Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий округининг “Фориш” тоғ-дала ўқув майдонида V халқаро армия ўйинлари доирасида “Ҳарбий-тиббий эстафета” танловининг тантанали очилгани ҳақида хабар қилгандик.
Унда дунёнинг ўн бир мамлакати – Вьетнам Социалистик Республикаси, Мьянма, Арманистон, Ангола, Зимбабве, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Беларусь, Тожикистон, Венесуэладан (кузатувчи сифатида) ҳарбий тиббиёт мутахассислари қатнашмоқда.
Очилиш маросимида турли давлатлардан келган ҳарбий атташелар, хорижий ва республикамиз оммавий ахборот воситалари журналистлари, блогерлар, Жиззах вилояти ҳокимлиги ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
V халқаро армия ўйинлари доирасида “Ҳарбий-тиббий эстафета” танловининг тантанали очилишига бағишланган маросим Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий оркестри томонидан ижро этилган ҳарбий қўшиқлардан иборат дефиле билан бошланди. Ҳарбий оркестр садолари ҳамоҳанглигидаги кўргазмали чиқишлар маросимга кўтаринки кайфият бахш этди.
Майдонга бирин-кетин ўзларининг давлат байроғи остида иштирокчи жамоалар кириб келиши олқиш ва қарсаклар билан қарши олинди.
Тантанали маросимни очган Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов серқуёш, меҳмондўст юртимизда ўтказилаётган халқаро армия ўйинларининг “Ҳарбий-тиббий эстафета” танлови иштирокчиларини табриклади. Ҳарбий хизматга зарур бўлган энг олий сифатлар – малака, қатъий характер, интизом ҳамда ҳақиқий жанговар вазиятда нафақат муваффақият, балки биринчи навбатда инсонларнинг ҳаёти ва соғлигини белгиловчи тезкор қарор қабул қилиш қобилиятини намоён этадиган ҳарбий-тиббиёт профессионаллари беллашувида барча жамоага омад тилади.
Шундан сўнг Россия Федерацияси мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов сўзга чиқиб, Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг иштирокчиларга табригини ўқиб эшиттирди.
Тантанали маросим таниқли санъаткор ҳамда эстрада юлдузлари иштирокидаги гала концерт билан давом этди. Дастурга киритилган мушакбозлик мусобақа иштирокчилари, юртимиз меҳмонлари ва республикамизнинг барча вилоятларидан келган томошабинларга бетакрор завқ бағишлади.
– Ўзбекона меҳмондўстлик ва миллий маданият бизни илк кундаёқ мафтун этди, – дейди Ангола жамоаси аъзоси ҳарбий шифокор Семон Йепаланга. – Ўзбекистон иқлимига мослашиш учун бир ҳафта аввал келгандик. Бу ернинг иқлими ҳам Ангола каби қуруқ ва иссиқ бўлгани учун кўникишимиз қийин бўлмади.
Анголалик шифокор йигитнинг гапида жон бор. Иштирокчиларнинг иқлимга мослашиш учун анча олдин келгани республикамиз, халқимиз ҳаёти билан яқиндан танишиш имконини берди.
Дастлаб Озарбайжон, Ангола, Зимбабве, Россия, Арманистон, Мьянма, Қозоғистон, Беларусь ҳамда вьетнамлик ҳарбий хизматчилар Самарқанд шаҳридаги тарихий обидаларни зиёрат қилди. Регистон меъморий мажмуаси, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Амир Темур мақбараси ва қадимий Сиёб бозори меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Чекка чўл ҳудудидаги ҳарбий шаҳарчада республиканинг барча вилоятларининг ўзига хос анъана ва удумлари, меъморий ва маданий турмуш тарзини акс эттирувчи павильонлар, кўргазмалар ташкил этилди. Қадим Бухоро, Хива, Самарқанд, Қўқон ва бошқа шаҳарларнинг меъморий обидалари, асрлар давомида сақланиб келинаётган тарихий меросларининг мўъжаз намуналари меҳмонларнинг эътиборини тортди.
Шунингдек, шаҳарчадаги қулайликлар, замонавий хизмат маданияти, валюта айирбошлаш шохобчалари, book cafe, WF ҳудуди, спорт ўйингоҳлари, овқатланиш ва хизмат кўрсатиш расталари ҳам хорижлик меҳмонларга манзур бўлди.
Вьетнамлик ҳарбий врач Ван Хион Ли Россиянинг Ростов-Дон шаҳридаги олий тиббиёт ўқув юртини битиргани учун рус тилида анча равон гапиради.
– Мен Ўзбекистон ҳақида кўп эшитиб, ўқиганман, – дейди вьетнамлик ҳарбий врач. – Таассуротларим чексиз. Айниқса, янги қурилишлар кўплиги мамлакатингизнинг жадал суръатлар билан ривожланиб бораётганини кўрсатиб турибди.
Халқаро армия ўйинлари доирасидаги мусобақалардан бирига биринчи марта мезбонлик қилиш мамлакатимиз учун қанчалик юксак шараф бўлса, унда ғолиб чиқиш учун курашиш жамоамиз учун ҳам шунчалик катта масъулиятдир.
Бу танлов давомида АК-74 автомати ва ПМ пистолетидан отиш, ТАЙФУН-К ҳарбий техникаси орқали тўсиқли йўлларни енгиб ўтиш, тиббий хизмат ҳарбийларининг мажмуавий машғулотлар ҳамда махсус ҳарбий техникани ҳайдаш маҳорати шартлари бўйича мусобақалар ўтади.
Халқаро армия ўйинларида 2017 йилдан буён иштирок этиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари дунёнинг сара армияларига муносиб рақобат кўрсатиб, кучли жамоалар сифатида эътироф этилмоқда.
2017 йилда 5 та давлатнинг 22 та полигонида ўтказилган “АрМИ –2017” мусобақаларида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги вакиллари илк маротаба иштирок этиб, Европа, Осиё, Африка ва Лотин Америкасидан келган 28 мамлакат ўртасида 5 та совринли ўринни қўлга киритганди.
Ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар 2018 йилда IV халқаро армия ўйинларининг 12 йўналишида қатнашиб, 6 та совринли ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.
Бу йилги “АрМИ – 2019” ўйинлари нуфузи янада баланд. “АрМИ – 2019” мусобақаларида рекорд даражадаги иштирокчиларни – 36 давлатдан 217 та жамоанинг 5 мингдан зиёд ҳарбийини ўз ичига қамраб олди. Дебютант мамлакатлар сифатида бу гал майдонда Иордания, Камбожа, Конго ва Мали республикалари, Куба ва Шри-Ланкадан келган ҳарбийлар куч синашади.
Жорий йилда НАТО мамлакатлари ҳам “АрМИ” ўйинларига катта қизиқиш билдириб, АҚШ, Франция, Туркия ва Словакия каби давлатлар вакиллари кузатувчи мақомида қатнашади.
“АрМИ – 2019” ўйинлари жами 31 та танловдан иборат бўлиб, улардан 16 таси Россияда, тўрттаси Хитойда, учтаси Қозоғистонда, Беларусь ва Эронда иккитадан ҳамда Арманистон, Озарбайжон, Ҳиндистон, Мўғулистон ва Ўзбекистонда биттадан танловлар ўтказилади.
Ўзбекистонлик ҳарбий мутахассислар V халқаро армия ўйинларининг 14 та мамлакатда ўтказилаётган 14 та танловида иштирок этаётир. Форишда ўтаётган “Ҳарбий-тиббий эстафета” танлови шу мусобақалардан бири. Мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар туфайли ҳарбийларимиз маҳорати йил сайин ўсиб бораётгани уларнинг бу мусобақаларда янада юқори маррани эгаллашларига ишонч уйғотади.
Т.БЕКНАЗАРОВ, Ж.ЁРБЕКОВ, О.ҒУЛОМОВ (сурат)
скачать dle 12.0