» »  ЧЎЛ ЭДИ АЙЛАДИНГ БЎСТОН, РАҲМАТ СЕНГА ҲАЗРАТИ ИНСОН

 ЧЎЛ ЭДИ АЙЛАДИНГ БЎСТОН, РАҲМАТ СЕНГА ҲАЗРАТИ ИНСОН

17 август 2019 г 2 520 Комментарии: 0

Гагарин шаҳрига кираверишда чўлқуварлар хотирасига ўрнатилган ҳайкал бор.

Унинг пойига битилган юқоридаги сўзлар беихтиёр эътиборингизни тортади. Бир пайтлар кимсасиз ётган чўл-у, биёбон ҳазрати инсоннинг матонатли меҳнати билан боғ-роғларга, кенг пахтазорларга айланди. Чўлдан тонна-тонна пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари олинди-ю, лекин уни етиштираётган қадоқ қўлли меҳнаткашга яратилиши лозим бўлган шароит эътибордан четда қолаверди.

Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги Қарори Мирзачўлга қайта ҳаёт бахш этди. Бундан салкам 60 йил илгари қурилган барак уйлар, қинғир-қийшиқ тор кўчалар ўрни инсон қўли билан бўстонга айланди. Гагарин замонавий шаҳар тусини олди.  

Дастур ижроси юзасидан олиб борилган кенг кўламли қурилиш, ободонлаштириш ишлари натижасида шаҳар маркази, “Ғалаба”, “Ўзбекистон”, “Мустақиллик”, “Мирзадала”, “Дўстлик” ва “Боғбон” маҳаллалари тубдан янгиланди. Туманда ижтимоий, иқтисодий соҳалар ривожлантирилди. Инфратузилма яхшиланиб,  аҳолининг бандлигини таъминланди. Халқнинг турмуш фаровонлиги тубдан яхшиланди.

— Бир неча йилдан бери “Ғалаба” маҳалласидаги барак уйларда яшар эдик, — дейди Пухоргул она Тўқмуродова. — Қишда уйимизни ўтин ёқиб баъзўр иситардик. Электр таъминотидаги узилишлар одатий ҳолга айланганди. Сувни нариги кўчадан ташиб ичардик.  

Ғалаба маҳалласи ҳудудидаги 54 та барак уйлар бузилиб, улар ўрнида янгиланган намунавий лойиҳалар асосидаги 3 хонали, 4 сотих ер майдони бўлган замонавий турар-жойлар барпо этилди.

—Кўп қатори биз ҳам янги уйли бўлдик, — дейди Пухоргул она қувончини яшира олмай. —Бирам роҳат! Иссиқ, совуқ сув, узлуксиз газ ва электр таъминоти. Хуллас, кенг ҳовли уйда барча қулайликлар муҳайё... Бир оилага бундан ортиқ шароит керакми? Набираларим янги очилган боғчага жойлашди. Қизим маҳалласи Мирзачўл тикувчилик мажмуасига ишга кирди.

Ўтган йили тумандаги  3 та умумтаълим мактаби мукаммал таъмирланди. 7 та мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилинди. 1 та давлат-хусусий шерикчилик асосидаги МТМ қуриб битказилди. Маҳаллаларда 38 та болалар майдончалари, 2 та сунъий қопламали стадион барпо этилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида Мирзачўл тикувчилик мажмуаси, Мирзачўл чорва комплекси, “Мирзачўл-текс” масъулияти чекланган жамияти ишга туширилди. Замонавий нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси, 3 та мини маркет, 2 та ҳаммом, 50 дан зиёд сервис ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилди. Ана шунинг эвазига 500 дан зиёд иш ўринлари яратилди.

 —Яқин орада Мирзачўлда бўлмаган киши уни танимай қолиши турган гап, — дейди ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Оқилбек Ёдгоров. —Кенг ва равон кўчалар, замонавий хизмат кўрсатиш иншоотлари, энг муҳими,   барча қулайликларга эга бўлган турар-жой бинолари туманимиз қиёфасини тамоман ўзгартириб юборди. Шуни таъкидлаш жоизки, Гагарин шаҳрида  ўтган йили 400  оила янги уйларга кўчиб ўтди. Қуриб битказилган уйларнинг 223 таси 4 сотихли, 3 хонали турар-жойлар, 94 таси кўп қаватли уйлардир. Бундан ташқари, Ғалаба маҳалласидаги икки қаватли ташландиқ бино  мукаммал таъмирланиб, 22 хонадонли уйга айлантирилди.   Бу уйларга ногиронлиги бор шахслар, қаровчиси йўқ, ёлғиз кексалар кўчиб киришди. Ўзига хос мурувват уйига айланган бино атрофи ободонлаштирилиб, гуллар, турли дарахтлар ўтқазилди. Замонавий ўриндиқлар қўйилиб, тунги ёритгичлар ўрнатилди. Ҳар бир хонадонга омборхона, тандир-ўчоқ ҳам қуриб берилди.

Шаҳар марказида “Агробанк”, Давлат хизматлари маркази, ФХДЁ бўлими бинолари қад ростлади. Ғалаба, Мустақиллик, Мирзадала, Дўстлик, Ўзбекистон ва Боғбон маҳаллаларида 175 та кўп қаватли уйлар, 35 та кўчалар таъмирланди.  230 та темир-бетон таянч ўрнатилиб, 21,4 километрли электр тармоқлари тортилди. 6 та трансформатор пункти қурилиб, яна шунчаси мукаммал таъмирланди. “Мирзачўл” подстанциясида қуввати юқори  трансформатор ишга туширилди. Бу билан электр таъминотидаги узилишларга батамом чек қўйилди.

Мирзачўл тикувчилик мажмуаси “Обод қишлоқ” дастури доирасида ишга туширилган илк корхоналардан бири саналади. Бугунги кунда корхонанинг ўзида 246 нафар қиз-жувон фаолият кўрсатаётир. Унинг Арнасой туманида 100 ўринли, Дўстлик, Пахтакор, Зафаробод туманларининг ҳар бирида 50 ўринли филиаллари ишлаб турибди.

Тикувчилик мажмуасининг бош биносида чеварларнинг унумли меҳнат қилиб, мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун барча қулайликлар яратилган. Имкониятлардан унумли  фойдаланаётган чеварларнинг қўли қўлига тегмайди.

— 70 турдаги болалар, катталар кийим-кечакларини тайёрлаяпмиз, —дейди корхона раҳбарининг ўринбосари  Умид Эшмаматов. — Айни пайтда мактаб ўқувчилари формаларини тайёрлаяпмиз. Жамоамиз аҳил. Йилнинг ўтган даврида 3,5 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаришга эришдик. Ҳозирча маҳсулотларимиз ички бозорга чиқарилаяпти. Яқин келажакда болалар ва катталар кийим-кечакларини экспорт қилиш ниятидамиз.

Дарҳақиқат, корхонада тайёрланаётган маҳсулотларнинг сифати, бежирим ва қулайлиги Россия ва қозоғистонлик ишбилармонлар эътиборини тортди. Ҳозирда корхона  маъмурлари икки томонлама манфаатли шартномалар тузиш устида иш олиб бораяптилар.

— Корхонамизнинг ишга туширилиши мен каби қиз-жувонларнинг нафақат бандлигини, балки замонавий уй-жойлар билан  таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этди, — дейди моҳир тикувчи Малика Саидазимова. —Корхона қошидаги ўқув марказида чеварликни ўргандим. Бугун дугоналарим қатори ўз касбим ортидан ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланаётирман.

Айни пайтда туманда “Илғор ҳудуд” дастури доирасидаги ишлар изчил давом этаяпти. Гагарин шаҳрида янгидан 3 та тўрт қаватли арзон турар-жой бинолари, меҳмонхона, маданий-маиший хизмат кўрсатиш иншоотлари қурилаяпти. Биргина Мирзачўл истироҳат боғида амалга оширилаётган ишларни кўрган кишининг кўзи қувнайди.

—Истироҳат боғида умумий қиймати 10 миллиард сўмликдан ортиқ қурилиш-монтаж ишлари уддаланади, — дейди туман қурилиш бўлимининг  бошлиғи Мансур Ялгашев. —Боғ ўртасида замонавий фаввора қурилаяпти. Боғдан 8 турдаги аттракционлар жой олади. Ёпиқ сузиш ҳавзаси,  ёзги бассейн, сунъий қоплапмали стадион, кутубхона, космонавтлар музейи,  анфитеатр, кинозал, 2 та музқаймоқ кафеси  қурилиши жадаллик билан олиб борилаяпти.

Бу йил “Обод қишлоқ” дастури “Ипак йўли”, “Тошкент”,  “Боғбон” қишлоқ фуқаролар йиғинларига кўчган. Айни пайтда мазкур қишлоқларда  кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилаётир. Биринчи навбатда аҳолининг тоза ичимлик суви, электр энергияси, табиий газга бўлган талаби қондирилаётир.

Дастур доирасида  37 километрли сув, 0,2 километрли газ, 7,3 километрли электр тармоқлари янгиланаётир. 34 та кўп қаватли уйларнинг томи, 67 та уйларнинг иситиш тармоқлари янгиланди. 66 та уйларнинг кириш йўлаклари таъмирланди. 18 та айвонли тандирхоналар қурилди. 17 та болалар майдончалари бунёд этилди. Тумандаги 7 та мактабда 1 миллиард 700 миллион сўмлик реконструкция қилиш, 3 миллиард 700 миллион сўмлик мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди.

Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурига кўра 2019-2020 йиллар давомида туманда жами 958,7 миллиард сўмлик 66 та лойиҳалар амалга оширилиши  белгиланган.

—2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида 62 та лойиҳада 120 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилиши, 11,7 миллиард сўмлик 10 та лойиҳани ишга туширилиши ҳисобига 66 та янги иш ўринлари яратилади, — дейди туман ҳокимининг инвестиция ва ташқи савдо масалари бўйича ўринбосари Акрам Турсунов. —Амалга оширилган изчил ислоҳотлар натижасида белгиланган режага нисбатан 2,5 баробар кўп, яъни 16 та  лойиҳа фойдаланишга топширилиб, 25,1 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилди. 90 та янги иш ўрни яратилиб, бу соҳадаги режа 136 фоизга уддаланди.

Жорий йилда туман бўйича жами 50 миллион АҚШ долларига тенг, шундан биринчи ярим йилликда 10 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилиши режалаштирилган. Олиб борилган изчил ҳаракатлар натижасида ўтган ярим йилликда 15,4 миллион долларлик хорижий кредит линиялари орқали янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилди.

Бугунги кунда  тумандаги “Arhat chemicals” масъулияти чекланган жамияти томонидан 51,3 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилиб, корхонанинг қурилиш ишлари 90 фоизга уддаланди. Корхона ишлаб чиқариши учун зарур барча ускуна ва технологиялар келтирилди. “Мирзачўл текс” МЧЖда жинси мато ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича 70,4 миллиард  сўмлик, “Next group story” МЧЖнинг шифер ишлаб чиқариш лойиҳаси 29,8 миллиард сўмлик, “Мирзачўл транс” МЧЖнинг трикотаж мато ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича 1,1 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилди.

Мирзачўл байналминал туман. Бу ерда чўлни ўзлаштиришга келган турли миллат вакиллари истиқомат қилади. Туман қўшни Қозоғистон Республикаси билан чегарадошлиги туфайли ҳудуднинг миллий таркибида қозоқ миллати вакилларининг маданияти, урф-одатлари кенг тарқалган.

Ўзбек-қозоқ миллий маданият маркази биноси 1973 йилда қурилган эди. Дастлаб маданият марказида ўзбек-қозоқ  миллий чолғулари тўгараклари иши йўлга қўйилди. Кейинчалик “Куктем” номли қозоқ ҳаваскорлик театр студияси ташкил этилди.

—“Обод қишлоқ” дастури доирасидаги тадбирлар натижасида   маданият маскани  янгича қиёфа касб этди,—дейди марказ раҳбари Лапас Қаршиев. —Айни пайтда миллий маданиий марказимизда  “Гулдаста” фольклор ва халқ чолғулари ансамбли, “Рубоб”, “Рақс”, “Театр санъати” тўгараклари фаолият кўрсатаяпти. Изчил изланишлар натижасида марказ жамоаси  “Баҳор тароналари” республика кўрик танловининг вилоят босқичида фахрли ўрин соҳиби бўлди.

Бугун қаердаки “Обод қишлоқ” дастури ҳаётга татбиқ этилаётган бўлса, ўша жой гуллаб-яшнаётир. Уни кўрган кўзлар нафақат қувонаяпти, балки кўнгилларни шу юртдан фахрланиш, келажакка ишонч, тинчлик ва хотиржамлик ҳислари тўлдираяпти. Бу сўзларимизга заррача шубҳа қилсангиз, Мирзачўлга келинг, “Обод қишлоқ”, “Илғор ҳудуд”ни кўринг, завқланинг.

 Бекпўлат ТОҒАЕВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!