» » Жиззахда маҳаллий ривожланиш марказлари иш бошлайди

Жиззахда маҳаллий ривожланиш марказлари иш бошлайди

03 август 2019 г 1 796 Комментарии: 0

Жиззах вилоятида аёллар ва оилаларни ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш борасида давлат органлари билан самарали ҳамкорлик қилиб келаётган “Қалб нури” маркази нодавлат нотижорат ташкилоти яна бир йирик минтақавий лойиҳани амалга оширишга шерик бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Республика “Сабр” ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази ҳамкорлигида амалга оширилаётган ижтимоий лойиҳа Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грант танловида давлат ижтимоий буюртмаси асосида амалга ошириш бўйича ғолиб бўлди.
“Ўзбекистон Республикасининг Андижон, Жиззах, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари қишлоқ ҳудудларида ижтимоий муаммоларни ҳал этиш ҳамда кам таъминланган аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини ташкил этишдаги ижтимоий ҳамкорликнинг инновацион механизмлари” ижтимоий лойиҳасини Жиззах вилоятида амалга ошириш бўйича “Қалб нури” маркази танлаб олиниши бежиз эмас.
Ушбу нодавлат нотижорат ташкилоти оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, хотин-қизлар ўртасида учраётган ўз жонига қасд қилиш, оилавий ажримлар, одам савдосидан жабрланиш каби салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган давлат дастурларини амалга оширишда фаол иштирок этаётир.
Шу йўналишларда марказ томонидан 2000-2010 йилларда Жаҳон банки ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг грантлари асосида ҳаётда қийин вазиятга тушиб қолган аёлларга кўмак беришга йўналтирилган “Ишонч телефони”, психолог ва юрист хизматларини йўлга қўйиш, бепул ўқув курслари ташкил этиш каби ўнга яқин ижтимоий лойиҳалар амалга оширилди.
Навбатдаги лойиҳада ишсиз бўлган коллеж ва лицей битирувчилари, уюшмаган ёшлар ва катта ёшдаги хотин-қизларни қўшимча касбий кўникмаларни эгаллашга йўналтирилган ҳамда ночор оилаларнинг бандлигини ва уларни ижтимоий фаол бўлишини инновацион усуллар орқали таъминлаш кўзда тутилган. Шу мақсадда ҳар бир вилоятда биттадан, жами 5 та экспериментал касбий малака марказлари ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоят ҳокимликлари ва бошқа мутасадди давлат ташкилотлари билан тузилган ижтимоий ҳамкорлик келишувига асосан Маҳаллий ривожланиш марказлари очилади.
Ҳар бир вилоятда Маҳаллий ривожланиш марказларининг 6 тадан 8 тагача компьютер саводхонлиги, тикувчилик, сартарошлик, пазандачилик, миллий ҳунармандчилик ҳамда тўқувчилик бўйича қисқа муддатли бепул ўқув курслари ташкил этилади. Бу курсларда ҳар бир вилоятда 320 нафардан ёшлар ва хотин-қизларнинг ўқитилиб, бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорлигини бошлаб янги иш жойларини ташкил қилишлари учун имтиёзли микроқарз олишига кўмак берилади.
Экспериментал Маҳаллий ривожланиш марказлари қошида кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий муаммоларини бартараф этиш учун психолог, тиббиёт ходими, юрист каби мутахассислар маслаҳатларини ташкил этиш, тегишли мавзуларда семинар-тренинглар ўтказиш, давлат томонидан амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш кўзда тутилган.
Лойиҳа доирасида инновацион технологиялар асосида “Фаол инсонлар клуби” ва “Ахборот-ресурс чойхона”лари ташкил этилиши унинг самарали амалга оширилишини таъминлайди. Кутилган самарага эришиш, лойиҳани келгуси йилларда ҳам давом эттириш имкониятини беради.
Бугунги кунда лойиҳага старт берилиб, ҳудудий бандлик ва меҳнат бошқармалари тасарруфига берилган коллежлар биноларидан Маҳаллий ривожланиш марказлари учун хоналар ажратилмоқда. Республика “Сабр” ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази томонидан мебель, тикув, тўқув машиналари, компьютер жамланмалари, пишириш печлари ва бошқа асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, шунингдек, ишсизлик даражаси юқори бўлган туманлардаги ўқиш истагида бўлган ишсиз хотин-қизларнинг рўйхатларини шакллантириш ишлари олиб борилмоқда.
Август ойи бошида ҳудудлардаги Маҳаллий ривожланиш марказлари иш бошлаши режалаштирилган.
Тошқул БЕКНАЗАРОВ
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!