Дўстлик туманидаги “Мега инвест статус” масъулияти чекланган жамияти маҳаллий шароитда Африка туяқушларини парваришламоқда.
Ўтган йили иш бошлаган ва 8 киши меҳнат қилаётган жамиятда туяқушлар бош сонини кўпайтириш мақсадида замонавий инкубаторлар ташкил этилиб, туяқуш жўжаларини очиришни йўлга қўйиш устида иш олиб борилаётир.
– Туяқуш гўшти дунё бозорида ўзининг мазаси, холестерини камлиги, парҳезбоплиги билан ажралиб туради, – дейди “Мега инвест статус” МЧЖ раҳбари Баҳодир Орипов. – Бундан ташқари, унинг терисидан қимматбаҳо маҳсулотлар олинади, тирноғидан эса бриллиант ва олмос тозалайдиган кукун, патидан пар ёстиқ тайёрланади. Шу боис, келгусида ушбу маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш мақсадида замонавий техника ва технологиялар сотиб оламиз.
Туманда жорий йил иккинчи чорагида “Маркана” МЧЖ томонидан ҳам 10 минг бош туяқуш келтириш режалаштирилмоқда. Ушбу лойиҳа ишга туширилгач, 400 иш ўрни яратилади.