Филиалда тадбиркорларни кредит ҳамда хорижий молия институтларининг кредитлари билан таъминлаш ва бошқа хизматлар кўрсатишда қўшимча қулайликлар яратилди.
Ўз навбатида тадбиркорлар учун манфаатли шартлар асосида кредитлар ажратишда имкониятлар кенгайди.
Хусусан, иқтисодиётнинг устувор йўналишларида тизимли ўзгаришларни амалга оширишга қаратилган инвестицион лойиҳалар хорижий молия институтларининг кредитлари билан қўллаб-қувватланмоқда. Бу йўналишда ҳозиргача бир қанча йирик лойиҳалар учун кредитлар ажратилди.
Масалан, транспорт логистика хизмати билан шуғулланиб келаётган “Nurli toʻlqin servis” масъулияти чекланган жамияти ТИФ Миллий банк индустриал филиали кўмагида фаолиятини кенгайтирди. Корхонага банкнинг вилоят бўлими индустриал филиали орқали Европа тикланиш ва тараққиёт банки кредит линиясидан ажратилган маблағлар ҳисоби 714 минг АКШ доллари ўтказиб берилди. Корхона ушбу маблағ ҳисобига Хитойдан 25 дона замонавий махсус юк ташишга мўлжалланган автотранспорт воситалари олиб келди.
Фақатгина Жиззах вилояти эмас, республикамизнинг барча ҳудудларига юкларни етказиб бериш, қурилиш иншоотларига кўтарма кранлар, кучли юклагичлар хизмати кўрсатиш билан шуғулланиб келаётган ушбу корхона вилоят логистика тизимининг муҳим тармоғи ҳисобланади. Айни пайтда корхона фақат вилоят ичкарисида эмас, республикамизнинг барча ҳудудларига, жумладан, “Ташкент сити“ иншоотларига Жиззахдан цемент ва бошқа оғир юкларни узлуксиз етказиб бераётир.
Хорижнинг замонавий оғир юк кўтарувчи автомашиналаридан фойдаланаётган корхонада хизмат кўрсатиш ва транспорт ҳаракатлари йўналиши юқори технология асосида ташкил этилган. Корхонанинг барча юк машиналари ҳаракатланиши сунъий йўлдош навигатор тизими орқали кузатиб борилиши туфайли йўлда юклар белгиланган манзилга вақтида етиб бориши таъминланмоқда.
Йилнинг биринчи чорагида корхонада жами 70 нафар ишчи ишлаган бўлса, киритилган инвестицон кредит ҳисобига яна 15 та янги иш ўрни яратилди.
– Корхонамизда турли русумдаги оғир юк ташувчи самосваллар, цементавозлар, кучли юклагичлар, катта баландликдаги кўтарма кранлар мавжуд, – дейди корхона бўлим бошлиғи Икром Шоназаров. – Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан 3 йил муддатга 12 ой имтиёзли давр билан ажратилган инвестицон кредит фаолиятимизни янада ривожлантириш имкониятини яратди. Кредит ҳисобига хориждан янги оғир юк кўтарувчи автомашиналар сотиб олиб корхона автопарки қувватини яна оширдик. Корхона фаолиятини янада ривожлантириш учун ТИФ Миллий банк индустриал филиали билан ҳамкорликдаги ишларни давом эттиряпмиз.
Филиалда мижозлар хорижий молия институтлари томонидан таклиф этилган ўн беш турдаги кредит маблағларидан фойдаланиш имкониятига эга. Бу кредитлар эвазига вилоятга турли хил маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш учун инновацион технология ҳамда асбоб ускуналар олиб кирилмоқда.
Шунингдек, инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришда тадбиркорларга яқиндан ёрдам бериш билан бирга бошқа банк хизматларини кўрсатиш ҳам яхши йўлга қўйилган. Валюта айирбошлаш шохобчаси, банкомат ва инфокиоскалар узлуксиз фаолият кўрсатаётир. Жисмоний ва юридик шахсларга хизмат кўрсатувчи алоҳида бўлимлар мавжуд.
Ушбу банк муассасасининг очилиши вилоятда инвестицион муҳитни яхшилашда амалга оширилган муҳим ишлардан бири бўлди.
Банк ахборот хизмати
скачать dle 12.0