» » Арнасой туманининг қиёфаси тубдан ўзгаради ​

Арнасой туманининг қиёфаси тубдан ўзгаради ​

14 февраль 2019 г 2 849 Комментарии: 0

Бирликда барака бор, бирлашган муродга етар, дейишади. Агар эзгу ишнинг боши тутилса, уни қўллаб-қувватловчилар, ҳисса қўшиш истагида бўлганлар тез уюшади. Президентимиз ташаббуси билан қишлоқ ва маҳаллаларни обод қилишга қаратилган ҳаракатлар бугун мамлакат бўйлаб кенг қулоч ёзаётгани ҳам шундан. 

Дўстлик тумани Манас қишлоғидан бошланган “Обод қишлоқ” дастури Мирзачўлнинг қатор шаҳар ва маҳаллаларида кенг кўламда давом этди. Ҳудудларда рўй бераётган бундай ободлик ва ўзгаришлар одамлар турмушига, кайфиятига ҳам кўчди. 
Яқин истиқболда Арнасой тумани ҳам илғор ҳудудлардан бирига айланади. Бугун бу ҳудудда яшаш учун қулай шароит, янги иш ўринлари яратиш, иншоотларнинг меъморий қиёфасини кўркамлаштиришга киришилди. 
Мамлакатимизда одамларни турмушидан рози қилиш, уларнинг ҳаёт сифати даражасини янада оширишга қаратилган дастурлар ижросини таъминлаш мақсадида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Бу тадбирларда ички ишлар органлари ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқда. 
Президентимизнинг жорий йил 30-31 январь кунлари Жиззах вилоятига ташрифи чоғида берган топшириқлари ҳамда 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Ички ишлар вазирлиги вилоятнинг Арнасой тумани марказини обод ҳудудга айлантиришга масъул бўлмоқда. Бу ишларни ўз вақтида амалга ошириш учун таркибида ички ишлар ва ҳокимлик вакиллари бўлган 11 та ишчи гуруҳ тузилди. 
Ишчи гуруҳлар айни кунларда туман марказидаги Ғолиблар шаҳарчаси ҳамда Бобур ва Ғафур Ғулом номидаги маҳаллалар, Олтин водий қишлоғидаги 41 та кўп қаватли уй ва 1 минг 700 дан ортиқ якка тартибдаги турар жойлар ёнида қурилган ноқонуний биноларни бузиш чораларини кўрмоқда. Бу тадбирга зарур юк ташиш, ортиш машиналари, бошқа юмушлар учун бульдозер, автогрейдер, экскаватор, автокранлар жалб этилди. 
Қарийб 16 минг нафар аҳоли истиқомат қиладиган туман марказининг меъморий бош режасини тайёрлаш ишлари ҳам якунланиш арафасида. Йўллар, пиёдалар йўлаклари, истироҳат боғлари, бетон ариқлар, ер ости сувларини қочириш дренажлари барпо этилади. Дастур бўйича юқумли касалликларни даволаш бўлими, 7 та мактабгача таълим муассасаси, 4 та маҳалла гузари, Нуронийлар маскани, кутубхона, савдо мажмуалари, "Гўзаллик салони", ҳаммом, сартарошхона, тикувчилик цехи каби объектлар ишга туширилади. 
Бундан ташқари, 12 километр узунликда ичимлик суви, 3 километрлик оқова сув, 20 километр масофага электр, 2 километрдан ортиқ газ, 11 километрлик ички ирригация тармоқлари тортилади. Ташкил этиладиган 13 та болалар майдончаси, 1 та сузиш ҳавзаси, таъмирланиши кутилаётган туман тиббиёт бирлашмаси биноси аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Давлат хизматлари агентлиги биноси, маданият саройи, масжид таъмирдан чиқарилади. 
Туман бандликка кўмаклашиш маркази, прокуратура, мажбурий ижро бюроси, “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси, ободонлаштириш бошқармаси жамоалари ҳам янги биноларга эга бўлади. Замонавий мажлислар зали, ёшлар боғи, стадион қурилади. Бир сўз билан айтганда, туман марказининг қиёфаси тубдан ўзгаради. 
– Бу ишларда бошқармамизнинг 60 нафар, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг 10 нафар ходими иштирок этмоқда, – дейди Жиззах вилояти ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари подполковник Шароф Шукуров. – Биз аҳолига “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурларининг аҳамияти тўғрисида тушунча бериш билан бирга, ноқонуний иншоотларни бузиш, қуриш, таъмирлаш жараёнларини, иш сифати ҳамда техникалар фаолиятини назорат қиляпмиз. Ўзимиз ҳам ҳашарда фаол қатнашмоқдамиз. Айни пайтда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашга ҳам эътибор қаратилмоқда. Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, даволаниш учун йўлланма, ногиронлиги бўлган шахсларга аравача ҳамда эшитиш мосламалари ажратиш чоралари кўриляпти. 
Табиийки, катта бунёдкорлик ишлари бошланган туманда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, йўл ҳаракати, ёнғин, техника хавфсизлиги масалалари ҳам доимий эътиборда бўлади. Жорий йилда туман ички ишлар бўлими ва ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисми биноси таъмирдан чиқарилади, янги ёнғин ўчириш техникаси билан таъминланади. Йўл-патруль хизмати биноси қурилади. 4 та аҳоли пунктида 8 та жамоатчилик назорат маскани барпо этилади. 41 та кўп қаватли уй, 28 та кўча, йўл кесишмалари ва аҳоли гавжум жойларга кузатув камералари ва 150 та тунги ёритгич ўрнатилади. Буларнинг барчаси жиноятларнинг олдини олиш имкониятини кенгайтиради. 
Ҳудудда тобора қанот ёза бошлаган бунёдкорлик-ободонлаштириш ишлари одамлар кайфиятида ҳам намоён бўлмоқда. Аҳоли ноқонуний иншоотларни бузиш ишларида фаол қатнашмоқда. 
Ишбилармонлар яратилган имкониятлардан фойдаланиб, тадбиркорлик билан боғлиқ режаларини амалга оширишга бел боғлаган. Туманда ишбилармонлар томонидан 2 та мини-футбол майдони, 4 та нон ишлаб чиқариш цехи, 3 та савдо шохобчаси, 3 та "Гўзаллик салони", 6 та тикувчилик цехи, шунингдек, овқатланиш шохобчаси, тўйхона, қандолатчилик цехи, дорихона ва бозор фаолияти йўлга қўйилади. 
– Ҳудудда 100 та иш ўрнига эга енгил саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда, – дейди туман ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулзода Ҳайдарова. – Бу корхонада ишни икки сменада ташкил этиш ва иш ўринлари сонини ҳам икки ҳиссага кўпайтириш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, бу йил яна 6 та ана шундай корхона ишга туширилади. Иш ўринлари сони 1 минг 200 тага етказилади. 10 нафар хотин-қизга тадбиркорлик учун 7 фоизлик кредитлар ажратилмоқда. 2 нафар аёл хусусий мактабгача таълим муассасаси очди. Яна 5 нафари ана шундай муассаса фаолиятини йўлга қўйиш устида ишлаяпти. 
Яхши дам – меҳнатга ҳамдам, дейдилар. Туман марказини обод қилаётганлар ҳамда ҳудуд аҳолиси учун маданий-маърифий тадбирлар, концерт дастурлари, ижод аҳли билан учрашувлар ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 
И.АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири 
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!