» » Зомин туманида Суюновлар ҳужжатли бўлишди

Зомин туманида Суюновлар ҳужжатли бўлишди

20 февраль 2019 г 1 970 Комментарии: 0

Маълумки, аҳоли турмуш даражасини аниқлаш, яшаш шароитлари билан яқиндан танишиш мақсадида турли соҳа вакиллари билан аҳоли ўртасида юзма-юз мулоқотлар мунтазам равишда ўтказиб келинаяпти. Яқинда бўлиб ўтган ана шундай учрашувлардан бирида “Навоий” қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Пшағор қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро Аҳрор Суюнов вилоят прокурорига ўзининг турмуш ўртоғи билан никоҳ тузилганлиги тўғрисида гувоҳнома ҳамда 3 нафар фарзандларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари йўқлиги ҳақида мурожаат қилган. Бу ҳақда Зомин тумани ҳокимлиги расмий сайтида хабар берилмоқда.

Ушбу мурожаатни тегишли равишда ҳал этиш учун туман прокурори И. Алиқулов томонидан берилган топшириқ асносида мурожаат қилувчи билан шахсан учрашдик. Маълум бўлишича, “Пшағор” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 1981 йилда туғилган Аҳрор Суюнов ҳамда Мадира Ўроловалар 2006 йили турмуш қуришган. Лекин баъзи сабабларга кўра ФҲДЁдан тегишли равишда никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома олишмаган.

-Бир фарзандим Жиззах шаҳридаги туғруқхонада, яна бири Равотдаги қишлоқ врачлик пунктида туғилган, - дейди Мадира Ўролова. – Учинчи фарзандим туғилди ҳамки, никоҳ тузилганлиги тўғрисида гувоҳномамиз йўқлиги сабабли болаларимга туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ола олмаганмиз.

Мурожаат қилувчиларнинг оилавий шароити ўрганиб чиқилгач, туман Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлими билан ҳамкорликда тегишли ҳужжатлар жамланди ҳамда А. Суюнов ва М. Ўроловаларга никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилди. Бундан ташқари ушбу фуқароларнинг фарзандлари - 2007 йилда таваллуд топган Зуҳриддин Очилов, 2009 йилда туғилган Диёрбек Ачилов ҳамда 2013 йилда таваллуд топган Севинч Ачиловаларга ҳам тегишли тартибда туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар топширилди.

Мамлакатимиз Президентининг 2018 йил 12 июндаги “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3785-сонли қарорига асосан шу каби масалалар юзасидан туман ФҲДЁ бўлими билан ҳамкорликдаги ишларимиз давом этмоқда. Мақсад – турли сабаблар билан тегишли ҳужжатларини ола олмаган фуқароларимизга, айниқса, болаларга кўмак бериш билан бирга, уларнинг ҳужжат ишларида сарсон бўлишларининг олдини олишдир.

Д. МЎМИНОВ,

туман прокурори ёрдамчиси

вазифасида иш ўрганувчи.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!