Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Шавкат Мирзиёев “Мирзачўл текс” корхонасини бориб кўрди
31 январь 2019 г 2 134 Комментарии: 0
Ушбу корхона фаолияти уч босқичли лойиҳа асосида йўлга қўйилади. Биринчи босқич 2018 йил декабрда ишга туширилган. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.
Хитой ва Туркиядан 100 дона тикув дастгоҳи олиб келиб ўрнатилган. Етмишдан зиёд хотин-қиз иш билан таъминланган.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида 240 иш ўрнига мўлжалланган жинси мато тўқиш йўлга қўйилади. Учинчи босқичда ип-калава йигирув амалиёти ишга тушади. 2021 йилгача корхона тўлиқ қувват билан ишлаши кўзда тутилган. Бу туманда 800 га яқин иш ўрни яратиш имконини беради.
Шавкат Мирзиёев корхона фаолиятини ривожлантиришга доир муҳим кўрсатмалар берди. Хотин-қизларни иш билан таъминлашга доимий эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Шу ернинг ўзида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш лойиҳа тақдимоти бўлиб ўтди. Хусусан, мамлакатимизнинг Россия Федерацияси, Франция ва Беларусь Республикаларидаги элчихоналаримиз томонидан вилоятга жалб қилинган инвестициялар тақдимоти, шунингдек, Жанубий Корея, Туркия, Ҳиндистон, Хитой каби давлатлардан келган инвесторлар ўз лойиҳаларини давлатимиз раҳбари эътиборига ҳавола қилди.
Тақдимотга кўра, россиялик инвесторлар ёритиш ускуналари, автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалигига замонавий технологияларни жорий этиш, франциялик ишбилармонлар эса архитектура ойналарини ишлаб чиқариш, мевани қайта ишлашга қизиқиш билдирмоқда. Шунингдек, Францияга анор, қовун, қизилмия илдизини экспорт қилиш режалаштирилган.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!