Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззах вилоят ҳокими Э.Салиев: “Энг асосий мақсад — аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлаш”
08 февраль 2019 г 2 832 Комментарии: 0
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига икки кунлик ташрифи доирасида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишди.
Президентимиз раҳбарлигида вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Вилоят фаоллари, депутатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, туман ҳамда шаҳарлар ҳокимлари, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашган йиғилишда қатор устувор вазифалар белгилаб берилди.
Мухбиримизнинг Жиззах вилояти ҳокими Эргаш СОЛИЕВ билан суҳбати ана шу ташрифнинг аҳамияти ва келгуси режалар хусусида бўлди.
— Жиззахликлар давлатимиз раҳбарининг ташрифини диққат билан кузатдилар. Қисқа вақт ичида ҳаётимизда рўй берган ижобий ўзгаришлар, худди барча юртдошларимиз каби, шу ернинг туб аҳолиси вакили сифатида мени ҳам беҳад қувонтиради, — дея сўз бошлади Эргаш Алибекович.
— Албатта, кўп ишлар қилинди, лекин бажариладиган вазифалар бундан ҳам кўп.
Айнан шундай ташрифлар эса янги ғоя ва ташаббуслар ижроси учун кучли туртки беради.
Давлатимиз раҳбари барча соҳа бўйича жорий йилга мўлжалланган чора-тадбирларни ўз вақтида, сифатли амалга ошириш юзасидан аниқ топшириқлар берди.
—Айтинг-чи, уларни рўёбга чиқаришда қайси йўналишлар устуворлик касб этади?
—Мавжуд минерал-хом ашё захираларини ҳисобга олган ҳолда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ўзлаштирмоқчимиз. 1 231 гектар пахта даласида томчилатиб суғориш усулини жорий этамиз. 2019-2020 йилларда калава ип ишлаб чиқаришни 80 фоизга ошириш кўзда тутилмоқда. Жорий йилнинг ўзида ҳар бир туманда 25-30 гектар ерда иссиқхоналар барпо қилинади. Буларнинг барчаси, албатта, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.
Вилоятнинг қишлоқ хўжалигидаги салоҳиятидан янада унумлироқ фойдаланиш пайти келди. Шу боис боғлар ва узумзорларни кенгайтирмоқчимиз, бўш турган ерлардан ҳам самарали фойдаланишни мўлжаллаганмиз. Янгиобод, Зомин, Ғаллаорол, Бахмал ва Фориш туманларида чорвачиликка ихтисослаштирилган хўжаликлар фаолиятини ривожлантиришга катта эътибор қаратилади. Шунингдек, балиқчилик ва паррандачилик ҳам ривожлантирилади. Ҳар бир туманда 10 тадан маҳаллани қуён боқишга ихтисослаштиришни мўлжаллаяпмиз.
—Бунда, табиийки, инвестициялар муҳим роль ўйнайди. Уларни вилоятга жалб этиш жараёнини қандай қилиб фаоллаштириш мумкин, деб ўйлайсиз?
—Инвестиция жараёнларини фаоллаштириш орқали иқтисодиётда ижобий ўсишни таъминлашга эришиш мумкин. Президентимиз ташрифи доирасидаёқ хорижий молиявий маблағлар ҳажмини кўпайтириш масалалари устида ишлар бошлаб юборилди. Масалан, Фориш туманида вилоятнинг минерал-хом ашё базасини кенгайтириш, туманнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ҳамда туризм салоҳияти ва лалмикор ерлардан фойдаланиш имкониятидан самарали фойдаланиш бўйича лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди.
Бугунги кунда вилоятда 121 хорижий сармоя иштирокидаги корхона фаолият юритади. Соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва уларни изчил ривожлантириш учун барча шароит яратилган. Жорий йилда қиймати 21 триллион 956 миллиард сўмлик 598 та инвестициявий лойиҳани рўёбга чиқариш, шу жумладан, хорижий шериклар билан ҳамкорликда юқори технологияли ишлаб чиқаришни ташкил этиш режалаштирилган. Бунга Фориш туманида базальт тола ва шамол энергетикаси учун қурилмалар, Дўстлик туманида қуёш панеллари, Зоминда доривор ўсимликлар, Жиззахда юпқа ва безакли ойна ишлаб чиқаришни мисол қилиб келтириш мумкин.
Президентимиз ташрифи доирасида Корея Республикаси, Туркия, Ҳиндистон, Хитой ва бошқа давлатлардан келган инвесторлар ўз лойиҳалари бўйича тақдимот ўтказдилар. Албатта, жалб этиладиган инвестициялар ҳажми вилоятнинг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилиши лозим. Салмоқли капитал қўйилмалар шундагина кутилган натижани беради. Лойиҳаларнинг рўёбга чиқарилишини шахсан кузатаман. Режамизда, шунингдек, 200 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш алоҳида ўрин эгаллайди. Дастурга қўшимча равишда Россия Федерацияси ва Франциядан яна 600 миллион доллар шундай инвестиция жалб этилади. Умумий қиймати 14,1 триллион сўмга тенг бўлган 180 та лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилиши вилоят саноатини тараққий топтиришга кучли тўртки бериши, шубҳасиз.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари Фармонига кўра, 1 мартдан бошлаб вилоятимизда "Илғор ҳудуд" лойиҳасига старт берилади. Бунда замонавий, юқори технологияли ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, янги иш ўринлари очиш, аҳолининг маиший турмуш шароитини яхшилаш бўйича жуда катта вазифалар турибди.
—Сизнинг инвестиция масалалари бўйича ўринбосарингиз Азим Аҳмадхўжаев бошчилигидаги делегация Ўзбекистон ва Франция ўртасида минтақалараро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Францияда бўлди. Ушбу сафар натижалари ҳақида тўхталсангиз.
—Сафар дастурига биноан, Франциядаги етакчи агентлик, компания ва корхоналар вакиллари билан учрашувлар, "Илғор ҳудуд" лойиҳасининг тақдимоти ўтказилди. Мазкур лойиҳа доирасида аҳолининг даромадларини кўпайтириш ва турмуш шароитларини яхшилаш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, саноатнинг янги тармоқларини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади.
Франция томони вилоятимиз билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик ўрнатишга қизиқиш билдирди. Бу ҳамкорлик, жумладан, туризмни ривожлантириш, инфратузилмани такомиллаштириш, қишлоқ хўжалигини тараққий эттириш, қурилиш материаллари ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш, иқтисодиётнинг бошқа истиқболли йўналишларини ўз ичига олади. Учрашувлар натижасида "MEDEF International" ва Жиззах вилояти ўртасида келишув имзоланди. Ушбу ҳужжат қишлоқ хўжалиги ва саноат ишлаб чиқариши, тиббиёт, туризм ва ахборот технологиялари соҳаларини ривожлантириш, шунингдек, Жиззах вилоятида ишлаб чиқариладиган товарларни сотиш ва савдо ҳамкорларини топишни назарда тутади.
— Президентимиз ташрифи давомида аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мирзачўл тумани мисолида барча туман марказлари қиёфасини ўзгартириш вазифаси қўйилди. Бу мураккаб топшириқ қандай бажарилади?
—Айтиш жоизки, айнан бизнинг вилоятимиз мамлакатда биринчилардан бўлиб, давлат раҳбари ташаббуси билан илгари сурилган "Обод қишлоқ" дастурини амалга оширишга киришди. Атиги 45 кун ичида Дўстлик туманидаги Манас қишлоғининг қиёфаси бутунлай ўзгарди. Сўнгра эстафетани Мирзачўл тумани давом эттирди. Қисқа муддатда Гагарин шаҳрининг бир нечта маҳалласи тубдан ўзгартирилди. Бу хайрли ишлар учун 600 миллион сўмга яқин маблағ сарфланди. Юқорида номлари келтирилган аҳоли пунктлари бутун Ўзбекистон миқёсида энг обод ҳудудларга айланди. 1 200 дан ортиқ оилаларнинг турмуши яхшиланди. Дастур доирасида ҳар қайси туманда икки-учтадан, умумий ҳисобда 33 та аҳоли пункти обод қилинди.
Натижада 465 та кўп қаватли уй, 185 километр узунликдаги ичимлик суви қувурлари, 273 километр электр тармоғи, 10 километр газ узатиш тармоғи ва 210 километрлик ички йўллар таъмирланди. Уларга яна 78 та ижтимоий соҳа объекти, яъни мактабгача таълим муассасалари, мактаблар ва тиббиёт масканлари ҳам киради. 268 та бозор инфратузилмаси объекти реконструкция қилинди, бу эса 156 минг нафар фуқаронинг турмуш шароитини тубдан яхшилашга имкон берди. Жорий йилда ободонлаштириш ишларининг миқёси янада кенгаяди. Вилоятимизнинг барча туман марказлари обод қилинади. Айни пайтда эса бу борадаги ишларга жадал киришилди.
—Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш муҳим ижтимоий масалалардан биридир. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, эндиликда Зарафшон дарёсидан сув келтирилади. Бу йўналишда, шунингдек, тозалаш иншоотларини қуриш бўйича нималар қилиняпти?
—Президентимизнинг "Жиззах вилояти аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросини бажариш юзасидан катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу масалани ҳал этиш мақсадида "Жиззах вилоятида ичимлик суви таъминоти тизимини Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига яхшилаш" лойиҳаси тасдиқланди. Унинг рўёбга чиқарилиши аҳоли сув таъминоти бўйича замонавий тизим яратиш имконини беради.
Айни дамда янги қувватларни ишга тушириш мақсадида умумий қиймати 31,7 миллиард сўмлик истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилиб, жорий этилмоқда. Ушбу маблағ ҳисобидан 58 аҳоли пунктида эскирган сув таъминоти тизими реконструкция қилиниб, янгилари қурилади. Бунда 154 километр сув қувури тортилади, 23 артезиан қудуғи очилади ва 36 та сув олиш иншооти қурилиб, яна шунчаси реконструкция қилинади. Давлатимиз раҳбарининг ўтган йилги ташрифидан сўнг вилоятимизда "Жиззах шаҳар оқова сувлари тизимини тубдан реконструкция қилиш" лойиҳасини рўёбга чиқариш бошлаб юборилган. Бунда бир кеча-кундузда 30 минг куб метр сув тозалаш иншоотини қуриш, 62,5 километр канализация тизимини таъмирлаш, 20 мингдан зиёд ҳовлиларни марказий канализация тизимига улаш кўзда тутилган. Ушбу мақсадлар учун халқаро молиявий институтнинг 75 миллион доллар маблағи ҳамда 16 миллион доллар миқдордаги ўз маблағларимиз ажратилган. Лойиҳа рўёби вилоятдаги аҳоли пунктларининг сув таъминотини сезиларли даражада яхшилашга олиб келади.
—Бўлиб ўтган йиғилишда давлатимиз раҳбари ижтимоий соҳада йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни босқичма-босқич ҳал этиш зарурлигини таъкидлади. Бу борада энг устувор масалалар қайсилар?
—Энг аввало, бу аҳолининг турмуш даражасини кўтаришдир. Бунда эҳтиёжманд оилалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни тураржой билан таъминлашга алоҳида эътибор бериляпти. Ушбу тоифага кирувчи фуқаролар рўйхати шакллантирилди ва уларга босқичма-босқич муносиб ҳаёт шароитлари яратиб берилмоқда. Кейинги икки йил ичида кам таъминланган оилалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 505 та замонавий уй ва барча қулайликларга эга квартиралар топширилди. Шундай оилалардан 310 тасининг уйлари таъмирлаб берилди.
Бундан кейин ҳам кўп қаватли уйлар қуриш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш давом эттирилади. Уй-жойга тегишли дастурларни рўёбга чиқаришда нархларни шакллантириш ва ижтимоий инфратузилма мажмуаларини бунёд этишга эътибор қаратилади. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 30-31 март кунлари Жиззах вилоятига ташрифи доирасида берган топшириқларига кўра, вилоятда 135 та нодавлат ва оилавий мактабгача таълим муассасаси ташкил этилди. Бу эса 3-7 ёшли болаларнинг қамрови даражасини 22 фоиздан 32 фоизгача ошириш имконини берди.
—Эргаш Алибекович Президентимизнинг ҳар бир нутқида халқимизда адолатга, эртанги кунга ишончни оширишга алоҳида урғу берилади. Бу барча даражадаги раҳбарлар зиммасига катта масъулият юклайди. Бундай муҳим ва масъулиятли вазифани қандай уддаламоқчисиз?
—Бугун ҳаёт ҳам, одамлар дунёқараши ҳам жуда тез ўзгаряпти. Жамиятимиз тобора очиқ бўлиб бормоқда. Шундай шароитда аҳоли билан бевосита учрашувларни давом эттириш, кундалик муаммолар юзасидан мулоқот ўтказиш лозим, деб ҳисоблайман. Менимча, бу одамларни ташвишга солаётган муаммолар ечимига хизмат қилади.
Ленуре АДИЛЬШАЕВА
«Народное слова» газетаси
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!