дастгоҳлари ўрнатилади. Натижада корхонанинг ишлаб чиқариш қувватлари ва маҳсулот сифати икки ҳисса ортади.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!