Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Ички ишлар ходимлари ўртасида “Энг яхши китобхон” кўрик-танлови ўтказилди
17 май 2019 г 2 637 Комментарии: 0
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида ички ишлар органлари ходимлари ўртасида "Энг яхши китобхон” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтказилди.
"Энг яхши китобхон” кўрик-танлови аввалида республикамиз Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги "Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти, китобхонликнинг баркамол авлодни шакллантиришдаги ўрни, хусусан, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, қадриятларимиз бардавомлигини таъминлаш, аҳолининг интеллектуал салоҳиятини оширишдаги аҳамияти тўғрисида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, ички ишлар органлари ходимларининг билим савияси, китобга муҳаббатини юксалтиришга қаратилган тадбирлар тилга олинди.
Шундан сўнг беллашишга чоғланган 15 нафар кўрик-танлов қатнашчиларига Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг кўкрак нишонлари топширилди. Айтганча, кўрик-танловда республика ички ишлар вазирлиги академиясининг 3-босқич курсантлари ҳам иштирок этишди. Танловнинг биринчи шарти "Сиёсий-маънавий ва маърифий китоблар билимдони” деб номланиб, унда иштирокчиларнинг мамлакатимиз ўтмиши ва бугуни, буюк алломаларимиз ҳаёти, улар қолдирган бой мерос, мустақил Ўзбекистоннинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий тараққиёти ҳамда бугунги жамиятга туғилган таҳдидларга оид илмий ва ҳужжатли асарлардан қанчалик хабардорликлари синовдан ўтказилди.
Чунончи, Соҳибқирон Темур тузуклари, тасаввуф алломалари, жадидлар тўғрисидаги ва улар битган асарларнинг мазмун-моҳиятини очиб берувчи саволларга жавоблар қидирилди. Бу шарт қайсидир даражада ёшларнинг сиёсий қарашлари, фуқаролик позицияси, юртимиз тарихига қизиқишларини намоён этиш учун омил бўлди, десак муболаға бўлмайди.
"Бадиий китоблар билимдони” шартида эса қатнашчилар эътиборига миллий ва чет эл адабиёти дурдоналаридан парчалар ҳавола этилиб, асарнинг номи, мазмун-моҳияти, аҳамияти, муаллифи ҳақида тушунча бериш ҳамда китоб чоп этилган санага ойдинлик киритиш сўралди.
"Мен севган адиб” шартида иштирокчи ўзбек ва хориж адабиёти вакилини фотосурати орқали таниши, унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот бериши, асарларидан парчалар ўқиши жоиз бўлди. Ана шу шартни муваффақиятли уддаланганлар танловнинг сўнгги босқичига йўлланма олишди.
Якуний "Шеърият” шартида кўрик-танлов қатнашчиларининг диққати бир неча сўзлари тушириб қолдирилган шеърларга жалб қилинди. Иштирокчиларга тушириб қолдирилган сўзларни ўрнига қўйиш, асарни таҳлил қилиши, муаллифни аниқлаши, унинг ҳаёти ва ижоди хусусида маълумот бериш топшириғи берилди. Бу шартда шеърлар ўқилди. Хуллас, ёш ички ишлар ходимлари китобга қанчалик ошно эканликларини намоён этдилар. Иштирокчиларнинг билимлари вилоятдаги маънавий-маърифий ҳамда таълим муассасалари вакилларидан шакллантирилган ҳакамлар ҳайъати томонидан 10 баллик тизимда баҳолаб борилди.
Кўрик-танлов якунида ғолибларга китоблар ҳамда эсдалик совғалар топширилди. Айтганча, вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот технологиялари, алоқа ва ахборотни ҳимоялаш бўлими мутахассис-муҳандиси, лейтенант Шерзод Бердибоев "Энг яхши китобхон” кўрик-танловининг босқичида ғолиб бўлди. Энди у танловнинг республика босқичида Жиззах вилояти ички ишлар органлари ходимлари шаънини ҳимоя қилади.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!