» » Фориш туманида собиқ афғончилар билан учрашув ўтказилди

Фориш туманида собиқ афғончилар билан учрашув ўтказилди

16 февраль 2019 г 2 100 Комментарии: 0

Фориш туманида Афғон урушида 98 нафар йигитлар қатнашган бўлса, уларнинг 5 нафари жанг майдонларида ҳалок бўлишди.

Собиқ Иттифоқ тарқалиб кетгандан сўнг собиқ афғон жангчиларига нисбатан эътибор сусайгани, уларнинг қисматига лоқайд қаралгани ҳеч кимга сир эмас.

Аммо, бир нарса аёнки, ўзбекистонлик минглаб йигитлар 1984 – 1994-йилларда Афғонистон диёрида халқаро терроризмга қарши ўз хизмат бурчларини сидқидилдан адо этишган. Улар ўша даврда 18-22 ёшлар атрофидаги жасоратли, мард йигитлар эди.

Тақдирдан қочиб қутулиб бўлмайди. Йигитларимизнинг 5 нафари – Ҳаким Ҳотамов, Ўктам Ҳожиев, Бегмат Ҳасанов, Ҳабибулло Тўлаков, Оналбек Онғаровлар жанг майдонларида ҳалок бўлишди. Халқимиз ушбу йигитлар номини ҳали унутишгани йўқ. Уларнинг яна 7 нафари ватанимизга қайтгандан кейин вафот этишди. Афғон жангчиларига яратилаётган имтиёзларни кенгайтириш масалалари ҳукуматимиз томонидан кўриб чиқилмоқда. Бугунги кунда собиқ афғон жангчиларидан Нурмуҳаммад Эгамов, Ботир Тўраев, Араббой Ҳожиев, Шодмон Сайдаҳмедов, Неъмат Алибеков, Бахримурод Жумаев, Шокир қўнғиров, Тиркач Умаров ва бошқа собиқ афғон жангчилари айни кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиланишларда фаол иштирок этиб, турли соҳаларда самарали меҳнат қилишяпти.

Давлатимиз раҳбари уларнинг жасоратини муносиб баҳолаб, ҳар соҳада фаолият юритаётган бу собиқ жангчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳамият қаратиш лозимлигини таъкидлаб келмоқда.

Амир Темур номли 1-умумтаълим мактабида ўқувчи-ёшларнинг собиқ афғон жангчилари билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда «Жангчи фахрийлар ва ногиронлар» жамияти туман бўлими раиси Шодмон Сайдаҳмедов, собиқ жангчилар Фориш маиший хизмат касб-ҳунар коллежи директори вазифасини бажарувчи Нурмуҳаммад Эгамов, Ботир Тўраев ва бошқалар ўқувчиларга ўша оловли кезлар халқаро терроризмга қарши олиб борилган жанглар ҳақида сўзлаб бердилар.

– Афғон синдроми» деган иборани барча собиқ жангчилар унутишгани йўқ. Эндиликда тиббий муолажалар, соғлигимизга эътибор кучайтириляпти, – дейди собиқ афғон жангчиси Фориш маиший хизмат касб-ҳунар коллежи директори Нурмуҳаммад Эгамов. – Биз собиқ жангчиларга берилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимизга миннатдорчилик билдирамиз.

Тадбир ниҳоясида ўқувчи-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга собиқ афғон жангчиларидан жавоб олишди.

Бу каби ҳарбий ватанпарварлик тадбирлари туманимизнинг бошқа таълим муассасаларида ҳам давом этмоқда.

Рашид КАРИМОВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!