Жиззахда “Ҳарбий-тиббий эстафета” олдидан медиа-тур ташкил этилди
25 июль 2019 г2 585Комментарии: 0
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан журналист ва блогерлар учун Жиззах вилоятида жойлашган “Фориш” тоғ-дала полигонида медиа-тур ташкил этилди.
Жорий йилнинг август ойида V Халқаро армия ўйинлари дастуридаги “Ҳарбий-тиббий эстафета” йўналиши бўйича баҳслар ўтказиладиган мазкур полигонда барча шароитга эга замонавий тоғ-дала ўқув майдони мавжуд.
Дастлаб медиа-тур доирасида “Ўзбекистон 24”, “Ёшлар”, “UzReport” ва “Sevimli TV” телеканаллари, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Gazeta.uz” интернет нашрлари журналистлари ҳамда таниқли блогерлар учун матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари Азизбек Икрамов мазкур полигонда хорижлик ҳарбийларни кутиб олиш учун яратилган шароитлар, Халқаро армия ўйинларига кетаётган қизғин тайёргарлик ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлиги бўйича атрофлича маълумот берди.
Мамлакатимизда илк бор ўтказиладиган “Халқаро армия ўйинлари – 2019” танловининг “Ҳарбий-тиббий эстафета” йўналиши – ҳарбий врачлар ва тиббий бўлинмалар ўртасида ўқ отиш, махсус тиббий кўникмаларни (биринчи ёрдам, ярадорни жанг майдонидан олиб чиқиш ва бошқалар) бажариш бўйича мусобақадир. Унда индивидуал маҳорат, жамоавий биринчилик каби босқичларда баҳс олиб борилади. 2018 йилда мазкур мусобақада 9 та давлат вакиллари иштирок этган бўлиб, мамлакатимиз жамоаси тўртинчи ўринни эгаллаган. Жорий йилда эса Арманистон, Ангола, Озарбайжон, Беларусь, Россия, Вьетнам, Зимбабве, Қозоғистон, Мьянма, Тожикистон ва Ўзбекистон каби давлатлар жамоалари таркибида жами 211 иштирокчи қатнашади. Венесуэла давлати эса кузатувчи мақомида иштирок этади.
– Мақсад шифокорлар, тиббиёт ходимлари ва кичик тиббий мутахассисларнинг ҳарбий-назарий билимларини чуқурлаштириш ва бўлинмаларнинг жанговар ҳаракатларини, тиббий таъминотини ташкил этишдир, – дейди Мудофаа вазирлиги Тиббий таъминот бошқармаси бошлиғи, полковник Носиржон Фозилов. – Шунингдек, тиббиёт мутахассисларининг жанг майдонида ярадорларни қидириш, жамлаш ва олиб чиқиш билан бирга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича дала кўникмалари такомиллаштирилади. Тиббиёт мутахассисларининг ҳарбий-касбий фаолиятидаги жисмоний ва ахлоқий-руҳий тайёргарлиги ҳам баҳоланади.
Мусобақада барча давлатлар Қуролли Кучлари қўшинларида 40 ёшдан кичик, 6 ойдан кам бўлмаган муддат давомида тиббиёт лавозимларида хизмат ўтаётган контракт асосидаги ҳарбий хизматчилар орасидан ҳарбий шифокорлар, ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари ва ҳарбий-тиббиёт билим юртларининг курсантлари иштирок этади.
Матбуот анжуманида журналистлар мавзу бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Медиа-тур иштирокчилари “Фориш” тоғ-дала полигонида яратилган шароит билан танишди. Бу ерда ётоқхоналар, ювиниш жойлари, машғулот ўташ учун спорт зал, стадион ва сузиш ҳавзаси шай ҳолатга келтирилган. Махсус симуляция марказидаги хоналар зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланган.
Бундан ташқари, миллий маданиятимизни хорижлик меҳмонларга тарғиб қилиш мақсадида барча вилоятларимизнинг ўзига хос анъаналари акс этган кўргазма ташкил этилади. Бир-биридан чиройли миллий либослар, турли кулолчилик, наққошлик буюмлари, санъат асарлари намойиши меҳмонларни бефарқ қолдирмайди.
Медиа-турда энг замонавий қурол-яроғ ва техникалар бўйича маълумот берилиб, улардан журналистлар фойдаланиб кўриши учун имконият яратилди. Аскарлар томонидан ҳарбий қўл жанги элементлари намойиши ва “аскарча тушлик” меҳмонларда унутилмас таассурот қолдирди.