» » Ёшлар Мирзачўлда амалга оширилган ишлар билан таништирилди

Ёшлар Мирзачўлда амалга оширилган ишлар билан таништирилди

11 март 2019 г 2 050 Комментарии: 0

Жиззахдаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларидан юз нафари Мирзачўл туманига саёҳатга олиб чиқилди.

Вилоят ҳокимлигининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ишлаш бўйича котибияти ички ишлар бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорликда ташкил этган саёҳатда болалар “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” давлат дастурлари доирасида Мирзачўл туманида амалга оширилган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини танишдилар.
Саёҳат давомида болалар туманнинг диққатга сазовор жойларида бўлишди. Болаларнинг саёҳати сайёрамизнинг биринчи фазогири номи билан аталган туман марказида Юрий Гагарин ва “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гул қўйишдан бошланди. 
8.jpg
Ўтган асрнинг 60-йиллари собиқ Ержар ишчилар посёлкаси ўрнида барпо этилган Гагарин шаҳри юртимизнинг тарихий масканларидан бири ҳисобланади. Жанубий Қизилқумни ўзлаштириш айни шу ердан бошланган. Бу ерда Мирзачўлни ўзлаштиришга келган дастлабки чўлқуварларнинг авлодлари яшайди. 
Чўлдаги энг биринчи мактаб, энг биринчи болалар боғчаси, бу ерда камол топган инсонлар, биринчи қаҳрамонлар тақдири саёҳатчи болаларда катта қизиқиш уйғотди. Шаҳардаги рус тилига ихтисослаштирилган 1-умумтаълим мактаби Мирзачўлда ташкил этилган биринчи билим даргоҳи ҳисобланади. Дастлабки даврларда жами юз нафар ўқувчи ўқиган мактабдан кўплаб кўплаб таниқли кишилар етишиб чиққан. 
97.jpg
Ўтган йили тўлиқ реконструкция қилинган ушбу замонавий таълим муассасаси ҳаёти билан танишув саёҳатчи болаларда катта таассурот қолдирди.
Болалар махсус автобусларда Гагарин шаҳри бўйлаб қилган саёҳатлари давомида “Алпомиш” ёшлар спорт мажмуасида, ”Ўзбек-Қозоқ” маданият маркази ва бошқа диққатга сазовор жойларда бўлишди. Шаҳарда амалга оширилган кўкаламзорлаштириш ишларида иштирок этиб, эсдалик учун кўчат экишди. “Чўлқувар” маданият саройида ўтказилган маданий тадбир ва турли бадиий танлов ғолиблари иштирокида концерт янада мароқли бўлди.
– Ўтган йили “Саёҳат” лойиҳаси доирасида 187 марта республикамиз ва вилоятнинг диққатга сазовор жойларига сафарлар ташкил этилган эди, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши бўлими мудири Шукрулло Жўраев. – Вилояти хокимлигининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ишлаш бўйича котибияти ташаббуси билан амалга ошириб келинаётган ушбу лойиҳа бўйича уюштирилган экскурсия ва саёҳатларга турли ёт ғояларга адашиб кириб қолган фуқароларнинг, кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини жалб этишга эътибор қаратилаётир. Саёҳат ва экскурсиялар давомида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ёшларнинг билимлари оширишида, Ватанимиз тарихи ва бугунги ҳаётини ўрганишларида, дунёқарашларининг кенгайишида муҳим аҳамиятга эга бўлаётир.
Тошқул Бекназаров
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!