» » Меҳмон уйлари тадбиркорлар учун ҳам қулай имконият

Меҳмон уйлари тадбиркорлар учун ҳам қулай имконият

15 август 2019 г 4 477 Комментарии: 0

Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси Жиззах вилояти ҳудудий бошқармасидан маълум қилинишича, Жиззах вилоятига ҳар йили ўртача 6 мингга яқин хорижий ва 800 мингдан ортиқ маҳаллий сайёҳ келмоқда. Айни вақтда эса уларга вилоятдаги 22 меҳмонхона, 7 хостел ва 40 га яқин оилавий меҳмон уйлари хизмат кўрсатмоқда.

Вилоятда туризмнинг ривожланиши билан меҳмон уйларига бўлган талаб ортаётир. Айниқса, сўлим табиатли Зомин туманида меҳмон уйлари сони тез суръатлар билан кўпаймоқда. Жорий йилда туманнинг экосайёҳлар, дам олувчилар энг кўп ташриф буюрадиган Дуоба қишлоғида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурига асосан “Агробанк”нинг туман филиалидан 20 тадбиркорлик субъектига жами 412 миллион 900 минг сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди.
Кредит ҳисобига уй меҳмонхонаси барпо этаётганларнинг деярли барчаси якка тартибдаги тадбиркорлар. Улар ўз маблағлари ва банкдан олган 20-25 миллион сўм кредит ҳисобига ўз ҳовлиларида шинам, яшаш учун қулай меҳмон уйлари барпо этмоқда.
– Қишлоғимиз Ўриклисой дам олиш маскани яқинида, Зомин арчазорлари бағрида, шарқироқ сой бўйида жойлашгани боис дам олувчилар учун қулай, – дейди Дуоба қишлоғида яшовчи Муҳиддин Мамаюсупов. – Айниқса, ёз кунлари ҳовлимизда дам олиб кетиш учун хорижлик сайёҳлар ҳам келади. Туризмни ривожлантириш бошқармаси мутахассисларининг маслаҳат ва тавсияси билан меҳмон уйи барпо этдик. Уйни замонавий усулда барпо этиш, жиҳозлаш, қулайликлар яратишга анчагина маблағ сарфлашимизга тўғри келди. Меҳмон уйини битказишга оилавий жамғармамиздан ташқари, банкдан 25 миллион сўм имтиёзли кредит олдик.
Вилоятда сайёҳликнинг ноанъанавий турлари – экотуризм, агротуризм, тиббиёт туризмини ривожлантириш учун қулай имконият мавжуд. Шу боис вилоятда туристлар учун шарт-шароитлар яратиш, ҳудудлар инфратузилмасини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси ҳудудий бошқармаси мутахассислари ҳам уйма-уй юриб, оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш бўйича тарғибот ишларини олиб бормоқда. Шунингдек, бошқарма масъуллари меҳмон уйлари очиш истагида бўлган ҳар бир хонадоннинг шарт-шароити билан танишиб чиқмоқда. Хонадонни кўздан кечиришда оилавий меҳмон уйи ташкил этиш талабларига мослаш юзасидан маслаҳат ва тавсиялар берилмоқда. Ўтказилган ана шу тарғибот, тушунтириш ишлари натижасида жорий йил май ойида Зомин, Бахмал ва Фориш туманларида 30 дан зиёд тадбиркор оилавий меҳмон уйлари ташкил этди.
Туризмни ривожлантиришда реклама, тарғибот ишларининг аҳамияти катта. Ўтган йили 29-30 август кунлари Жиззах вилоятида ташкил этилган халқаро инвестиция форумида Зомин ва Бахмал туманларида туризм соҳаси бўйича кластер лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари юзасидан Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа намойиш этилди. Мазкур лойиҳа экотуризм, агротуризм ва этник туризм каби йўналишларни ўз ичига олади.
Шунингдек, туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси Зомин туманига сайёҳлар оқими юқори даражада эканлигини инобатга олиб, яқинда туризм ахборот маркази фаолиятини йўлга қўйди.
Ҳудуддаги туризмни ривожлантириш имкониятлари хорижлик инвесторларни ҳам жалб этаётир. Туркия Республикасининг “IDEALIST” компанияси вакиллари Зомин туманидаги Суфа яссилигида туристик шаҳарча қуриш лойиҳасини таклиф этаётир. Туристик шаҳарчада голъф майдончаси, чанғи комплекси, спорт майдончалари, канат йўллари, меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, йирик савдо мажмуалари ва бошқа бир қатор объектлар барпо этилиши кўзда тутилган.
Форум доирасида тақдимоти ўтказилган ушбу лойиҳа амалга оширилиши натижасида эко-манзара бойитилади ҳамда квадроциклда сайр қилиш учун шароит яратилади. Осма ва арқон кўприклар, фуниклер қурилиши, тоғ спорти комплекси, музей ва маълумотлар марказини барпо этиш ҳам шулар жумласидандир.
Жорий йилда экотуризмни ривожлантиришда қилинган яна бир янгилик Зомин – Бахмал ўртасидаги тоғ орасидаги йўлнинг очилиши бўлди. Ана шу янги экотуристик йўналиш очилиши туфайли жорий йилнинг биринчи ярмида Бахмал туманига мингдан ортиқ хорижий ва ўн мингдан зиёд маҳаллий сайёҳ ташриф буюрди.
Вилоятнинг Фориш туманиҳам экосайёҳларни энг кўп қизиқтираётган ҳудудлардан бири. Туманнинг бой табиий биологик хилма-хиллиги бетакрордир. Шунинг учун бу туманда ҳам меҳмон уйларига эҳтиёж катта. Ҳозир тумандаги Ухум, Асраф, Кўҳна Фориш қишлоқларида ҳудуд табиати билан танишиш мақсадида келган сайёҳлар яшаши учун ўндан зиёд меҳмон уйлари фаолият юритмоқда.
– Ҳудудда экотуризмни ривожлантириш имкониятлари катта, – дейди Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси Жиззах ҳудудий бошқармаси раҳбари Лола Санаева. – Сайёҳлар учун қулайликлар яратиш, меҳмон уйлари қуришни истаганларни қўллаб-қувватлаш давом эттирилаётир. Маҳаллий тадбиркорлар томонидан туристик манзилларни кенгайтириш, сайёҳларга хизмат кўрсатишни ташкил этишдан тортиб атроф-муҳитни муҳофаза қилишгача қамраб олинаётир. Сайёҳларга хизмат кўрсатиш маданиятини шакллантириш учун семинар ўтказилиб, гидлар, меҳмонхона уйлари соҳибларининг ўқишлари ташкил этилмоқда.
Ҳа, вилоятда сайёҳларни қизиқтирадиган ҳудудлар кўп. Қизилқум чўли ва Нурота тоғ тизмалари, Айдар-Арнасой кўллари ҳам ўзининг бетакрор табиати, ноёб ҳайвонот ва наботот олами билан сайёҳларни ўзига жалб этади. Табиат ато этган бу бойликдан самарали ва оқилона фойдаланиш учун замонавий туристик инфратизимни барпо этиш керак. Меҳмон уйлари бу тизимнинг энг муҳим қисми сифатида жуда зарур.
Т.БЕКНАЗАРОВ
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!