» » Аҳоли фаровонлигини ошириш бунёдкорлик ишларимизнинг бош мақсадидир

Аҳоли фаровонлигини ошириш бунёдкорлик ишларимизнинг бош мақсадидир

11 август 2018 г 4 357 Комментарии: 0

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 10 август куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида пойтахтимиз туманларида бўлди. 

Кейинги йилларда Тошкент шаҳрида мисли кўрилмаган бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бугун пойтахтимиз том маънода қурилишлар майдонига айланган. Янги-янги иншоотлар, корхоналар, тиббиёт ва таълим муассасалари, спорт мажмуалари, равон йўллар, кўприклар, маҳалла гузарлари, бозорлар, боғлар, хиёбонлар фойдаланишга топширилди. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. 
Давлатимиз раҳбари дастлаб Чилонзор туманида Бунёдкор ва Чўпонота кўчалари кесишмасида қурилган замонавий кўприкни бориб кўрди. 
Пойтахтимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, тирбандликларнинг олдини олиш, пиёдалар учун қулайлик яратиш мақсадида кўплаб кўприк ва йўл ўтказгичлар бунёд этилмоқда. Бунёдкор ва Чўпонота кўчалари кесишмасида қурилган замонавий кўприк шулардан биридир. 

6 (4).JPG
Шавкат Мирзиёев ғояси ва ташаббуси билан бунёд этилган ушбу иншоот қадим Тошкентнинг тарихий жозибасини сақлаган ҳолда, уни янгилаш, замонавий мегаполисга айлантириш, пировардида аҳолининг узоғини яқин қилишда жуда муҳим аҳамиятга эга. 

"Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамиятига қарашли "Кўприк қурилиш трести" унитар корхонаси бунёдкорлари томонидан қурилган йўл ўтказгичнинг умумий узунлиги 667,5 метр, эстакада қисми 488,5 метр бўлиб, баландлиги 8 метр, кенглиги 24,5 метр. Кўприкда автомобиллар 6 қаторда ҳаракатланади. Шунингдек, 124 метрлик иккита пиёдалар ўтиш кўприги қурилди. Ногирон ва кексаларга қулайлик яратиш мақсадида лифт ва эскалатор ўрнатилди. 
Давлатимиз раҳбари бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди, қурувчилар билан мулоқот қилди. 

– Мамлакатимизда кўприк қуриш бўйича ўзига хос мактаб яратилди, – деди Президентимиз. – Ушбу кўприкни барпо этган бунёдкорларга алоҳида миннатдорлик билдираман. Бундан кейин қуриладиган кўприклар ҳам сифатли, жуда пухта бўлиши керак. Бир сўз билан айтганда, кўприклар ҳам бизнинг бунёдкорлик тимсолимизга айланмоғи зарур. 
7 (3).JPG
Объект қурилишида 50 га яқин техника, 250 дан зиёд ишчи-ходим иштирок этди. Йўл ўтказгич қурилишида 35,7 минг куб метр тупроқ, 42,6 минг куб метр бетон ишлари бажарилди. Ҳудудда ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, атроф кўкаламзорлаштирилди ва манзарали дарахтлар ўтқазилди. 

Янги иншоотни лойиҳалаштиришда ёритиш тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Унга кўра, кўприкка жаҳон стандартларига тўла жавоб берадиган энергия тежайдиган жиҳозлар ўрнатилди. 
Шавкат Мирзиёев бундай иншоотларни қулайлик ва хавфсизлик нуқтаи назаридан пухта лойиҳалаштириш, сифатли ва замонавий қилиб қуриш зарурлигини таъкидлади. Ушбу майдон ва кўчаларда янада қулайлик яратиш бўйича тавсиялар берди. 
Шу ерда давлатимиз раҳбарига пойтахтимиз ва ҳудудларда мавжуд кўприклар ҳолати, янги режалар ҳақида маълумот берилди. АҚШнинг «CRAFCO» компанияси ишлаб чиққан махсус техника ва ихчам механизациялар ёрдамида йўл ўтказгич ва кўприкларни таъмирлаш лойиҳаси намойиш этилди. Мазкур компания йўл ўтказгич ва кўприкларни мустаҳкамлаш ҳамда улардан фойдаланиш борасида инновацион технологияларни жорий қилишда дунёда энг илғор саналади. 
Давлатимиз раҳбари лойиҳани кўздан кечириб, ушбу компания технологияларидан унумли фойдаланиш, бунинг учун мутахассислар малакасини ошириш борасида тегишли кўрсатмалар берди. 
Президентимиз Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғини ҳам кириб кўрди. Боғни замонавий қилиб қайта қуриш, бу ерда очиқ ва ёпиқ аквапарк барпо этиш бўйича топшириқ берди. Боғдаги биронта ҳам дарахт кесилмаслиги кераклигини таъкидлади. 
Шавкат Мирзиёев Шайхонтоҳур тумани Камолон маҳалласида қурилаётган кўп қаватли уйларни бориб кўрди, ёзувчи-шоирлар билан мулоқот қилди. 
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 18 апрелдаги “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Адиблар хиёбонини барпо этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ушбу боғни халқимиз, авваламбор, ёшларимизнинг маданий-маърифий савиясини юксалтиришга хизмат қиладиган ҳар томонлама гўзал ва бетакрор масканга айлантириш, маънавий ҳаётимизда ўчмас из қолдирган атоқли сўз санъаткорларининг тарихий хотирасини абадийлаштириш мақсадида боғ ҳудудида Адиблар хиёбони, Ёзувчилар уюшмасининг янги биноси барпо этилди. 
14.JPG 
Хиёбон рўпарасида қурилаётган мазкур уй-жойлар ёзувчи ва шоирларга берилади. Қулайлик учун биринчи қаватда мактабгача таълим муассасаси ва оилавий поликлиника ташкил этилади. 
Шавкат Мирзиёев қуриб битказилган хонадонлардан бирига кирди. Оилаларнинг тинч-фаровон яшаши, болаларнинг баркамол бўлиб улғайиши учун зарур шароитлар яратиш бўйича топшириқлар берди. 
– Биз доимо зиёлиларни, ижодкорларни қўллаб-қувватлашимиз керак, – деди Президентимиз. – Улар яратган ибратли асарларни, шеърларни ёшларимиз қанча кўп ўқиса, маънавияти, маърифати юксалади, демакки, ватанпарвар бўлади. Ватанпарварлар қанча кўп бўлса, мамлакатимиз ҳам шунча тез равнақ топади. 
Давлатимиз раҳбари боғчада болаларга яратилган шароит билан танишди. 
– Мактабгача таълим тизими доимий эътиборимизда бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев. – Болалар айни боғча ёшида билимни тез ва осон ўзлаштиради, бир умрга эслаб қолади. Шунинг учун ушбу тизим ривожи билан боғлиқ масалалар доим диққатимиз марказида бўлиши керак. 
Мактабгача таълим муассасалари учун услубий қўлланмалар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратиш, бу ишларга тажрибали ижодкорларни ҳам жалб этиш лозимлиги қайд этилди. 
Шу ерда Тошкент шаҳри туманларида замонавий турар жой мажмуалари, ишбилармонлик марказлари, дам олиш масканлари ва сайилгоҳлар қуриш, жамоат транспорти хизматини яхшилаш бўйича лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. 
Президентимиз Бўзсув канали бўйида қурилган сайилгоҳни кўздан кечирди. 
Давлатимиз раҳбари Шайхонтоҳур туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид лойиҳалар билан танишди. 
Мамлакатимизда ишлаб чиқаришнинг турли соҳалари самарадорлигини оширишга қаратилган инновацион лойиҳа ва ишланмаларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай технологик янгиликлар мавжуд ишлаб чиқариш жараёнларини ўзгартириш, уларнинг чиқиндисиз ишлашини таъминлаш, харажатлар ва яроқсиз маҳсулотни салмоқли даражада камайтиришга хизмат қилади. 
15 (1).JPG

Технопарклар ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этади. Инновацион тадқиқотлар ўтказиш, ички ва ташқи бозорда юқори технологияли, рақобатбардош харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун етакчи саноат ва кичик инновацион корхоналар ташкил этиш уларнинг асосий вазифаларидир. Технопарклар зиммасига илмий-тадқиқот ва инновацион лойиҳалар самарадорлигини ошириш учун олий таълим муассасалари, академик доиралар ва ишлаб чиқарувчилар ўртасида ўзаро алоқани йўлга қўйиш вазифаси ҳам юклатилган. 
Туманнинг Оқилон маҳалласида бўш турган жойда технопарк ташкил этиш лойиҳаси шулардан бири. Тижорат банклари иштирокида бу ерда тўқимачлик маҳсулотлари, тайёр кийим-кечак ва спорт товарлари ишлаб чиқарадиган бир неча корхона ташкил этиш режалаштирилган. Бу хотин-қизлар ва туман ёшларини иш билан таъминлашда муҳим омил бўлади. 
"Асака" банки томонидан молиялаштирилаётган "Кўкча текстиль" масъулияти чекланган жамиятининг мато ишлаб чиқариш, унга гул босиш ва тикувчиликни ташкил этиш лойиҳаси доирасида 2 мингта иш ўрни яратилади. Шунингдек, банкнинг молиявий кўмагида Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида "Тўйтепа текстиль" масъулияти чекланган жамиятида янги лойиҳа амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа калава-ип ишлаб чиқариш, "индиго" жинси матосини тўқишни назарда тутади. 
"Кўкча текстиль" масъулияти чекланган жамияти томонидан ишчи-ходимлар учун кўп қаватли уй-жой ва маиший савдо мажмуаси қуриш лойиҳаси ҳам намойиш этилди. 
Шайхонтоҳур туманида айни пайтда 185 тўқимачилик саноати корхонаси фаолият юритмоқда. 2018-2019 йилларда туманда бу йўналишда яна 8 та лойиҳани амалга ошириш ва 1330 дан ортиқ иш ўрни яратиш режалаштирилган. 
Туманда "Certus textiles" масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилиши режалаштирилаётган "Трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш" лойиҳаси ҳам 100 та янги иш ўрни яратиш имконини беради. Лойиҳани амалга ошириш учун 5,6 миллиард сўм маблағ сарфланади. 
"Алоқа банк" томонидан молиялаштирилаётган АКТ йўналишида бизнес маркази ташкил этиш лойиҳаси "Cenesis Innovation" масъулияти чекланган жамияти ташаббуси билан амалга оширилаётир. Лойиҳа қиймати 55,5 миллиард сўм бўлган марказнинг 5 қаватли биносида 200 киши иш билан таъминланади. 
"Ўзмиллийбанк", "Ўзсаноатқурилишбанк" ва "Ипотекабанк" томонидан молиялаштирилаётган лойиҳалар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Шайхонтоҳур туманида замонавий кичик саноат зонаси, "AVTO RITET" бренди остида автомобилларга хизмат кўрсатиш бўйича кўп тармоқли мажмуа ташкил этиш, енгил саноат тармоғига инвестициялар жалб қилиш, замонавий уй-жойлар, тиббий диагностика маркази ва мактабгача таълим муассасалари барпо этиш, асални қайта ишлаш ва қадоқлашни йўлга қўйиш бўйича режалаштирилган лойиҳалар намойиш этилди. 
Давлатимиз раҳбари саноатни инновацион ривожлантириш, хорижий тажриба асосида маҳсулдорлик ва рақобатбардошликни ошириш бўйича кўрсатмалар берди. Тадбиркорларнинг инновацион лойиҳаларини қўллаб-қувватлади. 
Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғига ташриф буюриб, уни замонавий масканга айлантиришга қаратилган лойиҳалар билан танишди. 
Боғ марказида Абдулла Қодирийнинг муҳташам ҳайкалини ўрнатиш, боғни бошқалардан ажралиб турадиган қилиб қуриш, бу ерда адиб яшаган даврни акс эттириш зарурлиги таъкидланди. 
Чорсу бозори ва Гулбозор маҳалласида бунёдкорлик ишларини амалга ошириш, бу тарихий жойда туризмни ривожлантириш бўйича топшириқлар берилди. 
Президентимиз шу ерда маҳалла фаоллари ва зиёлилар билан суҳбатлашди. 
Шу куни Президент Шавкат Мирзиёев Шайхонтоҳур тумани иқтисодиётини ривожлантириш, уй-жой-коммунал соҳадаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича йиғилиш ўтказди. 
Мамлакатимизда ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш учун давлат бюджетидан етарли маблағ ажратилмоқда. Прогноздан ошган солиқ тушумлари маҳаллий бюджетлар ихтиёрида қолдирилиб, уларни сарфлаш бўйича маҳаллий ҳокимликларга кенг ваколатлар берилмоқда. 
Масалан, жорий йилда Тошкент шаҳрида прогнозга нисбатан 2 триллион сўмга кўп солиқ тушиб, маҳаллий бюджетда 1,5 триллион сўми қолиши кутилмоқда. Бу 2017 йилга нисбатан 10 баробар кўпдир. 
– Тошкентга ҳеч қачон бунча пул берилмаган. Биз нега 1,5 триллион сўмни шаҳарнинг ўзида қолдиряпмиз? Тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилиш, одамларнинг маиший шароитларини яхшилаш, уй-жойлар, боғчалар қуриш, иш ўринлари яратиш учун. Энди жойлардаги раҳбарлар ҳам ўзини қийнаши, садоқат билан ишлаши керак. Четдан келиб ҳеч ким ҳеч қачон қилиб бермайди, – деди Президентимиз. 
Йиғилиш олдидан Шайхонтоҳур туманидаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат ўрганилган, кўплаб муаммо ва камчиликлар аниқланган эди. Давлатимиз раҳбари бу муаммолар туман ҳокими, маҳалла фаоллари ва марказий идоралар раҳбарлари учун сабоқ бўлиши кераклигини таъкидлади. 
Аниқланган муаммоларни ҳал этиш ва аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида тумандаги 51 та маҳалла бўйича манзилли «йўл харитаси»ни тасдиқлаб, ижросини назоратга олиш юзасидан топшириқ берилди. 
– Бунда тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллаларни обод қилиш, спорт ва болалар майдончалари қуриш, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламларига моддий ёрдам беришга алоҳида эътибор қаратиш керак. Туманда 20 минг аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 4 та сектор кесимида манзилли дастур ишлаб чиқиш зарур, – деди давлатимиз раҳбари. 
Шавкат Мирзиёев учрашувга йиғилган тадбиркорлар билан мулоқот қилди. Улар олдида турган муаммоларни ҳал қилиш, режа ва таклифларини қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди. 
Зиёдулла Жонибеков, Алоуддин Ғаффоров,
Оқил Ғуломов олган (сурат) ЎзА
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!