Жиззах вилояти ҳокимлиги » Ёшлар сиёсати » Фоторепортаж : Жиззахда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни нишонланди
08 май 2019 г 3 100 Комментарии: 0
Жиззах шаҳридаги Хотира майдонида 9 май - Хотира ва қадрлаш куни ва Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 74 йиллиги муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.
Инсоният тарихида олтмиш миллиондан зиёд одамларнинг ёстиғини қуритган Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистондан бир ярим миллиондан зиёд ота-боболаримиз узоқ совуқ ўлкаларда Ватан озодлиги учун жанг қилишди. Уларнинг сафида 39 620 нафар Жиззахнинг мард ўғлонлари елкама-елка туриб қонли жангларда фашизм устидан қозонилган ғалабага ўз ҳиссаларини қўшишди.
Бугун вилояда қирқ мингга яқин иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан 35 нафари ва 942 нафар уруш орти меҳнат фахрийлари эл-юрт ардоғида истиқомат қилмоқдалар.
Хотира майдонида Афғонистондаги жанг майдонларида 36 нафар ҳамда диний экстремизм ва терроризмга қарши жангларда ҳалок бўлган
6 нафар хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган йигитларнинг номи хотира китобига киритилиб абадийлаштирилди.
Айни дамларда ушбу санага бағишланган тантана-ю, тадбирлар вилоятимизнинг барча жойларида алоҳида кўтаринкилик билан ўтказилмоқда.
Хусусан, маҳаллий ҳокимликлар, маданият ва спорт ишлари, мудофаа ишлари бошқармалари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, хотин-қизлар қўмитаси, маънавият ва маърифат маркази, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимлари ҳамда бошқа бир қатор нодавлат ташкилотлари бу санани кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар билан қарши олишаяпти, уруш ва фронт фахрийлари ҳолидан хабар олинаяпти.
Ёшлар учун вилоятимиз марказида ҳарбийлар томонидан Иккинчи жаҳон урушидаги ҳарбий техникалар паради намойиш этилмоқда.
Тантанали ўтган тадбирда вилоят ҳокими Эргаш Салиев сўзга чиқиб
бугунги қутлуғ айёмда ота-боболаримизнинг шонли анъаналарини муносиб давом эттириб, Ватан ҳимояси йўлида ўзини аямасдан, фидокорона хизмат қилаётган мард ва жасур аскарларимизга, офицер ва Ватанимиз посбонларига вилоятимиз аҳли номидан самимий миннатдорчилик изҳор этди.
- Фурсатдан фойдаланиб, уруш қатнашчиларини, муҳтарам фахрийларимизни, ҳамюртларимизни бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор муборакбод этаман. Барчангизга тинчлик-омонлик, бахт-саодат ҳамиша ҳамроҳ бўлсин- деди вилоят ҳокими.
Шундан сўнг барча ташкилот, муассаса ва жамоатчилик вакиллари мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйдилар.
Ҳарбийлар эса йиғилганлар олдидан тантанали марш садолари остида саф тортиб ўтдилар.
Тадбирнинг тантанали қисми “Фориш тоғ полигони”да давом этди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!