» » Жиззахга Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчиси ташриф буюрди

Жиззахга Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчиси ташриф буюрди

21 август 2019 г 1 930 Комментарии: 0

Жиззах вилоятига Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчиси Даниэл Розенблюм ҳамда Сиёсий ва иқтисодий маслаҳатчи Эрик Салзман ташриф буюришди.

Ташрифнинг биринчи кунида элчи жаноблари “Истиқболли авлод” маркази директори Назифа Камолова билан суҳбатда бўлди. Ўз ўрнида делегация вакиллари “Истиқболли авлод” нодавлат нотижорат ташкилоти қошида ташкил этилган реабилитация  ҳамда инглиз тилига ихтисослашган ўқув маркази фаолияти билан танишиб чиқишди. Элчи ўқув марказида таълим олувчи ўқувчилар билан суҳбатда бўлди ва   тил ўрганувчилар ўзларини қизиқтирган саволларига  жавоб олдилар.

Учрашувда Жаноб Розенблюм мамлакат бўйлаб юртимизнинг 6 та катта шаҳарларда элчихона маълумот марказларини очиш истаги борлигини айтиб ўтди.

Шундан сўнг, мартабали меҳмоннинг вилоят ҳокимлигида вилоят ҳокими Эргаш Салиев, вилояти ҳокими ўринбосари Азим Ахмедхаджаев, Президент администрацияси вакили А.Салихов ҳамда Истиқболли авлод маркази директори Н.Камаловалар билан учрашуви ўтказилди.

Учрашувда асосий муҳокама қишлоқ хўжалиги ва таълим соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳақида борди. Маълумки АҚШлик инвесторлар ҳамкорлигида Пахтакор туманида АҚШда олиб борилган илмий тадқиқотлар ҳамда замонавий технологияларни қўллаш асосида агрокластер ташкил этилган.

Шунингдек, пахта саноатининг бутун циклини ўз ичига олган инвестиция лойиҳасининг амалиётга тадбиқ этилаётгани ҳар иккала давлат учун манфаатли эканлиги таъкидланди.

Хусусан, биргаликда инглиз тилини ўқитиш дастурларини ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликни янги босқичларга олиб чиқиш керак эканлиги ҳақида сўз борди. Томонлар яқин келажакда ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар.

Ташрифнинг иккинчи кунида, делегация вакиллари Жиззах шаҳрида жойлашган Шароф Рашидов музейига ташриф буюришди. Музей билан яқиндан танишиб чиқишди ва элчи жаноблари ташрифдан мамнун эканликларини таъкидлаб ўтдилар.

Розенблюм жаноблари Жиззах Давлат Педагогика институти ректори А.Холбеков билан ҳам учрашди.

Учрашувда асосан инглиз тили ўқитувчиларининг малака ошириши, масофавий таълим соҳаларида биргаликда ишлаш ҳақида сўз борди. Шунингдек, Америка элчихонаси орқали тажриба алмашинувчи бўлиб келган Вивиана Марселъ хонимнинг қандай фойдали машғулотлар амалга оширганлиги тўғрисида бир оз тўхталиб ўтилди. Элчихона ва институт ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш икки томон учун ҳам манфаатли эканлиги эслатиб ўтилди.

Шунингдек, делегация вакиллари Пахтакор туманида жойлашган “Silverleafe” қўшма корхонасида бўлишди. Элчи жаноблари корхона раҳбари Дэн Паттерсон билан учрашди ва корхонанинг фаолияти ҳамда Америка-Хитойдан келтирилган техник ускуналар билан танишдилар.

Суҳбатда, вакиллар асосан АҚШ компанияларининг эътиборини тортиш ва ҳудуднинг инвестицион муҳитини янада ривожлантириш ҳақида суҳбатлашилди.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!