Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда олий таълим муассасалари сони яна биттага ортди
10 июль 2019 г 3 626 Комментарии: 0
Абитуриентлар ва вилоятимиз аҳолиси учун муҳим янгилик: вилоятимизда олий таълим муассасалари сони яна биттага ортди!
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 июлдаги "Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Жиззах вилоят филиалини ташкил қилиш тўғрисида"ги Қарорига мувофиқ ташкил этилган филиалга қабул жараёни бошланди. Мазкур масалада университетнинг иқтисодиёт факультети декани, иқтисод фанлари номзоди, доцент Абдувахоб УМАРОВ билан суҳбатлашдик.
— Ўтган йилларда ўрта ва ўрта-махсус таълим муассасаларини тамомлаган ёшларнинг атиги 9 фоизи олий ўқув юртларига қамраб олинган. Агар ривожланган давлатларга назар ташлайдиган бўлсак, бу кўрсаткич 60 фоизгача кўтарилган.
Узоққа бормайлик, қўшни давлатларда ҳам бу кўрсаткич 40 фоизгача етган. Илм-фан, инновациялар ва замонавий технологиялар юртимиз келажагини белгилаб берувчи омилдир. Шу сабаб Президентимиз бошчилигида ёшларни олий таълимга имкон қадар қамраб олишга эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда жорий йилда қабул квоталарининг оширилиши ҳисобига 20 фоиз битирувчини қамраб олиш кўзда тутилган.
Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори ҳудудда илм-фан, таълим-тарбия жараёнини қўллаб-қувватлаш, ёшлар билан ишлайдиган педагог-психологлар мактабини яратиш, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари учун айнан ёшлар психологиясига ихтисослашган юқори малакали психолог кадрлар тайёрлашни кенгайтириш мақсадида қабул қилинганини айтиб ўтиш лозим.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунга қадар ЎзМУ тажрибасида филиал мавжуд эмас эди. Республикамиз бўйича биринчи бўлиб Жиззах вилоятида университет филиали ташкил этилди. Психология, математика, информатика ва бошқа эҳтиёж юқори бўлган мутахассисликлар бўйича юқори малакали кадрларни халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш филиалнинг асосий вазифаларидан биридир.
Бу мақсадда хорижий давлатларнинг етакчи ОТМлари билан, жумладан, психология соҳасида Россия Федерациясининг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида, Россия Федерациясининг етакчи ОТМлари ва илмий-тадқиқод муассасалари билан ҳамкорликда психология фанининг илмий муаммоларини ҳал этишга қаратилган вазифаларни амалга оширади.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, жорий ўқув йили учун квоталар республика таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг қарорига асосан тасдиқланди. Филиал педагогик жамоасининг маълум қисми маҳаллий кадрлар ҳисобидан шакллантирилади. Шунингдек, ЎзМУнинг фан дастурлари асосида профессор-ўқитувчилар томонидан модуль тизими асосида турли фанлардан сабоқ берилади.
Филиал биноси этиб Жиззах транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежи биноси белгиланган. Коллеж ўқувчилари ўқишни битирганларига қадар филиал биносида ўқув жараёнини давом эттирадилар.
Авазжон МАРАХИМОВ, Ўзбекистон Мил-лий университети ректори, техника фанлари доктори, профессор: ЎзМУ Исроилнинг Холон технологиялари институти ва Россия Федерациясининг Қозон давлат университети билан қўшма дастур асосида ўқитишни йўлга қўйган. Ўқишни муваффақиятли битирган талабаларга бирданига ЎзМУ ва ХТИни тамомлаганлик ҳақида диплом берилади.
101 ёшни нишонлаган университетимизнинг илмий салоҳияти 60 фоизни ташкил этмоқда. 34 нафар академик, 200 нафар профессор ва фан докторлари, 500 нафар фан номзоди талабаларга таълим беришмоқда. 2019-2020 ўқув йилида 50 дан ортиқ ёш, умидли ўқитувчилар "Эл-юрт умиди" жамғармаси орқали хориждаги етакчи олий таълим муассасаларида илмий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.
Жиззах вилоятида филиал ташкил этилишини мен вилоятда илмий-академик муҳитни ривожлантириш, бу орқали илмга асосланган иқтисодиётни шакллантиришга интилишдан иборат узоқни кўзланган вазифа деб тушунаман. Яъни ЎзМУ тажрибасини вилоятларга олиб кириш орқали илмий салоҳиятни мутлақ янги босқичга кўтаришга эришилади.
Муқаддас САПАРОВА
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!