» » ....КАРВОН ЭСА ЎТАВЕРАДИ

....КАРВОН ЭСА ЎТАВЕРАДИ

30 май 2019 г 2 160 Комментарии: 0

ХХI аср – ахборот технологиялари асри. Глобаллашув сабаб, дунёнинг у бурчидаги хабар зум ўтмай дунёнинг бу бурчига етиб келмоқда. Танганинг икки томони бўлганидек, бунинг ҳам яхши, ҳам салбий томонлари бор.

Ижобий томони – дунёдан бохабар бўлиб борсангиз, салбий томони – кўп ҳолларда ижтимоий тармоқларда асосланмаган, воқеа-ҳодисаларнинг мазмун-моҳиятини чуқур ўрганмай ёзилган турли хил хабарлар пайдо бўлмоқда.

Ачинарлиси, бу хабарларни ёзиб ижтимоий тармоқларга жойлаштираётганлар  шахсий манфаатларини умумманфаатидан юқори қўйишга интилаётган шахслардир, десак янглишмаймиз.

Мисол учун, “Озодлик” радиоси сайтида  жорий йил 19 май куни "Зарбдор туманидаги Марказий бозорда кўпгина савдо дўконлари ноқонуний бузилмоқда,  уларнинг эгаларига туман ҳокимияти томонидан янги савдо дўконлари қуришга ер берилмаяпти, берилганлари эса таниш-билишлик  асосида ажратилмоқда”, деган хабар тарқатилди.

Туманда бугунги кунда “Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида катта бунёдкорлик ишлари кетаётганини  ҳисобга олиб, ушбу хабарга эътибор қаратишга ва баъзи бир мулоҳазаларимизни билдиришни жоиз деб билдик.

Холис  танқидга мамалакатимизда ҳеч қандай эътироз йўқ. Қонуний ҳуқуқлари бузилган фуқаролар ҳам “Халқ қабулхоналари”га, жойларда фаолият олиб бораётган секторларга ёки бошқа мутасадди ташкилотларнинг ишонч телефонларига мурожаат қилишлари мумкин эди-ку.

Асосланмаган хабар тарқатиш, қонун меъёрлари асосида жавобгарликка тортилишига асос бўлишини яна бир бор эслатиб қўйиш керакдай гуё...

Келинг, шу хабар сабаб, туманимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик  ишларига бир назар солиб ўтайлик. Мақсад нима? Мақсад – йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этиб, одамларга замон талаблари  асосидаги турмуш шароити, уларнинг яшаш, ишлашлари учун имкониятлар яратишдан иборат.

Амалга оширилаётган барча кенг кўламли ишлар бир неча мутасадди ёки ҳокимликдаги амалдорларнинг саъй-ҳаракатлари билан эмас, балки  олдиндан ишлаб чиқилган, тасдиқланган  Давлат дастури асосида амалга оширилаётганини эслатиб ўтмоқчимиз.

Матбуот нашрларида, жумладан, туман ҳокимлигининг “Зарбдор” газетасида бу борада қабул қилинган қарорлар, режалар ҳақида мунтазам маълумотлар бериб борилмоқда. Қолаверса, истаган вақтда секторларда бўлиб ўтаётган сайёр қабулларда мавжуд муаммолар ҳақида мутасадди ходимларга, жумладан, туман ҳокимига бевосита мурожаат қилиш имкони борку.  Фуқароларнинг асосли мурожаатлари эса ҳеч қачон эътиборсиз қолдирилмайди.

Туман  Марказий  бозори  масаласига келсак. Зарбдор шаҳарчасида туман ҳокимининг жорий йил 14 февралдаги 1190 сонли Қарорига асосан, бозор ҳудудида жуда катта қурилиш ишлари амалга ошириши режалаштирилган. ( Истаган одам истаган пайтда ушбу қарор асосида ишлаб чиқилган лойиҳалар режаси билан танишиши мумкин).

Бу борада босқичма-босқич ишлар амалга оширилмоқда. Бунда эски савдо дўконлари ҳам янги режа асосида икки қаватли замонавий савдо дўкони сифатида қад кўтариши керак.

Катта режалар асосида амалга оширилаётган жараёнларда катта муаммоларни ҳал қилиш зарурлигини барчамиз биламиз.

Юртимизда тадбиркорликка кенг йўл очилган. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари давлат томонидан ҳимоя қилинмоқда.

Агар эътироз билдираётган шахслар келиб, керакли ташкилотларга тадбиркорликларини давом эттириш юзасидан бизнес-режаларини тақдим этишса, аминмиз улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланади. Бунга шубҳа йўқ.

Бизни ажаблантиргани,  узоқ йиллар давомида бозорда “тирикчилик” қилиб келаётган шахслар, тумандаги янгиликларни, бунёдкорлик жараёнларининг кўламини тушунмаётганликларидир.

Ахир замон талаблари асосида қурилаётган бозор авваламбор одамлар манфаатини ўйлаб қилинмоқдаку.

Такрор бўлсада яна айтиб ўтишга мажбурмиз, Президентимиз таъкидлаганларидек, "Бизнинг муаммоларимизни четдан келиб биров ҳал қилиб бермайди, муносиб турмуш даражасини яратиш учун барчамиз ҳамфикр бўлиб, қўлни қўлга бериб ишлашимиз лозим".

Муаммоларни ҳал қилиш учун туман мутасаддиларига мурожаат қилиниб, ҳал қилинмаса юқори ташкилотларга мурожжаат қилишларига ҳеч ким  тўсқинлик қилгани йўқ-ку.

Зарбдорликлар танти, бағрикенг, ҳалол, меҳмондўст, меҳнатсевар инсонлардир. Бироқ, “гуруч курмаксиз” бўлмагнидек, афсуски, баъзи бир шахслар тор шахсий манфаатларини кўзлаб, қуруқ дўмбира чалишга уринишаётгани кишини ажаблантиради. Бироқ, нима ҳам дердик. Ахир, халқимиз шундай бир ибора бор “Ит ҳурар, карвон ўтар”.

Бизнинг карвонимизнинг эса борар манзили аниқ, унга етиш йўллари яқин.

                                             Ғулом Ҳамзаев, “Зарбдор”

 газетаси бош муҳаррири

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!