Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги қардошлик ришталари умрбоқийдир
10 август 2019 г 2 126 Комментарии: 0
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Рахмоннинг икки қардош халқлар ўртасидаги азалий дўстликни мустаҳкамлаш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатлари ўз самарасини бераяпти.
Айниқса, давлатлар ўртасидаги чегараларнинг очилиши халқларимиз ҳаётида янгича даврни бошлаб берди. Икки давлат фуқаролари назорат ўтказув пунктларда паспортларини рўйхатдан ўтказиб, қариндош-уруғлариникига бемалол бориб келишлари учун қулай шароитлар яратилди. Одамлар бундай қулайликдан ниҳоятда миннатдор. Қон-қардошлик ришталари билан чамбарчас боғланиб кетган ўзбек ва тожик халқларининг ўзаро ҳамкорлик ва дўстлиги Ҳазрат Мир Алишер Навоий ва мавлоно Абдураҳмон Жомий асарларида тараннум этилган.
Ҳозирги кунда икки давлат ўртасида савдо, иқтисодий ва маданий ҳамкорлик кенг йўлга қўйилган. Бундай ҳамкорлик икки давлат чегарачилари томонидан ҳам амалга оширилаяпти.
Жорий йилнинг 6 август куни соат 11.20 ларда Ўзбекистон Республикаси ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий қисмига қарашли чегара пости аскарлари томонидан ўзбек-тожик чегарасининг Зомин туманидаги Қизилмозор чегараолди аҳоли пунктини Суғд вилоятининг Айни тумани билан туташтирувчи “Кумбель” довони йўналишида 2 нафар Тожикистон Республикасининг фуқаролари йирик шохли чорва молларини мамлакатимиз ҳудудига олиб кирганлиги қайд этилди. Чегарачилар томонидан қўлга олинган бу икки шахс —Тожикистон Республикаси Суғд вилояти, Айни тумани “Ёсун” қишлоғида яшовчи Ҳаким Бозоров билан Азим Назаровлар эканлиги аниқланди. Улар 227 бош қорамолларни республикамиз ҳудудига 800 метргача олиб ўтиб, чегарани бузишган.
Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Зомин йўналиши бўйича чегара вакили Тожикистон Республикаси Истаравшон участкаси бўйича чегара комиссарини хабардор қилди ва ўзаро ҳамкорлик доирасида тадбирлар белгилаб олинди.
Яъни Ўзбекистон томонидан 2 нафар фуқаро ва чорва молларини қайтариш чораси кўрилаётганлиги маълум қилинди. Ўз навбатида чегара комиссари ўзбекистонлик чегарачиларга ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирди.
Келишувга асосан ушланган фуқаролар ва чорва моллари Ўзбекистон Республикаси Зомин йўналиши бўйича чегара вакиллиги аппарати томонидан Тожикистон Республикаси Истаравшон участкаси бўйича чегара вакиллиги аппаратига далолатнома асосида топширилди. Томонлар келгусида тоғли ҳудудда икки давлат тарафидан чорва молларини боқиш ва бошқа турдаги хўжалик фаолиятини амалга оширишда чегара режими чораларига риоя қилиш бўйича аҳоли билан тушунтириш ишлари олиб бориш масаласини кўриб чиқдилар.
Халқимиз бежизга “Қўшнинг тинч—сен тинч” демайди. Биз қўшни мамлакатда яшаётган биродарларимизнинг тинч ва осуда, фаровон ҳаёт кечиришининг тарафдоримиз.
Ўз навбатида қардошлик ришталари мустаҳкам боғланган тожик халқи ҳам шундай эзгу тилакда. Икки халқ вакиллари “Жонингиз ҳам, молингиз ҳам соғ бўлсин” деб ният билдиради. Самимий дилдан айтилган бу тилакда катта маъно бор. Шундай экан, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаб, нафақат инсонларга, балка чорва молларига ҳам зиён етказмасликнинг чораларини кўраверамиз. Зеро, ота-боболаримиз “Ҳамжиҳатликда гап кўп” деб бежиз айтишмаган.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!