Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Ўзгаришлар яхшиликка бўлсин - Энди ҳамма гап ўзимизда қолди
15 август 2019 г 1 682 Комментарии: 0
Сўнгги йилларда юртимизда жуда кўп нарсалар ўзгараяпти.
Энг муҳим ўзгаришлардан бири – инсонларнинг фуқаролик позицияси кучайиб бораётганидир. Хўш, яқинлашиб келаётган сайлов жараёнида ҳам юртимиз тақдирига дахлдорлик ҳиссини тўла-тўкис намоён эта оламизми? Ёки кимнинг номзоди қўйилаётганига ҳам қизиқмасдан, сайловда онгли равишда қатнашмасдан, сўнг ҳар турли “адолатсизлик”лардан шикоят қилиб юрамизми?
Гап — айниқса, аёлларни депутатликка сайлаш масаласида кетар экан, улар оилавий, меҳнат жамоасидаги вазифаларидан ортиб, ҳақиқий маънода халқ вакили бўлишга тайёрмилар, деган ҳақли савол туғилади.
Халқ депутатлари Фориш туман Кенгашидаги ХДП депутатлик гуруҳида бир нафар аёл депутат бор, холос. Вилоят Кенгашида ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳам бир нафар вакилимиз фаолият кўрсатмоқда. Бу билан улар сонининг камлигидан ёзғирмоқчи эмасман. Ҳамма гап шундаки, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис Сенатининг 20-ялпи мажлисида хотин-қизларни ижтимоий-сиёсий жараёнларга жалб этишни рағбатлантириш борасидаги фикрлари кампаниябозликка айланиб кетмаслиги керак. Яъни, зўрма-зўраки тарзда аёл номзодлар сонини ошириб бўлмайди.
Аслида номзодни депутатликка тайёрлаш у сайловдан бу сайловгача бўлган муддатда амалга ошиши лозим. Муносиб номзод беш йил давомида бўлажак сайловга ҳар жиҳатдан тайёр бўлиб бориши мақсадга мувофиқ. Сайловга бир неча ой қолганда “объективкабозлик” билан халқ ишончини оқлаб бўлмайди.
Мен депутатнинг самарали фаолиятига биринчи навбатда ўз партияси масъул деб ҳисоблайман. Ҳеч ким депутат бўлиб туғилмайди. Номзодни тайёрлаш, сайлангач, унинг қандай ва нима ишлар билан банд бўлиши борасида партия ходимлари катта ёрдам кўрсатиб боришлари зарур. Шу маънода бугун депутатларимизга ҳаракатсизлик айбини қўйишдан олдин у мансуб партиянинг жамиятдаги фаоллигини таҳлил қилиш керак.
Тан олиш керак, яқин ўтмишда аёл номзодларнинг сайлов бошланишига бир неча кун қолганда номзодини “ўз хоҳиши билан” қайтариб олиш ҳоллари учрар эди. Бунга баъзан шу участкада ҳудуд ҳокимининг депутат бўлиб сайланиши шартлиги ҳам таъсир ўтказган бўлиши мумкин. Бу йил қабул қилинган Сайлов кодексида туман Кенгашларида ҳокимларнинг депутат бўлиб сайланишига йўл қўйилмаслиги ҳам сайлов қонунчилигидаги катта ўзгаришлардан биридир.
Яна бир гап. Депутатнинг жамоат транспортида бепул юриш имтиёзи бор. Фориш тумани мисолида кўрадиган бўлсак, туман марказидан ўнлаб километр олисда бўлган ҳудудлардан сайланган депутатларнинг сессияларга келиши, ҳудуддаги муаммоларни ўрганиши жараёнида жамоат транспортидан фойдаланиш имкони амалда мавжуд эмас. Бу эса ўзи-ўзидан депутатнинг иш фаолиятида фақат фидойиликка таяниб қолишига сабаб бўлади. Депутатларнинг мазкур фаолиятдан моддий манфаатдорлигини ошириш, ҳеч бўлмаганда рағбатлантириш, имтиёзларини кўпайтириш зарур.
Хотин-қиз депутатлар сонининг камлиги уларга ишонч пастлигидан эмас, балки жамоавий фикрлаш тарзимиз билан боғлиқ. Яъни, хотин-қизларнинг жамиятдаги вазифаси аввало оила, нари борса меҳнат жамоалари билан чегараланган деган фикрга кўникиб қолганмиз. Хотин-қизларнинг сиёсий онги ва маданиятини ошириш борасидаги кенг кўламли ишлар яқин келажакда ўз натижасини беришига ишонаман.
Норинисо ИРИСОВА,
ЎзХДП Фориш туман кенгаши раиси
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!